Туркия ва АҚШ Россияга қарши санкцияларга риоя қилиш схемаси бўйича келишиб олди
Янги схемага кўра, Вашингтон Россия билан алоқаси борликда гумон қилинган турк компанияларига қарши иккиламчи санкциялар жорий этишдан олдин Анқарани хабардор қилади.
Туркия ва АҚШ Россия билан ҳамкорлик қилувчи компанияларни қамраб оладиган иккиламчи санкцияларга риоя қилишнинг янги схемаси бўйича келишиб олди. Бу ҳақда 20 март, чоршанба куни Туркиянинг Hurriyet газетаси манбаларга таянмасдан хабар берди.
Янги келишувга кўра, Америка расмийлари Анқарани шубҳали компаниялар ҳақида хабардор қилади ва бу борада маълумот сўрайди. Агар Туркия тергов олиб бориб, натижаларини Қўшма Штатларга хабар қилса, «керак бўлса, чоралар кўрилади», деб ёзади газета.
Аввалроқ Вашингтон Анқарани хабардор қилмасдан ва тергов қилмасдан, Россия билан иш олиб боришда гумон қилинган турк ширкатларига қарши иккинчи даражали санкциялар киритган эди. Бу ҳолат, таъкидланганидек, «турли хил иқтисодий муаммоларни» келтириб чиқарди.
Туркиядаги банклар Россия билан ҳамкорликдан бош тортмоқда
Январ ойида турк банклари Россия банклари билан ишлашдан бутунлай воз кечаётган маълум бўлди. Вазият 2023 йил ёзида янада мураккаблашди ва АҚШ президенти Жо Байден 22 декабр куни Украинага қарши урушда Россияга ёрдам бераётган хорижий компанияларга қарши иккиламчи санкциялар тўғрисидаги фармонни эълон қилганидан кейин кескин ёмонлашди, деб ёзади «Коммерсант» газетаси. Натижада турк банклари Россиянинг деярли барча кредит ташкилотлари билан корреспондентлик алоқаларини узди ва уларнинг тўловларини расмийлаштиришни тўхтатди.
Байденнинг фармони туфайли Хитой давлат банклари ҳам Россиядан келган мижозлар билан ишлашни чеклай бошлади. Bloomberg маълумотларига кўра, Хитойнинг камида иккита банки Россиядаги бизнесини қайта кўриб чиқишга, санкция остидаги мижозлар билан алоқаларни узишга ва Россия ҳарбий саноатига ҳар қандай молиявий хизматлар кўрсатишни тўхтатишга қарор қилган.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024