Украина бўйлаб зарбалар оқибатлари ҳамда протез қўл ва оёқларга ўрганаётган жангчилар. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 762-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Володимир Зеленский Олексий Даниловни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши бош котиби лавозимидан бўшатди. Унинг ўрнини ташқи разведка хизматининг собиқ раҳбари Олександр Литвиненко эгаллади.
- «Хаста ва орсиз мавжудот». Зеленский яна бир бор Украина «Крокус»даги терактга алоқадорлиги ҳақида гапирган Владимир Путинга жавоб қайтарди.
- Николай Патрушев ва Александр Бортников ҳам «Крокус»даги терактга Украина алоқадорлиги тўғрисида гапиришди. Шу билан бирга, Bloomberg маълумотига кўра, Путиннинг атрофидагилар амалда Киев терактга алоқадор деб ҳисобламаяпти.
- Москва суди Украина хавфсизлик раҳбари Василий Малюкни терактда айблаб, сиртдан ҳибсга олди. У Украина махсус хизматлари Россия ва Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларида россиялик пропагандачилар ҳамда айирмачиларга қарши суиқасдлар уюштирганини тасдиқлаган.
- Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Шимолий Кореяга нефт етказиб бера бошлади, деб ёзади Financial Times. Катта эҳтимол билан, бу бартер Украина билан уруш учун қурол-яроғ етказиб берилгани эвазига амалга оширилмоқда.
- Россия Федерал хавфсизлик хизмати «Россия кўнгиллилар корпуси» тарафдорлари Самара областида теракт содир этишга тайёрлангани ҳақида маълум қилди. Махсус хизматлар версиясига кўра, қўлга олиш чоғида «бомба портлаб кетган», гумонланувчи ҳалок бўлган.
Кун кадри. Бучадаги қурбонлар учун ёдгорлик
2022 йил март ойи охирида Россия қўшини Бучадан чекинганди — Киев областидаги бу кичик шаҳар Украинага кенг кўламли босқиннинг илк кунларида эгаллаб олинганди. Оккупация чоғида Бучада ўнлаб кишилар ҳалок бўлди, тинч аҳоли вакилларининг жасадлари кўчаларда ётди. Россия ҳукумати кўплаб гувоҳликларга қарамай, ўз ҳарбий хизматчилари Бучада қотилликлар содир этганини инкор этади. Бучадаги ҳодисалар ҳақида ижтимоий тармоқларда қолдирилган постлар учун РФда Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатиш бўйича жиноий ишлар очилган.
Россия зарбаларидан кейин Харкив ва Одессада блэкаут
Россия қўшини Украинанинг энергетика инфратузилма объектларига ракета зарбалари йўллашда ва дронлар билан ҳужум қилишда давом этмоқда. 22 март куни ёпирилма зарбалар оқибатида Харкив ва Одессада электр таъминоти узилиб қолди. Энергетиклар бригадалари Россия зарбалари оқибатларини имкон қадар тезроқ бартараф этиш учун имконият доирасидаги барча ишларни қилишмоқда, аммо истеъмолчиларнинг бир қисми зарбалардан бир неча кун ўтганидан кейин ҳам токсиз қолмоқда.
Лиман атрофидаги украин ҳарбийлари
Донецк областидаги Лиман шаҳри — Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида Россия қўшинидан қайтариб олган шаҳарлардан биридир. Кучли даражада вайрон бўлган Лиман шаҳри атрофида ҳамон шиддатли жанглар кетмоқда. Украина қуролли кучлари бош штабининг 27 март тонгидаги ҳисоботида айтилишича, ўтган кун давомида украин ҳарбийлари Лиман йўналишида рақибнинг 13 ҳужумини қайтарган. Россия қўшини фронтнинг бу участкасида авиация кўмагида юриш қилишга уринмоқда, украин ҳарбийлари эса мудофаани ушлаб турибди.
Вуҳледардаги вайронгарчиликлар
Вуҳледар — Донецк областидаги шаҳар бўлиб, икки йилдан ортиқ вақтдан буён ҳарбий ҳаракатлар марказида бўлиб қолмоқда. Шаҳар Россия қўшинларининг мунтазам зарбалари туфайли вайрон бўлган.
Қўл-оёғини йўқотган украин жангчиларининг реабилитация жараёни
Киевда 2023 йилдан Мураккаб эндопротезлаш, остеоинтеграция ва бионика маркази фаолият юритиб келмоқда, бу ерда фронтда яраланган ҳарбий хизматчиларга ёрдам кўрсатилади. Марказ шифокорлари мураккаб операциялар ўтказишади, жумладан қўл-оёқларни тиклашда остеоинтеграция деб аталувчи энг янги методлар қўлланади. Жарроҳлик амалиётлари ва энг замонавий бионик протезлар учун «Ҳаётни қутқариш маркази» хайрия ташкилоти йиғган маблағлардан ажратилади.
Киев ўққа тутилиши
Россия қўшини 24 март куни Киев бўйлаб ракета зарбаси йўллаганди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Украина пойтахти узра иккита баллистик ракетани уриб туширган. Киев мэри Виталий Кличконинг маълумотига кўра, 10 киши жароҳат олган.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024