Жаҳон | 09:34 / 30.03.2024
4942
4 дақиқада ўқилади

Гершкович ҳибсга олинганининг бир йиллиги муносабати билан АҚШ РФни уни озод қилишга чақирди

«Журналистика - жиноят эмас», дейилади Оқ уйнинг «Россияда Эван Гершковичнинг ноқонуний ҳибсга олиниши» ҳақидаги баёнотида.

Фото: ТАСС

«Журналистика - жиноят эмас ва Эван (Гершкович) Россияга мухбирлик вазифасини бажариш учун кетди - ўз хавфсизлигини хавф остига қўйиб, Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси ҳақидаги ҳақиқатни ёритиб бериш учун», - дейилади 29 март, жума куни Оқ уйнинг Wall Street Journal газетаси Россиядаги мухбири ҳибсга олингани бир йиллиги муносабати билан берилган баёнотида.

Ҳибсга олинганидан кўп ўтмай, Эван Гершкович қамоқдан шундай деб ёзди: «Мен умидимни йўқотмадим». АҚШ президенти Жо Байден ўз баёнотида таъкидлаганидек, у журналистнинг ота-онасига умидини узмаслигига ваъда берди. «Биз Россиянинг америкаликлардан савдо воситаси сифатида фойдаланишга бўлган даҳшатли уринишларини қоралашда ва жазолашда давом этамиз. Эркин жамият устуни бўлган матбуотга ҳужум қилиш ёки журналистларни таъқиб қилишга интилаётган ҳар қандай шахсга кескин қаршилик кўрсатишда давом этамиз». 

Давлат департаменти Эван Гершкович Россияда ҳибсга олиниши ҳақида 

Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен «Қўшма Штатлар Эван (Гершковича) ва Пол (Уилан)ни уйга олиб келиш мақсадига содиқ қолишини» таъкидлади. «Ҳозиргача Россия оддий сабабларга кўра қонунбузарликлар ҳақида ҳеч қандай далил келтирмаган: Эван ҳеч нарсани бузмаган», дейилади АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати баёнотида. 

Жо Байден сингари, Энтони Блинкен ҳам шундай таъкидлади: «Журналистика - жиноят эмас». «Эван ноҳақ ҳибсга олинганидан кейин бир йил давомида Россиянинг чекланган медиаландшафти янада репрессив бўлиб қолди, мустақил овозлар ва ҳар қандай кўринишдаги мухолифатга доимий ҳужумлар юз берди», - дейди Америка дипломатияси раҳбари. «Одамлар - савдо воситаси эмас. Россия сиёсий манфаатлар учун одамларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни бас қилиши, Эван ва Полни зудлик билан озод этиши керак», - дейди Блинкен. 

29 март куни Wall Street Journal ўз веб-сайтида кун давомида ўзгармаган асосий сарлавҳани эълон қилди: «Эван Гершкович. Ўғирланган бир йил». Сарлавҳа остида шундай ёзилган: «Россия қамоқхонасидаги бир йил. Ўғирланган ҳикоялар, ўғирланган қувончлар, ўғирланган хотиралар йили. Жиноят: журналистика». У ерда Эван Гершковичнинг ота-онаси билан интервю ҳам чоп этилди. 

WSJ мухбири Гершковичнинг Россияда таъқиб қилиниши 

WSJ мухбирининг Екатеринбургда қўлга олингани 2023 йил 30 март куни маълум бўлди. Ўша куни кечқурун Эван Гершкович Москвадаги Лефортово суди томонидан «жосуслик»да айбланиб ҳибсга олинган. Гершкович совуқ уруш тугаганидан кейин Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган биринчи хорижий мухбир бўлди. 

Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) даъво қилишича, мухбир «Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти ҳақида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». Россия Федерацияси Жиноят кодексининг «жосуслик» моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. 

2024 йил 26 мартда Москва шаҳар суди Эван Гершковични ҳибсга олиш муддатини яна уч ойга - 2024 йил 30 июнгача узайтирди. Гершковичнинг ўзи ҳам, нашри ҳам Россия расмийлари томонидан қўйилган айбловларни рад этади. Оқ уй уларни «бемаъни» деб атади. 

Мавзуга оид