Чехия Россиянинг ЕИ сиёсатчиларига пора бериш схемасини фош этганини маълум қилди
Чехия расмийлари европалик сиёсатчиларни Россиядан пора олиш схемасини фош этганини даъво қилмоқда.
Чехия расмийлари Россия пропагандасини Европада тарқатиш ва европалик сиёсатчиларга пора бериш схемасини фош қилишга муваффақ бўлганини даъво қилмоқда. Чехия расмийларининг баёнотлари билан бир вақтда схема тафсилотлари 27 март куни Der Spiegel ва Чехиянинг Denik N газетаси томонидан чоп этилди.
«Россия томонидан молиялаштирилган таъсир тармоғи»
Европалик сиёсатчиларнинг порахўрлиги билан боғлиқ янги можаро марказида Voice of Europe - voiceofeurope.com эътиборга молик бўлмаган янгиликлар сайти турибди. Бугун саҳифа ишламаяпти, лекин унга ташриф буюрувчи бугунги кунгача ҳеч қандай ғалати нарсани сезмаган бўлиши мумкин, эҳтимол сиёсат, иқтисод ва турли сиёсий бўлмаган мавзулар ҳақидаги бошқа оммавий ахборот воситаларининг хабарлари қайта нашр этилишидан ташқари. Аммо Der Spiegel ҳафталик журнали журналистлари диққат билан ўрганиб чиққач, сайтдаги янгиликлар кўпинча сунъий интеллект томонидан ёзилганга ўхшаб кўринишини, саҳифанинг манба коди кирилл алифбоси ёрдамида яратилганини ва саҳифадаги қидирувлар рус тилида эканини аниқлади. Сайтда европалик сиёсатчилар, биринчи навбатда ўнг қанот популистик партиялар билан кўплаб интервюларни топиш мумкинлиги ҳам диққатни тортган.
Чехия Хавфсизлик ва ахборот хизмати (BIS) маълумотларига кўра, гап нафақат интернет-сайт ҳақида, балки Чехия Республикасида Россиядан молиялаштирилган таъсир кўрсатиш тармоғининг фаолияти ҳақида бормоқда. Der Spiegel нашрига кўра, чехларга яна бир қанча Европа разведка хизматлари ёрдам берган. Бу тармоқнинг марказида, Чехия расмийлари фикрича, Украинанинг россияпараст «Мухолифат платформаси - ҳаёт учун» партиясининг собиқ раҳбари Виктор Медведчук турган. Украинада давлатга хиёнат қилишда айбланган, бироқ кейинчалик ҳарбий асирларни алмашиш пайтида Россияга боришга рухсат берилган Медведчукка қарши Чехия расмийлари 27 март куни шахсий санкциялар киритди.
«Биз Чехия Республикасида Россия томонидан молиялаштирилган таъсир қилиш тармоғи фаолиятини аниқлашга муваффақ бўлдик», деди 27 март куни Прагада бош вазир Петр Фиала. Фиаланинг айтишича, бу тармоқдан мақсад Европа давлатларининг сиёсатига таъсир ўтказишга уринишдир. Чехия расмийлари украиналик продюсер, «112 Украина» янгиликлар каналининг собиқ бош продюсери Артем Марчевскийни Медведчукнинг ёрдамчиси ва сайтнинг ҳақиқий бошқарувчиси деб билади. Унга қарши ҳам санкциялар қўлланган.
Voice of Europe тармоғи нима қилган?
Voiceofeurope.com сайти мунтазам равишда европалик сиёсатчиларнинг Украинага ёрдамни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларини чоп этган. Шунингдек, хабарлар билан бир қаторда, сайт ҳомийлигида турли семинарлар ва конференциялар ўтказилган, уларнинг иштирокчилари россияпараст позицияларни тарқатган, дея таъкидлади Прага халқаро муносабатлар институти директори Ян Коварж DW билан суҳбатда. Чехиянинг Denik N газетасига кўра, сайтда эълон қилган ёки интервю берганларнинг баъзиларига бунинг учун пул тўланган, бу баъзи ҳолларда июн ойида бўлиб ўтадиган Европа парламентига сайловлар учун ташвиқот харажатларига мос келади. Der Spiegel маълумотларига кўра, пул Прагадаги шахсий учрашувлар пайтида ёки криптовалютадан фойдаланган ҳолда берилган. Чехиянинг Denik N газетаси ёзишича, олувчилар қаторига олти давлат – Германия, Белгия, Франция, Венгрия, Нидерландия ва Полша сиёсатчилари кирган.
Чехиялик журналистлар пул олувчиларнинг аниқ исмларини айтмади, лекин таъкидлашича, сайт, хусусан, «Германия учун муқобил» (ГуМ) ўнг қанот популистик немис партияси сиёсатчиси - Европа парламенти аъзоси Максимилиан Кра, шунингдек Бундестаг депутати Петр Бистрон билан интервюларни чоп этган. Кра ўтмишда Медведчук билан алоқада бўлган - у туғилган кунга таклиф қилинган ва давлатга хиёнатда айбланиб, уй қамоғига олингандан кейин Киевга уни кўргани ташриф буюрган.
Мусодара қилинган пул, Европарламентга «ноқонуний таъсир»
Европалик сиёсатчиларнинг порахўрлигига оид айбловлар ҳозирча пул ўтказмалари билан тасдиқланмади. Шунингдек, сиёсатчилар қайси ҳолатларда мукофотлангани ва қайси ҳолатда мукофотланмагани ҳам аниқ эмас. Аммо бу ишда декларация қилинмаган молиявий активлар иштирок этгани билвосита сайт эгаларидан бири жойлашган Полшадаги тинтувлар факти билан тасдиқланади. Dpa ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 28 март куни Варшава ва Тихи шаҳрида тинтув ўтказган ABW Полша разведка хизмати ходимлари 48,5 минг евро ва 36 минг долларни мусодара қилган. Махфий хизмат ходимлари тинтувларни бевосита Voice of Europe иши билан боғлади.
Шу билан бирга, Максимилиан Кра Der Spiegel томонидан сўралганда, порахўрлик гумонларини рад этиб, «албатта, ўзи учун ҳам, партия учун ҳам пул олмагани» ва гўё Прагадаги меҳмонхона учун ўзи тўлаганини билдирди. Бистрон Der Spiegel журналистларининг сўровига жавоб бермади. Кра ва Бистрон Европарламент сайловлари учун ГуМ рўйхатида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган.
«Россия рус пропагандаси учун пул тўлаган»
Москва томонидан молиялаштирилган Voice of Europe веб-сайтининг фош этилиши Россиянинг Европарламентга «ноқонуний таъсири»дан далолат беради, дея маълум ыилди Германия ҳукумати Прага қарорига ва матбуот нашрларига жавобан. «Тармоқ Европанинг бир қанча давлатларидан бўлган сиёсатчилардан фойдаланган ва улар ихтиёрига катта миқдорда маблағ ажратган», — дейилади Германия ИИВ вакили баёнотида.
Бу маълумотни 28 март, пайшанба куни Белгия бош вазири Александр Де Кро тасдиқлади. «Масалан, маълум бўлишича, Россия Европарламент аъзоларига мурожаат қилган, бироқ бу ерда рус пропагандасини тарғиб қилиш учун пул берган», – деди у Белгия парламентидаги дебатлар чоғида. У депутатларнинг исмларини айтмади, лекин шу ҳафтада Белгия ва Чехия махсус хизматлари ўртасида Россия ташвиқот тармоғини йўқ қилиш бўйича «яқин ҳамкорлик ўрнатилгани»ни таъкидлади, дея таъкидлайди Politico.
Айни пайтда, Европарламент матбуот хизмати DW’га маълум қилишича, у Европа Иттифоқининг бошқа институтлари билан биргаликда Чехия расмийлари томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганмоқда. Европарламент, шунингдек, санкция қўлланган оммавий ахборот воситаларига парламент аудио ва видео платформаларидан фойдаланиш ва унинг ҳудудида бўлиш тақиқланганини эслатди. Аввалроқ, 8 феврал куни Европарламент Россиянинг Европа Иттифоқидаги таъсири билан боғлиқ резолюцияни қабул қилган эди.
Мавзуга оид
15:42 / 20.12.2024
Ўзбекистонлик кадрларни Чехияда ишга жойлаштириш бошланади
09:20 / 19.12.2024
Чехия парламенти россияликлар учун фуқаролик олиш ҳуқуқини чеклади
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:19 / 09.12.2024