Иқтисодиёт | 15:23 / 02.04.2024
11781
2 дақиқада ўқилади

Биринчи чоракда давлат бюджети дефицити 19,8 трлн сўмдан ошди

Жорий йил январ ойида давлат бюджети тақчиллиги 5,7 трлн сўмни, февралда 7,2 трлн сўмни, мартда 6,8 трлн сўмни ташкил этди.

Фото: Kun.uz

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ ойида давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 159,9 млрд сўмни, харажатлари эса – 21 трлн 926,7 млрд сўмни ташкил этган. Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 5 трлн 766,8 млрд сўм.

Феврал ойида давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 908,9 млрд сўм, харажатлари эса – 24 трлн 137,1 млрд сўм бўлган. Салбий фарқ – 7 трлн 228,1 млрд сўм.

Март ойида эса давлат бюджети даромадлари – 17 трлн 457,2 млрд сўм, харажатлари эса – 24 трлн 307,1 млрд сўм бўлган. Салбий фарқ – 6 трлн 850 млрд сўм.

Умумий ҳисобда ўтган уч ойликдаги давлат бюджети тақчиллиги 19 трлн 884,8 млрд сўмни ташкил қилган.

2024 йил учун давлат бюджети ҳақидаги қонунга кўра, бюджет даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлар эса 280,7 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Консолидациялашган бюджет дефицити эса 52,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз даражасида чегараланган.

Мавзуга оид