Жаҳон | 13:19 / 25.03.2024
5724
3 дақиқада ўқилади

Бербок инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога кириб боришини кенгайтиришга чақирди

Анналена Бербок Исроилнинг ҲАМАСга қарши урушига тинч йўл билан ечим топишни тарғиб қилиш учун Яқин Шарққа навбатдаги сафар билан жўнаб кетди.

Фото: Carlos Garcia Rawlins/REUTERS

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Исроилни ҲАМАС ташкилотига қарши Исроил Мудофаа кучлари ҳарбий амалиётини давом эттираётган Ғазо секторига гуманитар ёрдам юк машиналарининг киришини кенгайтиришга чақирди. «Ғазо сектори билан чегарадаги тўсиқлар олдида юк машиналарида турган ҳар бир инсонпарварлик ёрдами керак бўлганидан бир қути кўп», деди вазир 24 март, якшанба куни Яқин Шарқ минтақасига йўл олар экан.

Бербокнинг таъкидлашича, гуманитар ёрдамни ҳаводан тушириш ёки денгиз йўлаклари орқали жўнатиш «тўғри ечим эмас». Бироқ, у фақат гуманитар асосда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва ундан кейин доимий ўт очишни тўхтатиш «тинчлик умидларини сақлаб қолиши ва ҳар икки томоннинг азоб-уқубатларига чек қўйиши мумкин» деган фикрни билдирди. 

«ҲАМАС қуролини ташлаб, Исроил халқини бошқа ҳеч қачон террорга дучор қилмаслиги керак. Лекин бу мақсадга фақат ҳарбий йўл билан эришиб бўлмайди», - дея таъкидлади Германия ташқи ишлар вазири. 

2023 йил 7 октябрдан бери еттинчи марта Миср, Исроил ва Фаластин ҳудудларига ташрифни ўз ичига олган Яқин Шарққа жорий сафари мақсадларини изоҳлар экан, Бербок бор эътиборини «эҳтимолий сиёсий уфқ ҳақидаги мунозара»га қаратиш ниятида эканлигини таъкидлади. «Фақатгина можарони икки давлат асосида ҳал қилиш ва Фаластин миллий маъмуриятини ислоҳ қилиш демократик Фаластин давлати сари биринчи қадам сифатида одамларга қадр-қиммат ва хавфсизлик ҳаётини бериши мумкин», деди немис вазири. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 31 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид