Жаҳон | 13:00 / 21.03.2024
3820
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Украинага 4,5 млрд евролик транш ўтказди

Пул Европа Иттифоқининг Киевга 50 миллиард евро миқдоридаги йирик ёрдам пакетидан ажратилган. Макромолиявий ёрдам пакети Украинани тиклаш, реконструкция ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган. 

Фото: Virginia Mayo/AP/dpa/picture alliance

Европа комиссияси (ЕК) Украинани тиклаш, реконструкция ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 50 миллиардлик макромолиявий ёрдам пакетининг бир қисми сифатида жорий йилда Украинага 4,5 миллиард евро миқдоридаги биринчи траншни ўтказди, дейилади 20 март, чоршанба куни Европа комиссияси матбуот баёнотида.

Ҳужжатда таъкидланганидек, ушбу маблағлар Украинага иш ҳақи, пенсияларни тўлашни молиялаштиришга ёрдам беради ва Россияга қарши мудофаа урушида «мамлакат ғалабага эришишга эътибор қаратиши учун» асосий давлат хизматларини кўрсатишни таъминлайди. Пресс-релизда айтилишича, бугунги кунда Украина расмий режани тақдим этди, у кейинги тўрт йил давомида Киевга мунтазам тўловларни ўтказиш учун йўл очди. 

Фон дер Ляйен: «Украина учун яхши кун» 

ЕК раиси Урсула фон дер Ляйен Украина бош вазири Денис Шмихал билан учрашувдан сўнг шундай деди: «Бугун - Украина учун яхши кун. Комиссия ҳозиргина Украинага Ukraine Facility пакетидан 4,5 миллиард евролик биринчи траншни тўлади. Бу тўлов молиялаштириш кўринишида Украинага давлатни ушбу қийин пайтда ушлаб туришда ёрдам беришда муҳим рол ўйнайди». 

Шмихал Европа Иттифоқига ўз мамлакатига кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. «Россия ҳужумидан кейин икки йилдан ортиқ вақт мобайнида биз ЕИ ва ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлардан 88 миллиард евро олдик. Украина буни доимо ёдда тутади ва қадрлайди», деди у. 

Мавзуга оид