Жамият | 12:54 / 26.03.2024
15131
2 дақиқада ўқилади

Телефон сотиш ҳақидаги ёлғон эълон орқали фуқаронинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди 

Эълонлар платформасида "iPhone Х сотаман" дея ўзганинг пул маблағларини ухлатган йигит қўлга олинди.

Иллюстратив фото: Mashable

Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи 33 ёшли Ш.С. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 1 300 000 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи 23 ёшли С.Ю. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, С.Ю. платформада “iPhone Х сотилади” дея ёлғон эълон жойлаштирган ва бу эълонга ишонган жабрланувчи Ш.С. билан телефон орқали гаплашиб, уни ишончига кириш орқали олдиндан 1 300 000 млн сўм миқдоридаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, унинг қўнғироқларига жавоб бермай, қора рўйхатга киргизиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, С.Ю.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми "г" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид