«Крокус»даги террорчилар ижтимоий тармоқ орқали кўрсатма олгани айтилди
Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, уларга Telegram орқали «тахаллус остидаги одам» кўрсатмалар берган.
«Крокус Сити Холл»да теракт содир этишда айбланаётганлар ҳужумга тайёргарлик пайтида ҳам, ундан кейин ҳам ўз ҳаракатлари Telegram иловаси орқали «ўзини тахаллус билан таништирган» шахс томонидан келишилганини айтишди, деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси.
Тергов қўмитасининг таъкидлашича, айбланувчилар «координатор»дан овозли хабарлар олган.
«Ҳужумдан сўнг, унинг кўрсатмаси бўйича улар «Киевга бориш ва ваъда қилинган мукофотни олиш учун Россия-Украина чегараси томон йўл олишди», дейилади департамент хабарида.
Аввалроқ, Тергов қўмитаси жиноятчилар террорчилик хуружига тайёргарлик кўриш учун Украинадан «катта миқдорда пул» ва криптовалюта олгани ҳақида маълумотлар борлигини маълум қилганди. Бундан ташқари, департаментнинг таъкидлашича, терговда айбланувчиларнинг «Украина миллатчилари билан алоқаси борлиги» ҳақида далиллар олинган.
22 март куни «Крокус Сити Холл» концерт залида юз берган террорчилик ҳаракатидан сўнг, Россия Тергов қўмитаси жиноят ишини очди. Эртаси куни Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ушбу ишда гумон қилинган 11 киши ҳибсга олинганини эълон қилди.
29 март ҳолатига судлар аллақачон тўққиз кишини, жумладан, тўрт нафар жиноятчини ҳибсга олган. Судда уларда қийноқ белгилари борлиги кўринди. Уч нафар айбланувчи ҳибсга олиниши юзасидан апелляция шикояти берди.
Терактдан 19 соат ўтиб, россияликларга мурожаат қилган президент Владимир Путин террорчилар Украина томон қочганини айтди. Бир кун ўтиб, 4 нафар жиноятчи қўлга олинганидан сўнг, расмийлар ва хавфсизлик кучлари билан учрашувда сўзлаган Путин «жиноят радикал исломчилар қўли билан содир этилган», бироқ «бизни бу жиноят ташкилотчиси ким эканлиги қизиқтирмоқда» деди.
Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ўша йиғилишда Владимир Путинга терговнинг бориши ҳақида ҳисобот берар экан, айбланувчилар теракт буюртмачилари ҳақида кўрсатма берганини, аммо уларнинг кимлигини аниқламаганини айтди.
Шундан сўнг, Россиянинг бир қатор расмийлари Украинанинг терактга алоқадорлигини эълон қилди. Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев «ИШИД ёки Украина?» деган саволга «Албатта, Украина» деб жавоб берди. ФХХ директори Александр Бортников Украина «қаҳрамон сифатида кутиб олинишни истаган» жангариларни тайёрлаганини айтди.
Украина расмийлари терактга алоқадорлигини рад этиб келмоқда.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024