БМТ Хавфсизлик кенгашида - Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция
Резолюцияда Рафаҳнинг тинч аҳолиси тақдиридан хавотир билдирилган ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлиги ҳақида сўз боради.
БМТ Хавфсизлик кенгаши 22 март, жума куни АҚШ томонидан Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича киритилган резолюция лойиҳаси юзасидан овоз беришни ўтказади, деб хабар бермоқда dpa ахборот агентлиги дипломатик доиралардаги манбаларга таяниб. Резолюция лойиҳасида «тинч аҳолини ҳар томондан ҳимоя қилиш, муҳим гуманитар ёрдам кўрсатиш ва инсонлар азобини енгиллаштириш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлиги» таъкидланган. «Хавфсизлик кенгаши барча гаровга олинганларни озод қилиш билан бир қаторда, шундай оташкесимга эришиш бўйича олиб борилаётган халқаро саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди», - дея ҳужжат матнидан иқтибос келтиради dpa.
Ушбу резолюция қабул қилиниши Исроил давлатининг 2023 йил октябр ойида унга ҳужум қилган ҲАМАС ташкилотига қарши ҳарбий операцияси бошланганидан бери, БМТ Хавфсизлик кенгаши бу можарода доимий оташкесим тарафдори эканини билдирганидан бери биринчи марта содир бўлади.
Ғазо секторидаги уруш бўйича АҚШ курсининг ўзгариши
Қўшма Штатлар таклиф қилган ҳужжат Вашингтоннинг курси ўзгарганини билдиради. 2023 йил октябр ойидан бери Исроилнинг яқин иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашида ўт очишни тўхтатиш резолюцияларига уч марта вето қўйган. Бироқ, Ғазо секторида тинч аҳоли қурбонлари сони ортиб бораётгани ва очарчилик таҳдиди фонида у Исроилга босимни кучайтирмоқда, дея қайд этади dpa.
Ҳужжатда, жумладан, 2 миллиондан ортиқ фаластинликлар бошпана топган Рафаҳ шаҳрига Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) томонидан ҳужум уюштирилган тақдирда тинч аҳоли тақдиридан хавотир билдирилган. Резолюция муаллифлари, шунингдек, Яқин Шарқда икки давлат концепцияси устида ишлашни давом эттиришга чақирмоқда.
Таъкидланишича, БМТдаги россиялик дипломатлар Америка резолюциясини танқид қилган, чунки уларнинг фикрича, унда ўт очишни тўхтатишга аниқ чақириқ йўқ.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши томонидан резолюция қабул қилиниши учун Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари - АҚШ, Россия, Франция, Британия ва Хитой томонидан вето қўйилмаган тақдирда, унинг 15 аъзосидан камида тўққизтаси томонидан қўллаб-қувватланиши керак. БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан мажбурийдир.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 31 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:43 / 30.11.2024
“Синвар реанимацияда найча билан нафас оларди” — БМТда америкалик шифокор Ғазода кўрган даҳшатли манзаралари ҳақида кўзда ёш билан гапирди
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
19:17 / 11.11.2024