Версиялар, огоҳлантиришлар ва гувоҳларнинг ҳикоялари. «Крокус»га ҳужум оқибатлари ҳақида ҳозиргача нималар маълум?
Россиялик пропагандачилар ва ҳарбий мухбирлар «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужумда «украинлар изи»ни қидирди. Путин ва ФХХнинг баёнотларида ҳам Украина тилга олинган. Украина терактга алоқадорлигини қатъиян рад этган.
Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл»га қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотларга кўра 130 кишидан ошган, қурбонлар орасида болалар ҳам бор. «112» телеграм-канали эса манбага асосланган ҳолда 150 қурбон ҳақида ёзган.
Аввалроқ Москва области губернатори Андрей Воробев қурбонлар сони ошиши ҳақида айтганди.
Айни вақтда фавқулодда хизматлар томошабинлар залида харобаларни тозалашда давом этмоқда. Губернаторнинг сўзларига кўра, қутқарувчилар залга эрталабки соат 6.30 да киришга муваффақ бўлган, у бу ердаги вазиятни «ўта оғир» деб атаган.
Том биноси тундаги ҳужумдан кейин бошланган ёнғин оқибатида қулаб тушган.
24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди.
Номаълум шахслар 22 март куни Москва вақти билан соат 20:00 атрофида Москва областида «Пикник» гуруҳининг концерти ўтказилиши режалаштирилган «Крокус Сити Ҳолл»да одамларга ўт очди.
ФХХ ҳужум қилганлар тўрт нафар бўлганини маълум қилган. Улар асосий кириш жойи орқали ўтишган ва фойедаги одамларни ўққа тута бошлаган, кейин эса томошабинлар залига киришган. Ҳужум вақтида ёнғин бошланиб, катта ҳудудни қамраб олган.
Кремл матбуот хизмати хабарига кўра, Россия ФХХ директори Александр Бортников президент Путинга ушбу ҳодисага алоқадор бўлган 11 киши, жумладан ҳужумда қатнашган тўрт террорчи қўлга олингани ҳақида ҳисобот берган.
ФХХ маълумотига кўра, ушбу шахслар Брянск областида ушланган. Улар «бир неча соат фарқи билан қўлга олинган», — дея идора баёнотидан иқтибос келтирган РИА Новости.
Интернетда қўлга олиш жараёни видеоёзувлари тарқалган. Сўроқ қилинганлардан бири видеода номаълум шахслар орқали телеграмда ёллангани ва ҳужум учун унга ярим миллион рубл атрофида маблағ ваъда қилинганини айтади.
Версиялар
Ҳодисага Украина алоқадорлиги тўғрисидаги илк тахминлар 22 март куниёқ пайдо бўлганди. «Коммерсант»нинг бир қанча манбалари ҳужум қилганлар «Россия кўнгиллилар корпуси» аъзолари бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.
Украина разведкаси, мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ва президент офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк украин кучларининг «Крокус Сити Ҳолл»га алоқадорлигини дарҳол рад этишди. Аммо кейинги куни ҳам кўплаб россиялик ҳарбий блогерлар ва бошқа таниқли шахслар рус нашрлари орқали Украина томонини терактга алоқадорликда айблашда давом этди.
РФ президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси, ҳарбий мухбир Александр Коцнинг постларидан бирига «Террорчилик ҳужуми ортида Украина турганининг асосий белгилари» сарлавҳаси қўйилган. Унинг сўзларига кўра, терактдан кейин «интернет-ҳамжамияти бу қонли жиноятни Украинага бу қадар тезлик билан боғлаганидан бироз ҳайратда қолган». Аммо ҳужум қилганлар, деб ёзади Коц, «классик террорчилар» каби эмас, балки кўпроқ ёлланма қотилларга ўхшаб ҳаракатланган. Коц Киевдагилар «„ўзини ўзи отиш“ жанрида янги рекорд ўрнатгач», унда «сўнгги шубҳалар» ҳам барҳам топганини айтган. «Теракт ортида украин махсус хизматлари турибди. Ва уларнинг ортида турганлар», — дея хулоса қилади у.
Ярим миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган «Старше Эдди» ҳарбий телеграм-канали муаллифи терактни Россия қўшини ҳаракатларига «жавоб беришга уриниш» деб атайди. «Биз душман армияси ва инфратузилмасини яксон этдик, улар бунга жавобан тинч шаҳарларга ҳужум қилиб, тинч одамларни ўлдирмоқда», — дея ёзади у.
Москва шаҳар думаси вице-спикери ҳамда ВГТРК корреспонденти Андрей Медведев «Украина бош разведка бошқармасига ҳомийлик қилувчи» Британиянинг МИ-6 разведка хизмати ва Украина бош разведка бошқармасининг ўзи «Москвадаги даҳшатли терактни ижро этишда нима учун айнан мигрантларни танлагани»ни муҳокама қилади. Унинг версиясига кўра, украин махсус хизматлари «ўн беш йиллардан буён исломий радикаллар билан кенг ҳамкорлик қилиб келади».
RT бош муҳаррири Маргарита Симонян «аҳмоқ дунё ҳамжамияти [теракт ортида] ИШИД турганига ишониши учун» теракт ижрочилари шундай танлаб олинганини айтган. «Демак, шундай. Бу ҳеч қанақа ИШИД эмас. Бу хохоллар», — дея ёзган Симонян.
Расмийлардан эса сенатор Виктор Бондарев «Крокус Сити Ҳолл»даги ҳодисани «Украина томонидан теракт ва диверсия» деб баҳолаган. Думанинг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов терактдан «асосий манфаатдор» томон «Украина ва унинг ҳомийлари» эканини билдирган.
Россия ТИВ ўз баёнотида тўғридан тўғри Украинани айбламаган, аммо «Киев режими» сўнгги йилларда «Россия фуқароларига қарши фаол ва тизимли террорчилик фаолияти олиб бораётгани» ҳақида ёзган. ТИВ турар жой кварталлари ўққа тутилиши, фуқаролик инфратузилмаларига ҳужумлар ҳамда Россияда жамоат арбоблари ва журналистларга суиқасдларни эслатиб ўтган.
ТИВ расмий вакили Мария Захарова террорчилар гўёки Украинада яширинишга уринганини айтган. Захарова Украина «ғарбдаги либерал режимлар қўли билан ўн йил ичида Европадаги терроризм тарқалиш марказига айланиб, экстремистик заҳарланишда ҳатто Косовони ортда қолдиргани»ни таъкидлаган.
Террорчилар қаерга кетишган?
Baza телеграм-канали маълумотига кўра, террорчилар яширинишга уринган автомобил Брянск областида, Беларус билан чегарадан бир неча километр масофадаги Теплий посёлкасида тўхтатилган. Беларуснинг Россиядаги элчиси беларус махсус хизматлари «террорчилар умумий чегара орқали чиқиб кетишига йўл қўймасликка ёрдам бергани»ни маълум қилди.
Аммо кейинроқ Давлат думаси депутати Александр Хинштейн машина Брянск областининг Карачевский районида, Украина томонга олиб борувчи трасса бўйида жойлашган Хацун қишлоғида тўхтатилганини маълум қилди, аммо бу ҳудуддан Украина чегарасигача бўлган масофа Теплийдан Беларус чегарасигача бўлган масофадан анча каттароқ.
Россия ФХХ автомобил Брянск областида тўхтатилгани, террорчилар эса Россия-Украина чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлгани ҳақида маълум қилган, аммо муайян аҳоли яшаш пункти номи келтирилмаган. «Медуза» террорчилардан бири қўлга олинган видео геолокацияси орқали у қўлга олинган Хацун қишлоғи Украина билан чегарадан тахминан 140 масофада жойлашганини аниқлаган.
ФХХ «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужум қилганлар РФ ва Украина чегарасини кесиб ўтишни ният қилгани ва улар гўёки Украинада «тегишли контактлар»га эга бўлгани ҳақида маълум қилди. Аммо интернетда тарқалган видеоёзувлардаги қўлга олинганлар бу ҳақда гапирмайди.
Бундан ташқари, Россия махсус хизматлари баёнотида Украинадаги қандайдир шахс ҳужумни ташкиллаштиришда иштирок этгани тўғрисида бевосита айблов йўқ.
Ҳодисадан 19 соат ўтиб россияликларга мурожаат қилган Владимир Путин ҳам терактнинг барча тўрт ижрочиси Украина ҳудудида яширинишга ҳаракат қилгани ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, «улар учун Украина томонида чегарадан ўтиш учун туйнук тайёрланган». Ўз навбатида, Путиннинг мурожаатида ҳам Украина ҳукумати ҳужумга алоқадорликда тўғридан тўғри айбланмаган.
Украина разведка бошқармаси терактдан кейинги куни ҳам украин махсус хизматларининг «Крокус»га ҳужумга алоқадорлигини яна бир бор рад этиб чиқди. Украина разведкаси спикери Андрей Юсов Путиннинг Украина томонидаги «туйнук» ҳақидаги версияси «танқидга дош бермаслиги»ни айтади. «Икки йилдан ортиқ вақт давомида кенг кўламли уруш кетмоқда, чегара ҳудудлар душман қўшинлари, махсус агентлар, махсус хизматлар ходимлари ва бошқа кучишлатар тузилмалар вакиллари билан тўлдирилган», — деган Юсов.
Михайло Подоляк Украина президенти офиси «россиялик мулозимлардан „украин изи“» ҳақидаги версиялар бўлишини кутгани, аммо Украинани терактга «боғлашга» бўлган ҳар қандай уриниш «мутлақо амалга ошмаслиги» ва мамлакат бунга «заррача алоқадор эмаслиги»ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина фақат Россия армиясига қарши жанг қилмоқда. «Бу урушда барчаси жанг майдонида ҳал қилинади», — дея ёзган у твиттерида. Володимир Зеленский «Крокус Сити Ҳолл»даги терактга ҳам, Путиннинг баёнотига ҳам муносабат билдирмади.
Бу вақтда ИШИД террорчилик ташкилоти теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Аммо гуруҳ вакиллари бу ҳужум қайси филиали томонидан амалга оширилганига аниқлик киритмади.
BBC’нинг экстремистик гуруҳлар бўйича эксперти Мина Ал-Ламий март ойида ИШИД «Кавказ вилояти» аъзоси бўлган шахс ИШИДга қасамёд қилгани акс этган видеони тарқатганига эътибор қаратган.
АҚШ ҳам қўллаётган бошқа версияга кўра эса ҳужум ортида ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими ҳисобланган «Хуросон вилояти» турган бўлиши мумкин.
Кузда ФХХ директори Александр Бортников гуруҳ «ўз салоҳиятини ошираётгани ва бу вақти келиб Афғонистондан ташқарида терактлар содир этишга ўтиш имконини бериши»ни айтганди.
«Сўнгги икки йилда ИШИД-Хуросон Россияга эътибор қаратди. Улар тез-тез Владимир Путинни танқид қилмоқда, — деган NYT нашрининг терроризм билан кураш бўйича таҳлилчиси Колин Кларк. — ИШИД Кремлни Москванинг Афғонистон, Чеченистон ва Суриядаги ишларга аралашувини назарда тутган ҳолда мусулмонларни ўлдиришда айблайди».
Огоҳлантиришлар
АҚШ теракт тайёрланаётгани тўғрисидаги маълумотларни Россия томонига етказган, бу ҳақда ТАСС Россия махсус хизматларидаги манбасига таяниб хабар тарқатган.
Аммо, агентлик манбаси таъкидлашича, Вашингтон берган маълумот умумий характерга эга бўлган ва унда аниқлик йўқ эди.
Аввалроқ АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Вашингтон тайёрланаётган ҳужум тўғрисидаги маълумотларни Москвага етказганини айтганди.
Икки ҳафта олдин АҚШ ва Британия ўз фуқароларини Москвадаги оммавий тадбирлар вақтидаги ҳужумлар хавфи ҳақида очиқчасига огоҳлантирганди.
Ўшанда Россия президенти Владимир Путин хавф тўғрисидаги огоҳлантиришни «жамоатчиликни саросимага солиш ва қўрқитиш» мақсадидаги «очиқчасига шантаж» деб атаганди.
Путиннинг мурожаати
Ҳужум жума куни кечқурун содир этилди. Бир ҳафта олдин навбатдаги муддатга сайланган Россия президенти Владимир Путин эса шанба куни маҳаллий вақт билан соат 15:30 мурожаат қилди.
Шу билан бирга, унинг матбуот котиби Дмитрий Песков жума куни кечқурун давлат раҳбарига ҳодиса тўғрисида «илк дақиқалардаёқ ҳисобот берилгани» ва Путин барча оператив маълумотларни олиб турганини айтганди.
Путин ўз чиқишида ҳужум ташкилотчилари топилиши ва «улар ким бўлмасин ва уларни ким юборган бўлмасин» барчаси жазога тортилишига ваъда берди.
У Россия бошқа давлатлар ёрдамига таянишини қўшимча қилди.
Гувоҳларнинг ҳикоялари
Ижтимоий тармоқларда ва ОАВда ҳужум гувоҳларининг кўплаб гувоҳликлари пайдо бўлган.
Мобил телефонлар орқали олинган видеоёзувларда жигарранг либос кийган ва рюкзак кўтарган шахслар мижозларни ўққа тутаётгани акс этган. Улар шошмасдан, барча нуқталарни қараб чиққан ҳолда ҳаракатланади. Залда олинган бошқа роликларда жонини қутқариш учун қочишга тушган одамлар акс этган.
Москвада яшовчи Екатерина (исми илтимосига кўра ўзгартирилган) концертга 11 ёшли қизи, синглиси ва ёш болали дугонаси билан келган. Ҳужум бошланганида улар залга кириш жойида туриб, кафеда музқаймоқ сотиб олишган.
Унинг айтишича, аввалига «қандайдир оғир нарса қулагани»ни эслатувчи қаттиқ овозни эшитган, кейин эса унга қарши чопаётган оломонни кўрган.
«Биз пештахта олдида турганди, шундай қичқириқ эшитилди: „Полга ётинглар“, — дея ҳикоя қилади у. — Биз болаларни қучоқлаб, ётдик ҳамда стол ва стуллардан баррикада қура бошладик, биз томонга бир неча ярадор яқинлашиб келди». Екатеринанинг айтишича, унинг гуруҳи столни ағдарган ва полга ётган.
«Жим ётдик ва отишмани эшитдик», — дейди у. Уларнинг ёнидаги эркак бир аёлнинг жароҳатини боғлаган. Кейин ҳужум қилганлар ёки залга киришган ёки бошқа томонга кетишган. Екатерина ва унинг йўлдошлари қочишга тушган, уларни кўчага олиб чиқишган.
Отишма бошланганида фотограф Дейв Примов ҳам залда бўлган. «Улар ёки жигарранг кийимда, ёки жигарранг нимчаларда эди, — дея тасвирлайди у. — Йиғилиб турган одамлар автоматдан ўққа тутилди ва улар залга кириш жойидан партер бўйлаб саҳна томон ҳаракатланиб, одамларни зал ўртасига ҳайдашди. Мен одамларга бораётган олов чизиғини кўрдим».
«Барча [полга] ёта бошлади, биз йўлакда олдинга ҳаракатланиш учун оломонни йўналтира бошладик. Шу билан бирга, исталган эшикдан автомат кўтариб киришлари мумкинлигини тушуниб турардик ва юқорига қараб кетувчи энг яқин чиқиш йўли томон интилдик. Аста-секинлик билан, эмаклаб, ўрмалаб, олдинга юрдик ва [залдан] чиқиб олдик. Ва [„Крокус Сити Ҳолл“ни] тарк этишга киришдик», — дея ҳикоя қилади фотограф.
«Биз бу отишма эканини тушунмагандик — мен бу қандайдир мушакбозлик деб ўйлагандим. Қандайдир узун залп, балки, қандайдир пақилдоқ? Мен залга бир ўгирилиб қарадим, иккинчи бор қарадим. Ва учинчи сафар тушундимки, бутун зал турли томонга қочиб кетмоқда», — дея хтоирлайди концертга дугонаси билан ташриф буюрган Софико Квирикашвили.
Ғарбнинг ҳамдардлиги
Ҳужумдан кейин кўплаб давлатлар раҳбарлари ёки бошқа расмий вакиллари россияликларга ҳамдардлик билдирди.
Британия ТИВ раҳбари Дэвид Кэмерон Буюк Британия «Москва яқинидаги „Крокус Сити Ҳолл“да рўй берган ҳалокатли террорчилик ҳужумини энг қатъий шаклда қоралаши»ни айтган. У қурбонларнинг оила аъзоларига чуқур ва чин қалбдан ҳамдардлик изҳор этган.
АҚШнинг Москвадаги элчихонаси жума куни «бугунги террорчилик ҳужуми натижасида қурбон бўлган ва жароҳатланганлар учун» Россия халқига ҳамдардлик билдирди.
Шунингдек, Франция, Германия, Португалия, Миср, БАА ташқи ишлар вазирликларидан ҳамдардлик номалари келган. Туркия ТИВ раҳбари телефон орқали Лавровга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғандан ҳамдардлик сўзларини етказган.
«Европа Иттифоқи тинч аҳолига ҳар қандай ҳужумни қоралайди. Бизнинг хаёлларимиз — Россиянинг [ушбу терактдан] жабрланган фуқаролари билан», — деган ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг матбуот котиби Петер Стано.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам ИШИД томонидан «Крокус Сити Ҳолл»да тинч аҳолига қарши содир этилган терактни қоралашини айтган.
«Менинг хаёлларим ушбу фожиа вақтида ҳалок бўлганлар ва уларнинг оилалари билан», — дейилади Еврокомиссия раҳбарининг твиттердаги хабарида.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024