Хитойда 9 йилдан бери илк марта оила қуриш кўрсаткичи ошди
Мамлакатда аҳолининг камайиши юз бераётгани сабаб ҳукумат оила қуришга рағбатлантириш сиёсатини юритмоқда. Кўпроқ оила кўпроқ туғилишга олиб келиши умид қилиняпти.
2023 йилда Хитойда турмуш қурган жуфтликлар сони 7,68 млнни ташкил қилди. Бу бир йил аввалгига қараганда 12,4 фоизга кўп. Фуқаролик ишлари вазирлигига кўра, 2023 йилда бир йил аввалгига қараганда 845 минг кўп никоҳ қайд этилган. Никоҳ сони бўйича рекорд 2013 йилга тегишли, бу йилда 13,47 млн никоҳ қайд этилганди.
Шунча йилдан кейин никоҳ сони ошиши ҳукуматнинг рекорд даражадаги кам туғилиш сабаб турмуш қуришни тарғиб қилиши билан ҳам боғлиқ.
Хитойда туғилиш кўрсаткичи кетма-кет пасайиб бормоқда. Бу жараён мамлакатда аҳоли сони ошиб кетгани сабаб бир болалилик сиёсатига ўтилган 1980 йиллардан бери давом этяпти.
Шу ойнинг бошида мамлакат бош вазири Ли Цян ҳукумат туғилишни рағбатлантирадиган жамият ва аҳолининг узоқ муддатли, мувозанатли ривожланиши устида ишлашини маълум қилди.
Шунингдек, мамлакатда туғилишни рағбатлантириш учун туғилиш, ота-оналик ва таълим харажатларини қисқартириш, ота-оналик таътили сиёсатини такомиллаштиришга ҳам ваъда берилди.
Мамлакат аҳолиси 2023 йилда иккинчи марта камайди, туғилиш рекорд даражада кам бўлиб, ўлимлар сони туғилишдан кўпроқ бўлди.
Иқтисодий пасайиш даврида кўпчилик ёлғиз қолишни афзал кўрган. Шунингдек, ажралишлар сони ҳам ошган. 2023 йилнинг ўзида жами 2,59 млн жуфтлик баҳссиз ажралиш учун рўйхатдан ўтган (бунда эр-хотиннинг иккаласи ҳам эътироз билдирмайди).
Шунингдек, сиёсатчилар аҳолининг тез қариб бориши билан курашишига ҳам тўғри келяпти. Прогнозга кўра, яқин 10 йил ичида 300 млн хитойлик нафақага чиқади.
Никоҳ туғилиш билан боғлиқлиги сабаб бу вазиятда оилаларнинг кўпайиши туғилиш ўсишига сабаб бўлишидан умид қилиняпти.
2015 йилда Хитойда бир фарзандлилик сиёсати бекор қилинган. Одамларни оила қуришга ундаш учун субсидия ва бошқа имтиёзлар ҳам амалга киритилди. 2021 йилдан эса 3 нафаргача фарзанд кўришга рухсат берилган.
Мавзуга оид
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
17:55 / 10.11.2024
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18 / 10.11.2024
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
08:08 / 09.11.2024