ФХХ террорчиларнинг Украина билан “алоқалари бўлгани”ни билдирди
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари “Крокус сити ҳолл”даги теракт иши бўйича 11 нафар гумонланувчини ҳибсга олди. Улар орасидан терактни содир этганликда гумонланаётган 4 нафар шахс Брянск областида бир неча соат фарқ билан қўлга олинган. Улар Москвага олиб келинмоқда, дея ахборот берди Россия Федерал хавфсизлик хизмати.
Идоранинг маълум қилишича, жиноятчилар терактдан кейин Россия–Украина чегарасига қараб ҳаракатланган, улар “Украина томонида тегишли алоқаларга эга бўлган”.
RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг сўзларига кўра, гумондорлар Украина чегарасига 100 км қолганда қўлга олинган. У жиноятчиларни улар мамлакатни тарк этишидан олдин қўлга олгани учун махсус хизматларга ташаккур билдирган. Аввалроқ Украина томони бу терактга алоқадорлигини рад этганди.
Давлат думаси депутати Александр Хинштейннинг маълум қилишича, гумондорлар фойдаланган “Рено” автомобили тунда Брянск областининг Карачевски туманида, Хацун қишлоғи атрофида топилган. Машина орган ходимларининг буйруғига қарамай тўхтамасдан ҳаракатланишда давом этиб, яширинишга уринган. Таъқиб давомида отишма рўй берган, “Рено” ағдарилиб кетган. Жиноятчилардан бири шу жойда қўлга олинган, бошқалари ўрмонга яширинган, кейинчалик иккинчи гумондор ушланган. Депутат бу маълумотларни эълон қилганидан кўп ўтмай Тергов қўмитаси ва ФХХ жами 11 киши ушланганини маълум қилди.
ТАСС ахборот агентлиги Россия махсус хизматларига таяниб берган хабарга кўра, АҚШ томони теракт рўй бериши хавфи ҳақида аввалроқ Россия томонини огоҳлантирган. Бироқ, нашр манбасига кўра, бу маълумот умумий характерда бўлиб, унда аниқ тафсилотлар бўлмаган.
АҚШ ва яна 6 та ғарб давлатлари Россияда теракт содир этилиши мумкинлиги ҳақида РФ ҳудудида бўлиб турган ўз фуқароларини икки ҳафта олдин огоҳлантирган, бу ҳақдаги баёнотларда хунрезлик яқин икки кунда рўй бериши мумкинлиги айтилганди.
Мавзуга оид
22:00 / 13.04.2024
Терактлар: узоқ муддатли оқибатлар қандай бўлади?
16:23 / 30.03.2024
Нега терроризм сиёсатнинг инструменти бўлиб қолди?
21:50 / 28.03.2024
Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди?
22:19 / 27.03.2024