Жамият | 18:07 / 01.04.2024
15169
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ИИББ фирибгарликнинг янги туридан огоҳлантирди

Фирибгарлар асосан кексаларга қўнғироқ қилиб, фарзанди ёки яқин қариндоши «авария»га учрагани, ҳолатни ҳал қилиш учун пул кераклигини айтишмоқда.

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси телефон қўнғироғи орқали асосан қарияларга нисбатан қилинаётган фирибгарликнинг янги тури пайдо бўлганидан огоҳлантирди.

Бунда номаълум шахс қўнғироқ қилиб, бақириб йиғлаган овозда «она (ёки ота) мен «авария»га учрадим, бу менинг айбим билан содир бўлди. Жабрланувчи оғир аҳволда, уни зудлик билан операция қилиш керак, мени қамаб қўйишмоқчи», деган мазмунда гапиради. Сўнг бошқа шахс ўзини терговчи деб таништириб, яқин қариндоши, қизи ёки набираси авария сабабчиси бўлганини, ҳозир жиноят иши қўғатиш ва қамоққа олиш чоралари кўрилаётганини айтиб қўрқитади. Сўнгра, жиноят ишини қўзғатмаслик мақсадида гўё йўл транспорт ҳодисаси жабрланувчиси билан келишиш учун пул бериш кераклигини айтади. Сўнг жиноий гуруҳ аъзоларидан бири жабрланувчининг уйига юборилади. 

Курйер етиб келиб, пулларни олиб кетади. У юзини кўрсатмаслик учун тиббий ниқоб, очки ёки парик таққан бўлади. Курйер пулларни олиб кетганидан сўнг ҳам телефонда гаплашаётган жиноятчилар вақт чўзади ва бу орада воқеа жойидан қочиб қолишга ҳаракат қилади. 

Қайд қилинишича, бундай жиноий гуруҳ аъзоларининг бир нечтаси ушланган. Уларнинг бир нафари Қозоғистон, икки нафари Қирғизистон фуқаросидир. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-модаси (Фирибгарлик) ва 165-моддаси (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатган. 

Тошкент шаҳри ИИББ шундай қўнғироқ бўлганда, дарҳол телефонни ўчириб, фарзанд билан шахсан боғланиб, ҳолатни текширишни сўрамоқда.

Мавзуга оид