АҚШ Исроилнинг Рафаҳга киришига қарши, лекин бу дўстона огоҳлантириш холос — экспертлар
Энтони Блинкен ўтган ҳафта яна Яқин Шарққа борди, бирор нарса ўзгариши мумкинми? АҚШнинг Ғазода оташкесим ҳақидаги резолюциясига Россия, Хитой ва Жазоир нега қарши чиқди? Салкам ярим йилдан бери давом этаётган урушнинг охири нега кўринмаяпти? “Геосиёсат”нинг навбатдаги сони меҳмонлари шу каби саволларга жавоб беришди.
Исроилнинг Ғазога босқини бошланганидан буён Қўшма штатлар давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа 6-сафарини уюштирди. БМТ Хавфсизлик кенгашига АҚШ томонидан киритилган, Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйди. “Геосиёсат” Яқин Шарқ билан боғлиқ ўтган ҳафтадаги муҳим воқеликларни сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов билан таҳлил қилди.
Маълумот учун, ушбу суҳбат ёзиб олинганидан бир неча соат ўтиб БМТ Хавфсизлик кенгашида Ғазода оташкесим ўрнатиш кераклиги ҳақидаги резолюяция қабул қилинди. Ҳужжатни кенгашнинг 15 аъзосидан 14 аъзоси ёқлади, АҚШ овоз бермади ва вето ҳам қўлламади.
— АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Саудия Арабистони ва Мисрдаги учрашуви чоғида қайси масалалар муҳокама қилинди?
Шавкат Икромов: — Блинкен Саудия ва Мисрга урушда кескин бурилиш ясаши мумкин бўлган таклифлар билан келгани йўқ. Бу гал ҳам одатдаги масалалар кўтарилган. Яъни Ғазода ҳуманитар инқирознинг олдини олиш, ўт очишни тўхтатиш, урушдан кейин Ғазони қайта тиклаш, мустақил Фаластин давлати масалалари.
Саудия томони мустақил Фаластин давлати ташкил топмаса, Ғазода Исроил ҳарбийлари қолса, ҳеч қандай музокаралар тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас, деди. Мисрда ҳам ҳуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича фикрлар алмашилди. Қоҳирада араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда Блинкен 3 та масалани илгари сурди: урушни тўхтатиб, Исроил бу ерни қайта эгаллашига йўл қўймаслик; ҲАМАС ҳокимияти ўрнатилишига йўл қўймаслик; ҳудуд террор платформаси бўлиб қолишининг олдини олиш масалалари.
Араб давлатлари АҚШ ҳуманитар инқирознинг олдини олиш учун нима қилади, деган саволни қўйди. Блинкен аниқ бир жавоб бермади бу масалада. Исроилнинг Рафаҳга бўладиган ҳужумларининг олдини олиш бўйича ҳам гапирмади, аксинча Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини эътироф этди.
Камолиддин Раббимов: — Билишимча, Блинкен дастлаб Саудияда, кейин Миср ва бошқа давлатлар томонлари билан гаплашган. Саудияда 2 та асосий масала муҳокама қилинган. Биринчиси, 7 октябргача бўлган Саудия ва Исроилни яраштириш ишларини яна қайта кўтарган. Блинкен бу учрашувлардан кейин тенденция ижобий томонга кетаётганини айтган. Иккинчиси, уруш тугагач, Фаластин ҳудудларини ким, қандай назорат қилиш керак, деган масала кўтарилган. АҚШ дипломатияси бирор мақсадни олдига қўйса, унга босқичма-босқич сабр билан ҳаракат қилади. Бир томондан Исроилни ҳимоя қилади, у ёки бу ҳаракатларини қораласа-да, лекин Исроилга нисбатан бўладиган ҳар қандай босим ва ҳужумларнинг олдини олади, бу – АҚШнинг Исроилни ҳимоя қилиш усули, бир неча ўн йиллардан бери маълум ва шу нарса бугунги кунда ҳам давом этяпти.
— Нетаняҳу Исроил Рафаҳда ҳарбий операция ўтказиш режаларидан воз кечмаслигини ва уни АҚШ кўмагисиз ҳам бошлашга тайёрлигини айтди. Бу нимани англатади?
Шавкат Икромов: — Нетаняҳу бизга АҚШ ёрдами керак, лекин у ёрдам бермаса ҳам, барибир Рафаҳга ҳужум қиламиз, деди. Шу нуқтада Исроил ва ҲАМАСнинг урушдаги позицияларини эслаб ўтиш керак. Исроил аллақачон стратегик мағлубиятга учраган, лекин тактик ғалабаларга эришяпти, урушдаги мақсади ҳам шу, стратегик ғалаба қилолмаслигини яхши билади. Стратегик ғалаба қозониш бу – ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш, лекин АҚШ ҳам таъкидлаяпти, Исроилнинг ўзиям яхши билади: ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилолмайди Ғазода, яқин 10 йилликда бунинг иложи йўқ.
ҲАМАСнинг туннеллар тизими орқали, шаҳар ичида уришиш стратегиясида иложи борича кўпроқ туриб бериш кўзда тутилади, ғалаба қилолмаслигини яхши билишади. ҲАМАС аллақачон тактик мағлубиятга учраган, стратегик ғалабага ҳаракат қиляпти. Афсуски, бу вақт чўзилишида тинч аҳоли қурбон бўлаётгани, инфратузилма йўқ бўлаётгани, ҳуманитар инқироз ҲАМАС етакчилари учун у қадар аҳамиятли эмас. 6 ҳафталик сулҳ муҳокамаларида ҳам ҲАМАС томони муборак Рамазон ойида шаҳидлар беришга тайёрмиз, деганди. Исроил қанчалик тинч аҳолини ўлдирса, уруш қоидаларига зид ҳаракат қилса, Рафаҳга кириб борса, бу ҲАМАСнинг мақсадларига тўғри келади. Буни ким қандай тушунади, билмадим, лекин бор нарса бу.
Исроил Ғазо шимолидан кириб, Рафаҳгача етиб келди, лекин ҲАМАС бирор жойда тўхтатиб қололгани йўқ, Исроил армияси қудратли, ортида кучли давлатлар турибди. АҚШ Рафаҳга кирманглар, деган огоҳлантириш беряпти, лекин амалда бирор бир чора кўрилиши ҳақида гап йўқ. АҚШнинг Яқин шарқдаги 4 та таянч нуқтаси бўлса, биринчиси Исроил, кейин Саудия, Миср, Туркия давлатлари. Воқелик Исроил фойдасига ҳал бўлиши АҚШ учун муҳим. Нетаняҳу биладики, уни АҚШ қўлламаса ҳам, душмани у қадар қудратли эмас, уруша олади.
— Исроил Рафаҳга кирса, АҚШ Исроилга сиёсий ва ҳарбий ёрдам бермай қўйиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: —Йўқ, бунинг эҳтимоли кам. АҚШ Исроилни қўлламаса, Исроил жуда мураккаб аҳволга тушиб қолади. Чунки бу ерда бир қанча қудратли мусулмон давлатлари бор, агар АҚШ қўллови тўхтаса, у узоқ яшай олмайди. Исроилнинг АҚШга таъсир қилиш ва ундан ёрдам олишининг бир қанча даражалари мавжуд. Биз ҳозир расмий ҳокимият ҳақида гапиряпмиз. Лекин у ерда мустақил ва жуда бой яҳудий лоббиси бор, давлатнинг бошқа органлари, иккита партия бор. Байден атрофидаги сиёсий намояндаларнинг ҳам кўпчилиги этник яҳудий, Блинкен ҳам. Яҳудий лоббиси Исроилни қўллашда давом этяпти. Байден Рафаҳга киришдан огоҳлантирди, лекин қанақадир чоралар кўрамиз, демади, бундай бўлмайди ҳам. Бу шунчаки дўстона огоҳлантириш ва араб-мусулмон дунёсига “АҚШ бу ишни қўлламаяпти” деб айтиш холос.
Шавкат Икромов: — Назария бўйича АҚШ Исроилни умуман қўлламай қўйса ҳам, Исроилга қарши туришда ҲАМАСни ким қўллайди, деган масала бор. Эрон омили бор, лекин у тўғридан тўғри қўлламайди, Ҳизбуллоҳ орқали қўллаб туради. Ҳусийлар назоратидаги Яман ҳам кучли давлат эмас.
Камолиддин Раббимов: —Менимча, вазият ўзгаради. Агар АҚШ нимадир сабаб бўлиб, Исроилни қўллашни тўхтатса, араб ва мусулмон дунёсида янги ҳаракат бошланади, барча араб давлатларининг ҳам қараши ўзгаради. Бой аҳоли Исроилга қарши курашни молиялаштириши, жамият фаолликни қўлга киритиши мумкин ва Исроил кўп яшай олмайди бундай ҳолатда. Аммо бугун бундай фаоллик йўқ, АҚШ қудрати ҳақидаги тасаввурлар асосий рол ўйнаяпти.
— Исроил Рафаҳга кирса, нима бўлади, қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?
Шавкат Икромов: — Исроил Хон Юнусга киришидан олдин ҳам худди шундай вазият бўлганди, Исроил огоҳлантирилганди. Лекин барибир кириб борди ва мана энди Рафаҳга қараб ҳаракатланяпти. Бу ерда 1 миллиондан ортиқ аҳоли бор, Ғазодаги сўнгги нуқта. Ҳуманитар инқироз хақида кўп огоҳлантириш бўлганди Нетаняҳуга, лекин у билганидан қолмади. Бу сафар ҳам катта эҳтимол билан кириб боради Рафаҳга.
— Россия ва Хитой АҚШ томонидан таклиф қилинган БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясига вето қўйди.
Камолиддин Раббимов: — Резолюцияда Исроилга ўт очишни тўхтатиш талабини қўйиш ҳақида гап кетади, яъни шундай асосланган. Лекин бу резолюцияга Хитой ва Россия билан биргаликда араб давлати бўлган Жазоир ҳам вето қўйди. Вето қўйган давлатларга ҲАМАС, ҳусийлар ва бошқа шу каби гуруҳлар миннатдорчилигини билдирган. Чунки резолюцияда Исроил қораланмайди ва унга нисбатан чора кўриш ҳақида гап йўқ. Фақатгина вазиятни юмшатиш учун қилинган хатти-ҳаракат сифатида қабул қилинди.
Геосиёсий контекстда Хитой ва Россия Фаластин ва араб кўчаси тарафда. Фақат глобал майдонда шундай, чунки Хитойнинг уйғурлар билан муаммоси бор, Россиянинг ички сиёсатида мусулмонлар билан муаммолар мавжуд. Умуман, Ғарбга қарши бўлган томонда турибди Хитой ва Россия. АҚШнинг мақсади оҳиста шаклда Исроилни ҳимоя қилиш бўляпти, деб резолюцияга қарши чиқишди.
Шавкат Икромов: — Таҳлилчилар Россия ва Хитой позициясини таҳлил қилиш учун ҳусийларга ҳам боғлаб кўришди. Лекин Россиянинг БМТдаги вакили резолюция матнига эътибор қаратиб, халқаро ҳамжамият ва АҚШдаги сайловчиларни чалғитиш учун ёзилган, БМТ низомларига мос бўлмаган матн деб баҳолади. Россия томони ҳам ўт очишни тўхтатиш тарафдори эканини айтган, лекин Исроилга нисбатан чора кўриш назарда тутилмаганига эътироз билдирган, Хитой томони ҳам шу каби фикрларни айтган.
Бундан олдинги 3 та резолюцияга АҚШ вето қўйгани сабабидан ҳам Россия ва Хитой вето қўйиши маълум эди ўзи. Икки давлат ҳам минтақада тинчлик бўлиши тарафдори, тинч аҳоли қурбон бўлаётганидан хавотирда, лекин шу билан бирга Исроил манфаатларини кўзловчи резолюцияга овоз бермасликлари аниқ эди.
— Уруш бошланганига ҳам ярим йил бўлди. Ҳарбий ҳаракатларнинг охири кўриняптими?
Камолиддин Раббимов: — Ҳозир Исроил мураккаб ҳолатга тушиб қолган. Нетаняҳу ҳукумати ўзининг мақсад-вазифалари ҳақида эълон қилиб бўлган, Ғазодан ҲАМАСни тўлиқ йўқотамиз, деган. Аммо ҲАМАСни тўлақонли йўқотиб бўлмайди, чунки у озиқланадиган жамиятда Исроилга нисбатан ишончсизлик ва нафрат жуда кучли. ҲАМАС, ғоявий ташкилот сифатида, мустақил Фаластин давлати ташкил топмагунча сўнмайди. Исроил эса Фаластин давлати ташкил топишига йўл қўймайди. Исроилнинг бу “ўйинини” кўпчилик тушунмаган эди, аммо 7 октябрдан кейин ҳамма тушунди буни. Исроилнинг мақсади – Фаластин ерларини тўлиқ эгаллаб олиш. Қолаверса, “Катта Исроил” лойиҳаси билан бошқа қўшни давлатларга ҳам хавф солиб турибди. Синай яриморолидан Дажла ва Фротгача бўлган ҳудудлар тарихан бизники бўлган, деган даъволари бор.
Бугун Исроил ҳарбий операцияни тўхтатса, ундаги сиёсий инқироз кучайиб кетади, лекин ҲАМАСни йўқотолмайди ҳам. Бугун Исроил яккаланди, унинг тарихий образи ашаддий инсон ҳуқуқларини бузувчи, муттасил геноцид қилувчи, халқаро қонунчиликни бузувчи сифатида шаклланиб бўлди. АҚШнинг глобал мавқеига энг катта путур етказаётган лойиҳа ҳам айнан Исроил. Борган сари АҚШга қимматга тушаверади бу. Дунёда кучлар нисбати ўзгаришига катта таъсир қилаётган омил ҳам Фаластин давлати йўқлиги ва Яқин Шарқдаги вазият. Яъни Яқин Шарқдаги адолатсизлик сабаб дунё ҳамжамиятининг аксарияти АҚШга ишончсизлик билдиряпти.
— Араб давлатларидан яқин орада қандайдир ҳаракат кутиш мумкинми?
Шавкат Икромов: — Ғазодаги вазият бўйича араб давлатлари кескин ҳаракатлар қилиши эҳтимоли жуда паст. 2024 йилда араб давлатлари қандай позицияда бўлиши таҳлил қилинган ва кескин ҳаракатлар кутилмаяпти. Барча араб давлатлари Фаластин давлати ташкил топишидан манфаатдор. Лекин ҲАМАСнинг мавжуд бўлиши, уларнинг ғоялари амалга ошишини хоҳлашмайди.
Камолиддин Раббимов: — Совуқ уруш даврида бой араб давлатлари АҚШнинг яқин иттифоқчилари эди ва Совет иттифоқига яқин бўлган бошқа араб давлатлари билан курашган. Лекин бугунги контекстда долларнинг дунё иқтисодиётидаги улуши пасаймоқда, 2000 йилларда доллар дунё валютасининг 75 фоизини ташкил қилган бўлса, бугун 57-59 фоиз атрофида. Доллардан воз кечаётган йирик давлатлардан бири Саудия, у савдосининг бир қисмини Хитой валютасида амалга оширяпти. Бугун араб дунёсида имкон қадар АҚШ билан тўқнашмаслик, АҚШ лойиҳаларига қарши лойиҳаларни қўллаш сиёсати кетяпти.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:22 / 23.12.2024
Россиянинг Суриядаги базалари: улар ёпилса, нима бўлади?
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024