Жаҳон | 18:15 / 22.03.2024
13383
7 дақиқада ўқилади

«Ниманидир истисно этмаслик – буни қилишни англатмайди». Макроннинг ноаниқ баёнотлари занжири

Франция президенти ғарб давлатлари Украинага қўшин юбориши мумкинлигини айтганди. Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин эса Украинага жўнатиш учун контингент тайёрланаётгани ҳақида маълумот мавжудлигини билдирган.

Фото: Instagram / Soazig de la Moissonniere

Франция президенти Эммануэл Макрон 26 феврал куни Европанинг 20 мамлакати етакчилари Киевга ёрдам масаласини муҳокама этган Париж конференциясидан кейин журналистларга Европа мамлакатлари Украинага қўшин юбориши мумкинлигини айтганди. Макрон дарҳол бу вариант фақат фаразий жиҳатдан кўриб чиқилишини айтиб, ўз сўзларидаги кескинликни юмшатишга ҳаракат қилди — аммо барибир бу кўплаб нашрлар ҳамда россиялик пропагандачиларнинг фавқулодда ҳиссий реакциясини келтириб чиқарди, ОАВда Россия ва НАТО ўртасидаги эҳтимолий уруш жиддий муҳокама қилина бошланди. Кейинроқ Франция раҳбарияти вакиллари гап фақат украин ҳарбийларини жойида ўқитиш учун ҳарбий инструкторларни юбориш ҳақида кетганини айта бошлашди. Бу мунозаралар қандай ривожлангани — Париж, Москва ва Киевда янграган иқтибослар орқали кўриб чиқилади.

26 феврал, Эммануэл Макрон

Биз буни муҳокама этдик. Ҳозирча қўшин юбориш борасида консенсус йўқ. Аммо бу масалада келгусидаги ҳеч нарса истисно қилинмайди. Биз Россия бу урушда ғолиб бўла олмаслиги учун барча ишни қиламиз.

27 феврал, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков

Бу ҳолатда [қўшинлар юборилганда] [НАТО билан можаро] эҳтимоли ҳақида эмас, муқаррарлиги ҳақида гап кетиши керак.

Франция ТИВ раҳбари Стефан Сежурне

Биз Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича муайян эҳтиёжларни қондирадиган янги ҳаракатларни назарда тутишимиз керак. Мен жумладан миналардан тозалаш, кибертаҳдидлар, қуролларни жойида, Украина ҳудудида ишлаб чиқариш ҳақида гапиряпман. Ушбу ҳаракатларнинг айримлари можарода иштирок этиш чизиғини кесиб ўтмаган ҳолда Украина ҳудудида бўлишни талаб қилиши мумкин.

Франция мудофаа вазири Себастиен Лекорню

Гап Россия билан уруш олиб бориш учун қўшин юбориш ҳақида эмас. Стол атрофида турли ғоялар, жумладан миналардан тозалаш ва Полшада қилганимиздек, Украина ҳудудида ҳам [ҳарбийларни] ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.

29 феврал, Эммануэль Макрон

Бу мавзудаги ҳар бир гапим ўлчанган, ўйланган ва текширилган.

1 март, Франция ТИВ раҳбари Стефан Сежурне

Французлар Украина учун жон бермайди. Биз ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун қўшин юбормаймиз. Доира белгилаб олинган: Россия билан жанг қилмасдан, у ғалаба қозонишига тўсқинлик қилиш. Бу доирада, президент айтганидек, ҳеч нарса истисно қилинмайди.

3 март, Франция ТИВ раҳбари Стефан Сежурне

Россиянинг Украинадаги ғалабаси бизга жуда қимматга тушади. Бизнинг коллектив хавфсизлигимиз учун энди ялпи ички маҳсулотимизнинг 2 фоизи эмас, каттароқ маблағ талаб этила бошлайди

4 март, Эммануэл Макрон

Менга [27 феврал куни] берилган [Украинага] бўлинмаларни юбориш тўғрисидаги саволга жавоб бераётиб, мен ҳеч нарса истисно этилмаслигини айтгандим. Ҳар бир сўз муҳим. Ҳозир европаликлар ўз баёнотлари ва ҳозирги стратегияси қанчалик бир-бирига мослиги борасида ўзига савол бериши керак. <…> Биз Украинани, биринчи навбатда украин ҳудудларида қўллаб-қувватлаш учун қилиниши мумкин бўлган барча ишларни муҳокама қиламиз ва ўйлаб кўрамиз.

5 март, Франция ТИВ раҳбари Стефан Сежурне

Биз Россия билан жанг қилмасдан, Россияни енгишимиз керак. Биз можарода шериклик чегарасини кесиб ўтганимиз йўқ ва ўтмаймиз ҳам. <…> [Аммо] Франциянинг Россияга йўллайдиган номаси аниқ-тиниқ: Париж Киевга ёрдам кўрсатишда давом этади.

8 март, Эммануэл Макрон

Ниманидир истисно қилмаслик — уни қилишни англатмайди.

11 март, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг

НАТОда Украинага қўшин юбориш режаси йўқ, алянс ҳам, унинг иттифоқчилари ҳам можаро иштирокчилари саналмайди.

14 март, Эммануэл Макрон

Агар Россия урушда ғалаба қозонса Европанинг обрўси бир пул бўлади. Газ нархи ошиши, иқтисодиётимиздаги вазият, донли маҳсулотлар нархи ошиши ва бунинг ортидан келган иқтисодий ларзалар — буларнинг барчаси Россия бошлаган уруш туфайли.

16 март, Эммануэл Макрон

Эҳтимол, маълум паллада, мен эса буни истамайман ва ташаббус кўрсатмайман, Россия қўшинига қарши туриш учун, қандай бўлмасин, жойида амалиёт ўтказишга тўғри келади. Франциянинг кучи шундаки, биз буни қила оламиз.

19 март, Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин

[Франциянинг] ҳозирги раҳбарияти оддий французларнинг ўлими ва генералларнинг ташвиши билан қизиқмайди. Россия ташқи разведка хизматига тушган маълумотларга кўра, ҳозирданоқ Украинага жўнатиш учун контингент тайёрланмоқда. Дастлабки босқичда икки мингга яқин киши бўлади.

20 март, Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба

Макрон Украинага қўшин юбориш ҳақида гапира бошлаганида, Европа етакчиларини ваҳима қамраб олди. Макрон шунчаки украиналик аскарларни ҳозир бўлаётганидек чегаралардан ташқарида эмас, балки тўғридан тўғри Украинада тайёрлаш имконияти борлигини назарда тутган эди. Тамом вассалом.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков

Франция президенти жаноб Макрон сўнгги ҳафталардаги тезисларида шундай контингент юборилиши эҳтимоли ҳақида анча изчил гапирди. Ва таржимадаги қандайдир икки маъноли ҳақида гап кетаётгани даргумон. Бу Европанинг турли пойтахтларида турлича қабул қилинмоқда.

21 март, Украина бош вазири Денис Шмигал

Биз қўшин сўрамадик. Бизнинг ўз қуролли кучларимиз ва мудофаа кучларимиз бор, қўшинимиз етарлича. <…> Биз европалик ҳамкорларимизга бу жараённи[ўқитишни] тезлаштириш учун инструкторларини Украина ҳудудига юборишни сўраганмиз, чунки бу логистика ва коммуникацияни осонлаштирган бўларди. Европанинг бирор давлати аскарларини жанг майдонига юборишга рози эмас, чунки бу улар урушга киришини англатади ва барчамизга мутлақо равшанки, айни вақтда бу имконсиз.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков

Нима бўлганда ҳам, биз олдин бир неча бор айтганимиздек, хорижий ҳарбий контингентлар Украинага юборилиши ҳаддан ташқари салбий, тузатиб бўлмас оқибатларга эга ҳаракат бўлади.

Мавзуга оид