Жаҳон | 13:20 / 01.04.2024
17740
10 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг мағлубияти, қиролнинг қайтиши ва Қозоғистонда тошқинлар — кун дайжести

Ўтган кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан энди кундуз кунлари таништириб борамиз.

Туркиядаги сайловлар

Якшанба куни Туркияда маҳаллий идораларга сайловлар ўтказилди. Туркияда шаҳар мэрлари, вилоятларнинг волийлари ҳам эркин ва очиқ сайлов орқали аниқланади.

Туркиядаги 206 минг 845 сайлов участкасида 61 миллион 441 минг 882 сайловчи овоз бериш имконияти эга бўлган. Сайловларда 34 та сиёсий партия қатнашган.

Камолистларнинг Жумҳурият халқ партияси Туркия аҳолисининг 64 фоизи яшайдиган ва Туркия иқтисодиётининг 80 фоизи жамланган шаҳарларда Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси вакиллари устидан ишончли ғалаба қозонган.

Эрдўған учун энг оғриқли мағлубият мамлакатнинг иқтисодий пойтахти саналадиган, 16 миллион киши яшайдиган Истанбулда кузатилди. 2019 йилда шаҳарни бой берган Эрдўған кейинги 5 йил давомида қасос олиш иштиёқида эди. Аммо шаҳарнинг амалдаги ҳокими, сайловчилар орасида катта машҳурликка эришган Акром Имомўғли 50 фоиздан зиёд овоз тўплаб, АК партияси вакили, 40 фоиз овоз жамғарган Мурод Қурумдан ўзиб кетган. Одамлар тунда Истанбул кўчаларида Имомўғлининг ғалабасини байрам қилишди, унинг ўзи ҳам тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди.

Мамлакатнинг сиёсий пойтахти Анқара шаҳри мэри Мансур Яваш эса қарийб 60 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган, унинг асосий рақиби Турғут Олтинўқ 31 фоиздан ортиқроқ овоз олган.

Эрдўғаннинг ҳукмрон партияси Истанбулдан ташқари Туркиянинг кейинги тўрт йирик шаҳри — Анқара, Измир, Бурса ва Аданада ҳам ЖХПчиларга мағлуб бўлган.

Жумҳурият халқ партияси бутун мамлакат бўйича ҳам Эрдўған партиясидан устун келган – овозлар нисбати 37,43 фоизга 35,7 фоиз кўринишида.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған сайлов якунлари бўйича чиқиш қилган.

«Туркия халқи ўз фикрини билдирди. Бу сиёсий етакчиларга сигнал бўлди. Туркия демократияси ўзининг етук эканини яна бир бор исботлади. Бугунги сайловлар — биз учун интиҳо эмас, бурилиш нуқтаси бўлади.

Мен халқимиз сайлаган пойтахт ҳокимларини табриклайман.

14–28 майдаги ғалабамиздан 9 ой ўтиб, биз афсуски, имтиҳондан ўта олмадик ва маҳаллий идораларга сайловларда ўзимиз умид қилган натижага эриша олмадик.

Бизга овоз берган-бермаганидан қатъи назар, бундан ҳар бир сайловчи ютди. Мен ҳар бир сайловчига ташаккур билдираман», — деган Эрдўған.

Бу Эрдўғаннинг 22 йил ичидаги илк мағлубияти бўлмоқда. 1 апрелдан Туркия сиёсий тарихида янги сиёсий давр бошланади. 52 ёшли Имомўғли учун бу ғалаба 2028 йилги президентлик сайловларида номзодини қўйиш учун замин тайёрлади.

Россияда армияга чақирув бошланди

Владимир Путин Россияда ҳарбий хизматга чақирув тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу чақирув ёши 27 ёш билан чегараланган сўнгги чақирув бўлди.

1 апрелдан 15 июлгача ўтказиладиган чақирув жараёнида 150 минг эркак армияга ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилади.

2023 йил кузида ҳукумат 130 минг одамни чақиришни мўлжаллаётган эди. 2024 йилнинг 1 январидан чақирув ёши 30 ёшгача қилиб белгиланган. 2023 йил охиригача 27 ёшни тўлдирганлар ҳозирча янги меъёр остига тушмайди. Лекин 30 ёшга киришга улгурмаганлар келгуси чақирувда қамраб олинади.

Янги ҳарбий ислоҳот доирасида электрон чақирув қоғозлари ҳам амалиётга жорий этилди. Энди давлат хизматлари шахсий кабинетига жўнатилгани ҳамоно, фуқаро уни очиб қараган-қарамаганидан қатъи назар, чақирув жўнатилган ҳисобланади. Бундай чақирув қоғози жўнатилган кундан бошлаб фуқарога мамлакатни тарк этиш тақиқланади.

Қирол қайтди

Буюк Британия қироли Чарлз III онкологик касаллик аниқланганидан буён илк бор омма қаршисида кўриниш берди. Монарх якшанба куни қиролликнинг асосий қароргоҳларидан бири жойлашган Виндзор қасридаги Пасха байрамида иштирок этди.

Чарлз черковга рафиқаси, қиролича Камилла ҳамда қироллик хонадонининг бошқа аъзолари билан бирга ташриф буюрган.

У ўзи билан саломлашиш учун келган одамлар билан гаплашиб, қўл бериб кўришган.

Айни вақтда 75 ёшда бўлган Чарлз онкологик касалликдан даволанаётгани туфайли сўнгги ҳафталарда жамоат жойларида кўриниш бермаётганди.

У якшанба куни черковга ташриф буюргани ва одамлар билан учрашгани ҳали жамоат ҳаётида яна фаол қатнаша бошлашини кўрсатмайди. Бу ҳозирча шундай қайтиш сари биринчи қадам бўлди.

Букингҳем саройи Чарлзга онкологик касаллик ташхиси қўйилгани ҳақида феврал ойи бошида эълон қилганди. Унинг касаллиги январда аниқланган, ўшанда у простата бези катталашгани юзасидан даволанишга ётганди. Қироллик оиласи унда аниқланган касаллик простата саратони эмаслигини билдирган.

Қирол жамоат жойларида кўриниш бермай қўйиши ортидан март ойининг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқларда у вафот этгани ҳақида хабар ҳам тарқалганди, аммо бу хабарлар тезда сарой томонидан рад этиб чиқилди.

Март ойида қиролнинг келини, Уэлс маликаси Кейт Миддлтон ҳам саратон касаллигига чалингани ва кимётерапия қабул қилаётгани маълум бўлганди.

Ғазодаги вазият

Ғазодан эса хунук хабарлар келиши давом этмоқда. Исроил ҳарбийлари Ғазони ўққа тутиши оқибатида навбатдаги қурбонлар ва яраланганлар бор.

Исроил ҳарбийлари сўнгги кун давомида Ғазо секторидаги денгиз соҳилига яқин жойлашган Шати қочқинлар лагерига ҳамда Ғазо шаҳрининг Ан-Наср ва Ар-Римал мавзеларига зарбалар йўллаган.

Исроил армияси мажбурий тарзда ўз турар жойларидан кўчирилганлар жойлашган чодирларга, шунингдек, «Ал-Ақсо» шифохонасидаги беморларга қараш учун келган шахслар жойлашган манзилларга ҳужум қилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабарига кўра, «Ал Ақсо» шифохонасига уюштирилган ҳужум қурбонлари сони 4 кишини ташкил этган. Яна 17 киши яраланган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Шати лагерида икки киши Исроил авиацияси ҳужуми қурбони бўлган, ўн киши яраланган. Ан-Наср ва Ар-Римал мавзеларидан жабрланган ҳақида маълумотлар ҳали етказилмаган.

Аввалги куни Хон Юнус шаҳрининг четида жойлашган Бани Суҳайл шаҳарчасига берилган зарбалардан сўнг 11 киши қурбон бўлган, кўплаб инсонлар ярадор бўлган эди.

Ғазо бўлгасида вазият оғирлигича қолмоқда. Рамазонда ҳам уруш тўхтамади, одамлар Исроил ракета зарбаларидан ташқари, очликдан ўлишда давом этяпти. БМТ бир неча ойдан буён сектордаги озиқ-овқат етишмовчилиги критик даражага етгани ҳақида огоҳлантириб келади. Ғазода яратилган очлик ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкин.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, қайд этилаётган статистикалар Ғазодаги гуманитар инқироз аллақачон сунъий яратилган очарчиликка айланиб бўлганини кўрсатмоқда. Оқибатда Исроилга бўлган халқаро босим янада ошди. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар Исроилдан ҳуқуқий бурчларини бажариб, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва тинч аҳоли учун гуманитар ёрдамни ўтказишни сўрашмоқда.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича юқори мартабали мулозими Волтер Тюрк BBC билан суҳбатда Исроил Ғазодаги очликдан урушдаги қурол сифатида фойдаланаётганини айтган. Бу исботланса, сунъий очлик Исроил томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкин.

Турли давлатларнинг Ғазога юбораётган инсонпарварлик ёрдамлари Миср чегарасидаги Рафаҳ постида туриб қолиб, Исроил уларни жуда узоқ бюрократик тўсиқлардан кейингина ўтказмоқда. Оқибатда Иордания, Британия ва АҚШ Ғазога осмондан ёрдам юкларини ташлашга қарор қилди.

Бу энг самарасиз йўл экани маълум бўлди. Ҳозиргача ёрдам юкларини олаётганда 12 киши денгизга чўкиб ўлган, 5 киши устига парашюти очилмаган қути тушиши оқибатида ҳалок бўлган.

Шенген зонаси кенгайди

Европа Иттифоқи аъзолари бўлмиш Руминия ва Болгария 13 йиллик кутишдан сўнг ниҳоят расман Шенген зонасига ҳам аъзо бўлди. Бу икки мамлакатнинг ҳаво ва денгиз чегараларидаги назорат 21 мартдан тўхтатилади.

Ҳозирча мамлакатларнинг аъзолиги қисман статусга эга. Чунки қуруқликдаги чегараларда назорат сақланиб қолади. Бунга сабаб — бу икки мамлакатнинг тўлақонли аъзолигига Австрия Европага қочқинлар оқими кўпайишидан чўчиб, вето қўйган.

Руминия ва Болгариянинг Европа Иттифоқи давлатлари билан қуруқликдаги чегараларида назоратни олиб ташлаш бўйича қарорни Европа Иттифоқи Кенгаши қабул қилиши керак. Бухарест ва Софияда бу қарор йил сўнгига қадар қабул қилинишига умид билдиришмоқда ва музокаралар давом этмоқда.

Қозоғистонда сув тошқинлари

Сўнгги 2-3 кун ичида қўшни Қозоғистоннинг турли ҳудудларида кучли сув тошқинлари кузатилмоқда.

Қарағанда ва Шимолий Қозоғистон областларида дарёларга тиқилиб қолган музларни тарқатиш учун портлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Қозоғистон ҳукумати кўплаб шаҳарлар, жумладан, Ақтўбе, Ақмўла, Қўстаной, Абай областларида, Кўкчатов, Уралск ва бошқа аҳоли пунктларида табиий офат оқибатлари билан курашмоқда. Атирау областининг Қизиокўгин районида фавқулодда вазият режими эълон қилинган. Мамлакат миқёси бўйича рекорд сув тошқинларини бошидан кечирмоқда. 53 та аҳоли пункти сув қамалига тушиб қолган. 12 мингдан зиёд киши эвакуация қилинган.

Қозоғистон ҳукумати тошқиндан зарар кўрганларнинг зиёнини қоплаш масаласини ҳам муҳокама қилган. Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаровнинг айтишича, жабрдийдаларга зарарни қоплаш учун маҳаллий ижроия органлари ҳисобидан пул тўлаб берилади.

Турар жойлари авариявий ҳолга келган деб топилганларнинг рўйхатини маҳаллий ҳокимиятлар тузади. 

Мавзуга оид