Жаҳон | 20:14 / 26.03.2024
13055
4 дақиқада ўқилади

«Мазлумга айланаётган» Трамп. Ню-Йорк суди унга 10 кун муҳлат берди

Ню-Йорк апелляция суди АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга нисбатан белгиланган гаров пули миқдорини 464 миллион доллардан 175 миллион долларгача камайтирди.

Фото: CNN

Бу гаров пули Трампга молиявий фирибгарлик иши доирасида белгиланганди. Ҳеч ким Трамп учун 464 миллион доллар гаров пули бериш истагини билдирмади. Ню-Йорк апелляция суди Трамп фойдасига қарор чиқариб, гаров пули миқдорини 175 миллион долларгача камайтирди ва тўловни амалга ошириш учун қўшимча 10 кун вақт берди.

Трамп ва ўғиллари суд томонидан кредит, суғурталар учун яхшироқ имкониятга эга бўлиш мақсадида ўз кўчмас мулклари нархини сунъий оширишда айбдор деб топилганди. Оқибатда феврал ойида собиқ президентга қўшимча фоизлари билан 355 миллион доллар жарима белгиланганди. Унинг ўғилларига эса 4 миллион доллар ва қўшимча фоизлар кўринишида жарима белгиланган.

Трамп учун номус масаласи

CNN'нинг ёзишича, «судлардан боши чиқмай қолган» Трамп учун айни мана шу иш ўзгача ҳисобланади. Чунки Трамп айнан ўз бизнес империяси сабаб фавқулодда муваффақиятли инсон сифатида ном қозонган. 2016 йилдаги сайловларда ғолиб бўлишига эса бу имиж катта ҳисса қўшган.

Яна Оқ уй раҳбарлигига интилаётган Трамп учун гаров пулини белгиланган муддатда тўлай олмаслиги уятли ҳолат бўларди. Яъни бу Трампнинг имижига таъсир қиладиган масала. Трамп қисқартирилган миқдордаги гаров пулини «бир амаллаб тўлаши»ни айтган.

CNN мақоласида эътибор қаратилишича, Ню-Йорк суди қароридан кейин демократларнинг ҳам «елкасидан тоғ ағдарилган». Чунки республикачи Трампнинг мулклари мусодара қилиниши демократ Байден маъмуриятига нисбатан негативни кучайтирган бўларди.

Бу иш Трамп бойлигини қандай ишлаб топган ўзи деган саволни ўртага ташлаётган бўлса-да, умуман олганда, республикачилар номзоди фойдасига ишлаши мумкин. Чунки унга қарши кўзғатилган суд ишлари ва бошқа юридик муаммолар фойда берганини республикачилар праймеризларида кўринди.

Ушбу суд иши Трампнинг президентликкача тузган бизнесига қаратилган бўлса-да, унга аллақачон тадбиркор сифатида эмас, амалда ўн йиллардан буён республикачилар партиясининг амалдаги раҳбари деб қарашмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Трамп ҳозир сайловчилар учун демократ прокурорлар ва сиёсий элита ҳужумига учраётган мазлум. Сайловчиларда ҳукумат аввал бир нечта айблов ишларида Трампнинг эркинлигини чеклади, энди эса унинг бизнесига «ёпишмоқда» деган тушунча пайдо бўлган. Улар Ню-Йорк бош прокурори, демократ Летиш Жеймсни одил ҳуқуқчи сифатида эмас, партияга хизмат қиладиган мулозим сифатида қарай бошлашган.

Associated Press Трамп устидан очилган бу иш ўзгача эканига, бунақаси жуда кам учрашига эътибор қаратган. Чунки ишда жабрланувчи ва аниқ зарар кўрган томон йўқ. Сайловчиларнинг «тусланувчи тузум консерваторларга қарши тиш қайрамоқда» деган хулосалари республикачилар праймеризида яна бир марта ўзини оқлагани кўринди. Шундай экан, республикачилар номзодини бундай ўзига қарши ишлар доирасидаги рейтинги кўтарилиши қониқтирмоқда.

Ню-Йорк суди кўраётган иш доирасида Трампнинг машҳур кўчмас мулклари мусодара қилиниши варианти ҳам истисно қилинмагач, тармоқда шаҳар прокурори Жеймсни тўхтатиш учун донор бўлиш сўровлари кўпайди. Трампнинг мулкларини мусодара қилишга уринишлари республикачи сайловчиларда ғазаб, бошқа сайловчиларда эса собиқ президентга нисбатан симпатияни кучайтиради.

Ҳа, умуммиллий сайловлар республикачилар праймеризидан фарқ қилади. Сўровлар республикачи бўлмаганлар Трампга қарши айбловларга жиддий қараётганини кўрсатган. Аммо CNN таҳлилига кўра, бу галги сайловлар «базавий кўринишда» ўтишини ҳам истисно қилиб бўлмайди, 2000-йиллардан буён бунақаси кўп учраган. Бундай сайловларда яхшироқ кампания ўтказиб, ўзининг асосий тарафдорларини бирлаштира олганлар ютади.

Кети узилмаётган судлар эса Трамп сиёсий босимга учрамоқда деган қарашни уйғотиб, унинг обрўси янада ошишига хизмат қилишда давом этиши мумкин.

Мавзуга оид