Жаҳон | 18:26 / 30.03.2024
21376
5 дақиқада ўқилади

Ўлим боғи – Англияга заҳарли ва гиёҳванд моддалардан иборат ўлдирувчи боғ нега керак?

Англияда дунёдаги энг заҳарли ўсимликлар ўстириладиган боғ мавжуд. Ундаги ўсимликлар шунчалик хавфлики, ушлаш, татиб кўриш тақиқланган ва ҳудуд “Ўлим боғи” деб аталади. Лекин боғга ҳамма ташриф буюриб, ўсимликлар билан танишиши мумкин.

Англиянинг Нортумберленд шаҳридаги Алнвик боғи заҳарли боғ ҳисобланади. Боғда 100 дан ортиқ турдаги заҳарли, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар ўстирилади. Қизиғи, боғ одамлар кириши учун ҳам очиқ ҳисобланади.

Яна боғнинг кириш қисмига "Бу ўсимликлар ўлдириши мумкин" деб ёзиб қўйилган, дарвозаси калла суягини кесиб ўтувчи кўндаланг суяклар билан безатилган. Боғдаги бу белги ҳазил эмас. Алнвик боғи дунёдаги энг заҳарли боғ ҳисобланади. Лекин у ерда эҳтиёткорлик билан исталган одам сайр қилиши мумкин.

Бу заҳарли боғ 2005 йилда ташкил этилган. "Ташриф буюрувчилар боғга киришидан олдин улар хавфсизлик бўйича брифинг билан танишиши керак", дейди боғ гиди Дин Смит. Унинг айтишича, боғда бирор нарсани ушлаш, ҳидлаш ва татиб кўриш тақиқланади. Лекин шунга қарамай боғда шунчаки кетаётган ҳолатда ҳам ўсимликларнинг заҳарли ҳидлари сабаб ҳушдан кетиш ҳолатлари бўлиб туради.

Боғда ўсадиган заҳарли ўтлардан бири бўри ўсимлиги бўлиб, у акотин, нейротоксин ва кардиотоксин каби заҳарли моддалардан иборат. Лекин бу ўсимлик энг ёмони эмас. Энг ёмони ритсин ўсимлиги бўлиб, Гиннес рекордлар китобида ҳам ритсин дунёдаги энг заҳарли ўсимлик сифатида қайд этилган.

Ҳайратланарлиси, боғда Буюк Британия ёввойи табиатида учрайдиган ва осонгина ўстириш мумкин бўлган кўплаб ўсимликлар ҳам рўйхатга олинган. Шундайларидан бири уйларда ҳам ўстириладиган рододендрон бутаси ҳисобланади. Рододендроннинг баргларидаги заҳарли модда истеъмол қилинса, инсоннинг асаб тизимига ҳужум қилади. "Лекин сиз унинг баргларини ея олмайсиз, сабаби жуда бемаза", дейди Смит.

рододендрон

Боғда Буюк Британияда заҳарлилиги бўйича иккинчи ўринда турадиган лабурнум дарахти ҳам ўстирилади. Кўп одамлар бу дарахтни сариқ чиройли гуллари учун ўстиришади, лекин дарахт ўта заҳарли ҳисобланади.

лабурнум дарахти.

 

Дарахтнинг заҳарлилиги шунчаликки, агар унинг бирор шохчаси полда ётган ҳолатда бир неча ой қолиб кетса ва шунча вақт ўтиб, ит уни олиб ўйнамоқчи бўлса, бундан кейин итнинг омон қолиши даргумон.

Заҳарли ўсимликлар заҳарини фақат одамлар ва итларга йўналтирмайди. Смитнинг тушунтиришича, масалан, рододендронлар бир-бирига яқин ҳолатда ўсса, улар тупроқни ҳам заҳарлайди. Ва энди ўша ерда фақат рододендрон ўсиши мумкин холос. Агар асалари эксклюзив тарзда фақатгина рододендрондан асал йиғиб олса, унинг асали қизил рангга эга бўлади. Бу асалдан кичик дозада ейиш гиёҳванд модда таъсирини бериши мумкин, кўпроқ дозада ейиш эса ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Боғдаги баъзи ўсимликлардан заҳарланиш учун уларга тегиш, ҳидлаш ва татиб кўриш ҳам шартмас. Фақатгина уларнинг ёнидан ўтиб кетишнинг ўзи заҳарланиш учун етарли бўлиши мумкин. Prunus laurocerasus ўсимлиги шундай хавфга эга ҳисобланади. Унинг таркибида 2 та заҳарли модда бўлиб, ўзидан заҳарли газ ишлаб чиқаради. Очиқ ва вентиляцияси яхши жойда унинг зарари билинмаслиги мумкин, лекин ёпиқ ҳудудда заҳарли газни сезиш мумкин.

Кристмас атиргули бу ердаги кенг тарқалган ўсимликлардан бири ҳисобланади. Унинг таркибидаги кардиотоксин инсон юрагини тўхтатиб қўйиши мумкин. Шираси эса терида кучли тирналиш ҳосил қилиши мумкин. Шунинг учун бу ўсимлик билан ишлаганда доим қўлқопда бўлиш лозим.

Кристмас атиргули

 

Боғбонлардан ўсимликлар билан ишлашда хавфсизлик чораларига амал қилиш талаб этилади. Баъзи ўсимликлар билан ишлаш унчалик қийин бўлмаса, баъзиларига махсус костюм, ниқоб ва қўлқопларсиз бориб бўлмайди.

Боғдаги ҳар бир нарса заҳарли ва зарарли бўлса, уларни сақлаш зарурати ҳақида савол туғилиши мумкин. Боғдаги ўсимликлардан яхши мақсадда фойдаланиш режа қилинган.

Масалан, боғдаги ев ўсимлиги кўкрак саратонини даволашда ишлатилиши мумкин.

Ев бутаси.

Шунингдек, боғ – гиёҳванд моддалар бўйича таълим дастурининг бир қисми ҳисобланади. Бу таълим дастури раҳбари Клер Митчелнинг қайд этишича, Англиянинг шимоли-шарқи Англия ва Уелс ичида гиёҳванд моддалардан ўлим энг кўп кузатиладиган ҳудуд ҳисобланади. Ёшларга гиёҳванд моддалар ҳақида маълумот олишлари учун ҳам нимадир қилиш керак эди. Таълим доирасида боғга экскурсиялар уюштирилади ва ёшларни гиёҳванд моддалардан ҳимоялашга қаратилган тушунтиришлар берилади.

Боғдаги ходимлар ўзлари эккан ҳар бир ўсимликни ҳисоблаб, ҳисобини юритиб боради ва ҳар мавсум охирида уларни йўқ қилингани тўғрисида далилларни топширишади. 

Мавзуга оид