Жаҳон | 13:57 / 28.03.2024
4635
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия компаниясига КХДР билан алоқалари учун санкциялар киритди

Вашингтон ва Сеул Хитой, Россия ва БАА компаниялари ва фуқароларига Шимолий Корея режимига қурол дастурини амалга ошириш учун чекловларни четлаб ўтишга ёрдам бергани учун санкциялар киритди.

Фото: Ahn Young-joon/AP Photo/picture alliance

Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуроллари дастурини қўллаб-қувватлагани учун Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларининг олти нафар жисмоний ва икки юридик шахсига нисбатан санкциялар киритди. Бу ҳақда 27 март, чоршанба куни АҚШ молия вазирлиги сайтида маълум қилинди.

Бошқа халқаро фирмалар қаторида Владивостокда жойлашган ва Шимолий Кореянинг Chinyong компанияси билан алоқадор бўлган Россиянинг «Алис» компаниясига ҳам санкция қўйилган. Вашингтон маълумотларига кўра, Chinyong Россия ва Лаосда ишлайдиган «минглаб Шимолий Корея IT-мутахассисларини» бошқариш учун компаниялар ва вакиллар тармоғидан фойдаланади.

Вашингтон ва Сеул Шимолий Кореянинг олти нафар фуқаросига, жумладан, Шимолий Кореянинг Daesong Bank ва Jinmyong Joint Bank банклари вакилларига қарши санкциялар киритди. 

АҚШ ва Жанубий Корея Россиядан КХДРга ноқонуний нефт етказиб беришни блокламоқчи 

Бир кун аввал АҚШ ва Жанубий Корея янги ишчи гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди, унинг мақсади Шимолий Кореяга БМТ санкцияларини четлаб ўтган ҳолда, жумладан, Россиядан нефт олишига йўл қўймасликдир. Вашингтонда Кенгайтирилган мақсадли гуруҳ (EDTF)нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

«Нефт Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета ишлаб чиқариш дастури ҳамда ҳарбий қудрати учун муҳим манбадир», — дейилади Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Шу муносабат билан Сеул ва Вашингтон Россия нефтининг КХДРга етказилиши эҳтимолидан хавотир билдирди. 

Дипломатия, разведка, санкциялар ва денгиз таъминоти учун масъул вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ расмий вакиллари иштирок этган йиғилишда Москва ва Пхенян ўртасидаги ноқонуний ҳамкорликни тугатиш имкониятлари муҳокама қилинди. Иккиламчи санкциялар, шунингдек, хусусий сектор ва учинчи шахсларни назоратга жалб қилиш эҳтимолий чоралар сифатида кўриб чиқиляпти. 

Мавзуга оид