Ўзбекистон | 16:55 / 29.03.2024
4675
5 дақиқада ўқилади

Марказий банк билан ҳамкорликда "Асакабанк" АЖ тажрибаси мисолида тўлов тизимлари операторлари ҳамда тижорат банкларига ўқув-семинари ўтказилди

28 март куни Асакабанк ташкил қилган семинарда банк-молия секторида рақамлаштириш, тўлов транзакциялари автоматлаштирилиши киберхавфсизлик масалани янада жиддийлаштириб, бу соҳага тажовузлар кўламини ошираётгани муҳокама қилинди. Ушбу семинар Марказий банк билан ҳамкорликда ўтказилди.

Рақамли технологиялардан фойдаланиш соҳасида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этиш бўйича бир қатор мавзуларда семинарлар Марказий банкда анъанавий равишда ташкил этиб келинган. 

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Асакабанк томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Рақамли асрда хавфсизлик: киберхавфсизлик ва молиявий фирибгарликка қарши курашиш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Марказий банк, Асакабанк, Ички ишлар вазирлиги ҳамда дастур яратувчи хорижий ва маҳаллий компаниялар вакиллари иштирок этди.

Марказий банк раиси ўринбосари Содир Мелибаевнинг таъкидлашича, бундай тадбирнинг биринчиси ўтган йили сентябр ойида ташкил этилган. Навбатдаги семинарнинг ташаббускори эса Асакабанк бўлди.

“Тижорат банкларида хавфсизлик масаласи билан шуғулланадиган ходимлар, хавфсизлик масаласида ишлайдиган экспертлар, ҳуқуқ-тартибот идораларини чақириб семинар ўтказдик. Бу семинардан асосий мақсад банк ходимлари билан хавфсизлик, киберҳужумларнинг олдини олиш ва мижозларни ҳимоя қилишга қаратилган чора тадбирларни амалга ошириш масаласида ўзаро тажриба алмашишдир. Замонавий технология ва дастурлар қўлланиши билан янги тизимларни жорий этишда нималарга эътибор бериш борасида банк ходимларининг билимларини оширишга ҳаракат қиляпмиз”, - деди у журналистларга берган интервюсида.

Семинарда:

• Электрон тўлов тизимлари, шунингдек, банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш ҳамда бу борадаги замонавий таҳдидлар;

•  молиявий тизимларни рақамли таҳдидлардан муҳофаза қилишнинг амалдаги ҳолати ва истиқболлари;

• электрон тўлов тизимлари, жумладан, банк карталари орқали амалга ошириладиган ноқонуний операцияларнинг олдини олиш;

• киберхавфсизлик ва молиявий фирибгарликка қарши курашиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган жиноятларнинг турлари;

• шахсий маълумотларни ошкор қилиш риски ва ундан сақланиш чоралари;

• аҳолининг рақамли молиявий саводхонлигини ошириш ишларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Асакабанк хавфсизлик ва ахборотлари ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Набиев ушбу ўқув семинари банк амалга ошираётган ишларнинг бир қисми эканини таъкидлайди.

“Рақамлаштириш жараёнларида, мижозларга хизмат кўрсатишда рақамли технологиялардан кенг фойдаланилади. Ҳар бир соҳанинг ўзининг хавфлари мавжуд бўлганидек, ушбу киритилаётган янги технологияларнинг мавжуд рисклари, муаммолари, хавфларини биз ўрнатилган тартибда, ҳимояланган усулда ташкиллаштиришга мажбурмиз.

Ўқув семинаримиз умумий ишларимизнинг бир қисми бўлиб, банкимиз томонидан ички хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ишлар ташкиллаштирилмоқда. Юридик ва жисмоний муҳофазаларимизни ҳам қайта ўрганиб, замонавий технологиялар ва дунёдаги мавжуд хавфсизлик соҳасидаги имкониятлардан фойдаланган ҳолда хавфсиз банк хизматларини ташкиллаштиряпмиз”, - дейди у.

Киберхавфсизлик маркази ДУК масъули Мирзуфар Ҳакимовнинг таъкидлашича, 2023 йил давомида Ўзбекистондаги ахборот ресурсларига 11 миллионта кибер ҳужумлар амалга оширилган. Бу тажовузларнинг 24 фоизи банк молия сектори ресурслари улушига тўғри келади.

“Банк-молия секторида рақамлаштириш кенг кўламда амалга оширилиши, тўлов транзакциялари автоматлаштирилиши киберхавфсизлик масалани янада жиддийлаштириб, бу соҳага тажовузлар кўламини ошиб кетишига сабаб бўлади”, - деди у.

Семинарда Марказий банк, Асакабанк, Ички ишлар вазирлиги ҳамда дастур яратувчи хорижий ва маҳаллий компаниялар вакиллари киберхавфсизлик ва молиявий фирибгарликка қарши курашиш борасидаги муаммолар моҳияти ҳамда илғор тажрибалар билан ўртоқлашди.

Шунингдек, улар антифрод тизими, тўлов карталари индустрияси ва маълумотларнинг хавфсизлигига доир стандартларнинг моҳияти, киберхавфсизликни бошқариш маркази (СОC) фаолиятини ташкил этиш каби долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Рақамли технологиялардан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик мавзусидаги бундай семинарлар яна давом эттирилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид