Жаҳон | 22:29 / 28.03.2024
12694
2 дақиқада ўқилади

Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди

FTX криптобиржаси асосчиси Сэм Бэнкман-Фрид еттита айблов бўйича айбдор деб топилди, унга 115 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилаётган эди.

Фото: Reuters

Ню-Йорк федерал суди Сэм Бэнкман-Фридни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У FTX криптовалюта биржасининг асосчиси ва бош директори эди.

Компания 2022 йил 11 ноябрда банкрот деб эълон қилинди. Шу билан бирга, Сэм Бэнкман-Фрид бош директор лавозимидан кетди ва компаниянинг ўзи ташқи бошқарувга ўтди.

2022 йил декабр ойида Сэм Бэнкман-Фрид АҚШ талабига биноан Баҳама оролларида ҳибсга олинди. Шу билан бирга, у биржага жами 1,8 миллиард доллар сармоя киритган FTX инвесторларини алдаш схемасини ташкил қилишда айбланган.

2023 йил ноябр ойида Бэнкман-Фрид Ню-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати томонидан FTX биржаси мижозлари ҳисобидан миллиардлаб доллар ўғирлашда, шунингдек, криптовалюта мижозларидан маблағларни банк ҳисобварағида сақлайдиган Alameda Research ҳеж-фонди кредиторларини алдаганликда айбдор деб топилди. Бундан ташқари, ҳакамлар ҳайъати Сэм Бэнкман-Фридни FTX инвесторларини алдаш ва пул ювишда айбдор деб топди.

Ҳаммаси бўлиб, у еттита айблов бўйича айбдор деб топилди, унга 115 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилаётган эди. Шу билан бирга, прокуратура FTX асосчисига 40 йилдан 50 йилгача қамоқ жазосини сўради.

Криптовалюта биржасининг қулаши ва мижоз маблағларини ўзлаштиришда ўз айбини узоқ вақтдан бери инкор этиб келаётган Бэнкман-Фрид бугун ўз қилмишидан жабр кўрган барчадан кечирим сўради. «Бунга қараб туриш оғриқли эди. Мижозлар бундай азобга лойиқ эмас... Менинг ҳаётим, эҳтимол, моҳиятан тугади. Бироқ, у анча олдин тугаган эди», деди у.

Мавзуга оид