Жаҳон | 14:44 / 26.03.2024
19703
6 дақиқада ўқилади

Тарихнинг ечилмаган 5 сири – нега уларни ҳали ҳам тўла ўрганиб бўлмайди?

Дунёда ҳали тўлиқ ечилмаган жумбоқлар жуда кўп. Масалан, улкан тош ҳайкаллардан иборат Пасха оролидаги ҳайкаллар ўтмишда нима вазифа бажаргани, Перу чўлларида ишланган минглаб шаклларнинг тарихдаги ўрни ҳам номаълум.

Тош ҳайкаллар сири

Ер юзидаги энг чекка яшаш жойларидан бири бўлган Пасха ороли, “моаи” деб аталувчи мингдан ортиқ сирли, улкан ҳайкаллари билан машҳур. Пасха ороли Тинч океанининг жануби-шарқидаги кичик орол, Чили давлатига тегишли.

Пасха ороли маҳаллий аҳоли тилида “Рапа Нуи” деб ҳам аталади. Бу ерларда минглаб йил олдин маҳаллий аҳоли “моаи” деб аталадиган монолит тошларини қўйишган. Улар кашф этилганига 300 йил бўлган ва ҳали ҳам олимларни ҳайратда қолдириб келади. 

Вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган кимёвий бирликдан оддий қўл асбоблари билан ясалган монолитлар ниманингдир ёрдами билан тош платформага ўрнатилган. Бу ҳайкалларнинг мақсади нима эди, одамлар қандай қилиб бу оғирликдаги монолитларни бошқа жойга кўчира олишган? Булар савол остида.

Пасха ороли одамларининг айтишича, бу ҳайкаллар ҳаракатлана олган. Баъзи ёзувчиларнинг иддао қилишича, “моаи”ларни фақат йўқ бўлиб кетган цивилизациялар ёки ўзга сайёраликлар жойлаштирган бўлиши мумкин. Илмий манбалар эса ҳайкаллар рамкалар ёрдамида кўчириб ўтказилган бўлиши мумкин деган фикрда.

Яқинда археологлар Пасха ороли аҳолиси айтгани тўғри бўлганини аниқлади: ҳайкалларни йигирма чоғли одам арқонлар ёрдамида бир томондан иккинчи томонга силтаб “юргизиши” мумкин. Европа тадқиқотчилари келишганда кўплаб “моаи”лар ағдарилган ҳолатда бўлган ва уларнинг асл маъноси англашилмаган. Эҳтимол, урушаётган томонлар ўртасидаги куч рамзи ёки диний мазмунга эга тинчликни акс эттирувчи ҳайкаллар бўлиши мумкин.

Карнак тошлари

Франциянинг Карнак қишлоғида жойлашган 3 мингдан ортиқ тошларнинг тарихи ҳам сирлигича қолмоқда. Ёмғир ва шамоллар таъсирида эгилгандай кўриниш олган бу тошлар 3 кмгача чўзилган, худди шоҳкўча тасвирини шакллантириб беради. Гарчи бу тошлар минглаб йиллардан бери бир жойда турган бўлса ҳам, уларнинг нега бу мақсадда жойлаштирилганини ҳеч ким тушунтириб беролган эмас.

Ушбу мегалитлар Бретон маданияти тўлқини остида муқаддас деб тан олинган. Уларнинг юзасига қадимги римликлар ўз худоларини тасвирлашган, кейинроқ эса христианлар ўзларининг рамзларини қўшишади. Бир афсонага кўра, тошлар авлиё Карнелини қувган аскарлардир. Улар авлиё Карнелини қувиб келаётган пайтда авлиё ортига ўгирилади ва аскарларни тошга айлантириб қўяди, дейилади афсонада.

Аслида эса мегалитларнинг тарихи Христиан динидан анча олдинроққа, милоддан аввалги 4,5 минг 2 минг йил олдинги даврга бориб тақалади. Лекин тошларнинг пайдо бўлиш даври аниқ бўлгани билан уларнинг нима мақсадда бу шаклда жойлашгани ва умуман мавжудлиги ҳақида бирор маълумот йўқ.

Буюк илон тепалиги

АҚШнинг Оҳаё штатида жойлашган Буюк илон тепалиги тарихи ҳам номаълум ва сирли. У ҳайвон шаклида ишланган энг катта тарихий ёдгорлик. Буюк илон тепалигининг бошланиш қисми худди тухум ютиб юбораётган илонга, тугаши эса гажак дум шаклига ўхшаб кетади.

Ёдгорликнинг узунлиги 396 метр, эни 6-метр, баландлиги эса 1-2 метрни ташкил қилади.

Буюк илон тепалигининг қачон пайдо бўлгани ҳақида якуний хулоса йўқ. Лекин унинг маҳаллий америкаликлар маданияти билан боғлиқлиги бор. Шимолий ва жанубий Америка маданиятида илонлар улуғланади, судралиб юрувчилар куч-қудратли деб ҳисобланади. Шундан келиб чиқилса, ўйма тепаликнинг аҳамияти кўринади.

Наска шакллари

Бундан икки минг йилча олдин жануби-ғарбий Перу чўллари ҳудудига мингдан ортиқ шакллар ишланган. Тўртбурчак, трапезоид, спирал, тор чизиқ ва улкан мавжудотларнинг тасвирларидан иборат умумий тўплам Наска ва Палпа шаҳарлари ўртасидаги қурғоқчил платоларнинг юзлаб квадрат км ҳудудини эгаллаган. 1920 йилда кашф этилган бу шакллар кейинчалик анча ўрганишларни талаб этган.

Бу белгилар Наска маданияти гуллаб-яшнаган милоддан аввалги 200 йилдан милодий 600 йилларгача чизилган бўлиши мумкин. Уларда ирригация чизиқлари, астрономик тақвим, Инк йўллари кабилар ҳам акс этган.

Эл Дорадо – олтин дарди

Испан кашфиётчилари 1500-йилларнинг бошларида Жанубий Америкага келиб, Эл-Дорадо ҳақидаги афсонани эшитишган. Анд тоғларида ерли Муисcа халқи янги бошлиқни бошидан оёққача олтин чанги билан ўраб, муқаддас кўлга олтин ва зумрадларни улоқтириш орқали лавозимига киритар экан.

Олтин ишқи билан маст бўлган испан, немис, португал ва инглизлар Колумбия, Гаяна ва Бразилиянинг ёввойи табиатига ва бошқа истиқболли кўринган ҳар қандай жойга ушбу афсонавий хазинани қидириб борган.

Вақт ўтиши билан, Эл Дорадо ҳикояси олтин билан қопланган водийга айланган, фақат у кашф этилишини кутиб турарди. Эл Дорадони топишга ишонган кўплаб одамлар: ҳам маҳаллий америкаликлар, ҳам европаликлар шафқатсиз қидирувлар натижасида ҳаётдан кўз юмган. Бироқ ҳеч қачон хазина топилмаган.

Лекин афсонада баъзи ҳақиқатлар бўлиши мумкин. Муисcа ҳикоясида тилга олинган кўл, эҳтимол, Колумбиянинг Боготá яқинидаги Анд тоғларида жойлашган Лагуна Гуатавита кўли бўлиши мумкин. Ушбу сув ҳавзасидан ва яқин атрофдаги бошқа биридан баъзи олтин буюмлар ва заргарлик буюмлари чиқарилган, лекин кўлни тозалаш ва даъво қилинган бойликларни қайта тиклашга бўлган уринишлар барчаси муваффақиятсизликка учраган.

Гуативата кўли

 

Мавзуга оид