Ўзбекистон | 19:14 / 28.03.2024
11155
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном региони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 

Президент Шавкат Мирзиёев 28 март куни Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном региони (ШУАР) халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитойнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва барча шароитда стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юксак даража катта мамнуният билан қайд этилди. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистоннинг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмининг қарийб 10 фоизи ШУАР ҳиссасига тўғри келади. 

ШУАР етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 миллиард долларни ташкил этиб, бугунги кунда “яшил” энергетика ва электротехника, қурилиш тармоғи ва янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, металлургия, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олади. 

Давлат раҳбари ШУАР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди. 

Ўзбекистон ҳар йили Урумчи шаҳрида ўтказиб келинаётган «Экспо Хитой - Евроосиё» кўргазмасида фаол иштирок этиши қайд этилди. 

Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 

«Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.  

Мавзуга оид