MBDA компанияси TAURUS ракеталарини ишлаб чиқаришни тўхтатди
MBDA концернининг Германия бўлинмаси ракета ишлаб чиқариш тўхтатилишини буюртмалар йўқлиги билан изоҳлади.
Европанинг Matra BAE Dynamics Aerospatiale (MBDA) концернига тегишли TAURUS ракета ишлаб чиқарувчисининг Германиядаги шуъба корхонаси раҳбари Томас Готтшилд буюртмалар йўқлиги сабабли уларни ишлаб чиқариш тўхтатилганини маълум қилди. У билан суҳбат 30 март, шанба куни Augsburger Allgemeine газетасида чоп этилган.
Готтшилднинг сўзларига кўра, мудофаа саноати буюртмаларсиз маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳақли эмас ва TAURUS учун буюртмалар бўлмаган. Шу билан бирга, у Украина сотиб олмоқчи бўлган ракеталарни ишлаб чиқаришни қайта тиклаш учун бироз вақт кетиши ҳақида огоҳлантирди.
«Агар ишлаб чиқариш тўхтатилса, TAURUS билан бўлгани каби, бу бизнинг саноатимиз учун муаммога айланади, - деб тушунтиради у. – Чунки асосан кичик ва ўрта корхоналар бўлган етказиб берувчиларимиз бундай ҳолларда ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўяди. Улар ишлаб чиқариш линияларини молиявий жиҳатдан ушлаб туришга қодир эмас. Шунинг учун, агар биз TAURUS учун янги буюртма олсак, етказиб берувчиларимиз биринчи навбатда қайта тикланиши ва, масалан, ўзини зарур хомашё билан таъминлаши керак».
«Мудофаа саноати мўъжизалар ярата олмайди: биз бугун буюртма олиб, эртага етказиб беришимиз имконсиз, - дейди менежер. - Шунинг учун ҳам сиёсатчилар билан муҳокама қилганда, биз ҳар доим буюртмалар қанчалик режалаштиришга боғлиқ эканини таъкидлаймиз. Мудофаа саноати келажакда, шу жумладан, қисқа муддатда имкониятларни тақдим эта олиши учун узоқ муддатли буюртмаларга муҳтож».
Шолц Украинага TAURUS етказиб берилишини рад этишда давом этмоқда
Германия федерал канцлери Олаф Шолц эса Украинага TAURUS ракеталарини етказиб бериш имкониятини рад этишда давом этяпти. У буни Германия Россия ва Украина ўртасидаги «урушнинг кучайишига йўл қўймаслик» ҳамда Россия ва НАТО ўртасидаги урушнинг олдини олишга ҳаракат қилаётгани билан изоҳлайди.
Мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) раиси Фридрих Мерц, ўз навбатида, TAURUS’ни Украинага жўнатишни фаол қўллаб-қувватлаяпти. Унинг сўзларига кўра, ракеталар Украинага «Россия армияси таъминот линияларини жиддий равишда бузишга» ёрдам беради.
Германия бундестаги ҳукмрон коалициядаги партияларнинг кўпчилик овози билан сўнгги ойларда Украинага ТAURUS ракеталари берилишига икки марта қарши чиқди. Шу билан бирга, немисларнинг ярмидан кўпи (61 фоиз) ТAURUS’нинг Украинага етказиб берилишига қарши, фақат 29 фоизи буни ёқламоқда. Бу - ARD телеканали ва Die Welt газетаси буюртмаси билан Infratest dimap институти томонидан ўтказилган Deutschlandtrend вакиллик сўрови маълумотлари. Улар 7 март куни оммага эълон қилинди.
Мавзуга оид
17:33 / 02.12.2024
Хитой янги космодромдан янги ракета учирди: миссия қандай ўтди?
16:59 / 18.11.2024
АҚШдан Хитойгача 40 дақиқада: Илон Маск самолётларни ракеталарга алмаштирмоқчи
08:16 / 18.11.2024
ГФР канцлери лавозимига «яшиллар»дан номзод Киевга TAURUS'ни ваъда қилди
12:00 / 30.10.2024