Геосиёсий стратегиялар – Ҳартленд ва Римленд назариялари ҳозир ҳам амалдами?
19-асрда энг қудратли давлат бўлган Британияда дунёни назорат қилиш учун Ҳартленд назарияси ишлаб чиқилган. 20-асрда гегемонга айланган АҚШ эса ўзининг Римленд назариясини яратган. Сиёсий таҳлилчи Фарҳод Каримов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бу стратегияларнинг ҳозирги глобал жараёнларга ва Марказий Осиёга таъсири ҳақида сўзлаб берди.
— 19-асрда дунёда янги субъектлар пайдо бўлди, кучли давлатлар шаклланди, хусусан, АҚШ шакллана бошлади. Бундан ташқари, Европада бир қанча марказлашган давлатлар шаклланди, масалан, Пруссиянинг бирлашиши. Шу вазиятда улар томонидан бутун дунёни қайта бўлиб олиши масаласи чиқди ва давлатларнинг буюклиги дунё харитасидаги географияси ва сиёсатига боғлиқ бўлиб қолди. Шундан кейин Европада бир қанча концепциялар вужудга келди ва геосиёсат тушунчаси пайдо бўлди. Немис географи ва этнографи Фридрих Ратцель Европа марказидан туриб бутун дунёни қандай бошқариш мумкин, деган масалани киритган. Пруссияда герман қабилалари бирлашиши натижасида дунёни қайта бўлиб олишда бироз кечиккан Германия энди бутун дунёни қандай ташкил этамиз, қандай бошқарамиз, деган масалани қўйди.
20-аср бошларида Буюк Британия бу масалада Европада устунликни бой бермаслик учун турли концепция, стратегиялар ишлаб чиқа бошлаганди. Шу даврда геосиёсатга Ҳартленд тушунчасини киритган Жон Маккиндер бўлади, у Англия қиролининг махфий маслаҳатчиси ҳисобланган. Шу тушунчага асосан Британия 20-аср бошларида ўз ташқи сиёсатини шакллантирди.
Маккиндернинг олдига биз дунёни қандай назорат қилсак бўлади, таянч нуқта қаерда, деган масала қўйилди. У бутун Евросиё минтақасини “бутун дунё ороли” деб атаб, унинг марказидаги ҳудудларни Ҳартленд деб атади, бунга Россия, Хитой, Марказий Осиё, Шарқий Европа ҳудудлари киради. Яъни мана шу цивилизация ўчоқлари бўлган ҳудудларни назорат қилсак, бутун дунёни назорат қилиш мумкин деган концепцияни киритди.
Британия Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳам шу концепция бўйича иш кўрди. Бу орада Америка қитъасида АҚШ кучайиб келиб, янги сиёсий куч сифатида бутун дунёга даъво қилишни бошлади. Натижада АҚШда ҳам янги концепция ишлаб чиқилди, бу Николас Спайкмен деган географ, политолог олим томонидан таклиф этилди. Унинг назариясига кўра, Ҳартлендни назорат қилиш муҳим эмас, унинг атрофидаги денгиз билан чегарадош ҳудудларни назорат қилиш орқали бутун дунёни назорат қилиш мумкин. Ва бу Римленд назарияси деб аталди.
Иккинчи жаҳон урушидан олдин 30-40 йилларда АҚШ концепцияси шу асосда шаклланди. Николас Спайкменнинг “Жаҳон сиёсатида АҚШ стратегияси” асари бугунги кунда ҳам АҚШ геосиёсатининг концептуал асоси бўлиб хизмат қилади. Кейинчалик Римленд концепцияси асосида Ҳартлендни ўраб олувчи Анаконда стратегияси ҳам ишлаб чиқилган.
— Бу назарияларда Марказий Осиёнинг ўрни қандай?
— Ҳартлендга кириш учун 2 та дарвоза бор дейилган: бири Шарқий Европа бўлса, иккинчиси Марказий Осиё. Шарқий Европада ҳалигача тинчлик бўлмаётганига ҳам асослардан бири – мана шу концепция. Афғонистондаги ҳолат ҳам шунга мисол бўлолади. Афғонистонда барқарорлик бўлса, Римлендга кирадиган дарвозалар ёпилиб қолади, шу сабаб Шарқий Европа ва Афғонистонда беқарорлик бўлиб туради.
— Бугунги геосиёсий жараёнлар қанчалик шу назарияларга асосланади?
— Ҳозир Евроосиёда денгиз йўлига алтернативлар пайдо бўлган, Римленд ҳудудида ва Африкада ҳам жуда катта катта энергия манбалари аниқланган. Қолаверса, ахборот-технологиялари ривожланди, булар барчаси глобал сиёсатга таъсир қилади. Лекин бугунги АҚШ ва Ғарб, Россия, Хитойнинг ташқи сиёсий фаолиятида ҳали ҳам 20-асрдаги асосий амбициялар давом этмоқда, шу сабабдан ҳам Ҳартленд ва Римленд концепциялари амалда дейиш мумкин. Агар бу концепциялардан воз кечилганида, беқарорлик манзиллари ўзгариши керак эди, аммо ҳали ҳам бу манзиллари ўша-ўша. Римлендга Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Ҳинд океани орқали Узоқ Шарқ ҳудудлари киради, шу ерларда ҳали ҳам АҚШ фаоллиги кузатилди, чунки бу ҳудудларни назорат қилиш Ҳартлендни назорат қилиш имконини беради.
— Украина уруши мисолида ҳам тушунтириш мумкинми бу концепцияларни?
— Юқорида айтганимдек, Маккиндер Ҳартленд назариясида айтиб ўтган бунинг сабабини, яъни асосий цивилизация ўчоқлари олинган бунда, булар эса Евросиёга тўғри келади. Дунё аҳолисининг катта қисми ҳам шу ҳудудга тўғри келади. Африкадаги цивилизация ҳам Евросиё томонга силжиган.
Ҳозирги Украина ҳудудида 19-20-асрларда ҳам Ҳартленд давлатлари ва ғарбий, денгиз давлатларининг манфаатлари тўқнашган. Замонавий босқичда ҳам континентал кучлар ва денгиз кучларининг тўқнашув чегараси Шарқий Европа ва Украина ҳудудига тўғри келади. Шу сабаб ҳам бу ҳудуд зиддиятли бўлиб келмоқда. Шунинг учун ҳам НАТО ташкил этилган, яъни континентал давлатлар таъсири кучайиб кетмаслиги учун. Римленд давлатларининг энг катта ютуғи – Туркиянинг НАТОга кириши, бу уларга катта имконият берган.
— Хитой илгари сураётган янги “Буюк ипак йўли” лойиҳаси Ҳартленд назариясига қандай таъсир кўрсатмоқда?
— Совет иттифоқи Римленд стратегиясини ёриб чиқиш учун Афғонистонга кирган эди, аммо бу ўзининг иқтисодий беқарорлигига сабаб бўлди. Хитой бу сценарийни такрорламаслик учун қирғоқбўйи давлатлари билан кучли рақобатга киришаётгани йўқ, хусусан, АҚШ билан. Шу сабаб ўзининг алтернатив қуруқлик йўллари орқали ҳаракат қилмоқчи. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Осиё Тинч океани минтақаси АҚШ назоратига ўтган. Агар бу минтақа таъсир қилмоқчи, ёриб чиқмоқчи бўлса, АҚШ ва денгиз давлатлари билан тўқнашув бўлади. Шунинг олдини олиш учун қуруқлик орқали ўзига йўл топди. Айни мана шу сабаб туфайли Хитой ва Россия ҳамкорлигини тушуниш мумкин.
Ҳозирги кунда ҳам Римленд ва Ҳартленд концепциялари амалда дейдиган бўлсак, Хитойнинг ўз қудрати, имкониятини сақлаб қолиши учун ягона йўл (можаросиз, юмшоқ куч асосида) – Римленд билан кесишмаган ҳолда, Ҳартленд ичида дунёга чиқиш. Пекин айнан шуни лойиҳа қилиб қўйди. Хитой АҚШ билан тўқнашишни истамайди, чунки Хитойнинг қудрати унинг саноатида, уни шу даражага чиқишида саноат ва мафкураси асосий ўрин тутади.
Римленд давлатлари эса Хитойнинг алтернатив йўли бўлишини истамайди, чунки бу йўл фақат Хитой учун эмас, Россия ва бошқа давлатлар учун ҳам ишлайди ва континентал минтақага таъсир қилиш ричагларини кучсизлантиради. Шу сабаб ҳам Марказий Осиё ва Шарқий Европага босимлар бўлади бу лойиҳаларни йўққа чиқариш учун. Қора денгиз бўйидаги давлатлар беқарорлигини шу билан тушунтириш мумкин.
Иккинчи масала ҳам бор. Жануб орқали ўтмаслик учун Римленд Ҳартлендга рақобат системасидаги концепциялар шаклланди. Бу ерда коммунизм бўлса, Ҳиндистон ва Покистонга капитализм олиб кирилди, Осиё Тинч океани минтақасидаги Япония, Жанубий Корея, Филиппин ва бошқа давлатлар ривожланишида АҚШ иштирок этди ва Хитойга рақобат ҳамда буфер ҳудуд сифатида шакллантирилди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
22:22 / 23.12.2024
Россиянинг Суриядаги базалари: улар ёпилса, нима бўлади?
20:10 / 21.12.2024
Путиннинг Киевда дуэл таклифи ва Ғарб билан музокарага киришган Жўланий — геосиёсий ҳафта таҳлили
20:15 / 17.12.2024