Жаҳон | 12:30 / 03.04.2024
2105
4 дақиқада ўқилади

Давлат думаси «чет эл агентлари»нинг сайловларда иштирок этишини тақиқламоқчи

«Справедливая Россия» фракцияси «чет эл агентлари»нинг барча даражадаги сайловларда иштирок этишини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. РФ амалдаги қонунчилиги уларга сайловларни кузатишни тақиқлайди.

Фото: Russian State Duma/REUTERS

«Справедливая Россия - За правду» партияси фракцияси етакчиси Сергей Миронов ва РФ Давлат думасидаги партия фракцияси раҳбари ўринбосари Дмитрий Гусев 2 апрел, сешанба куни «чет эл агентлари» деб аталмиш реестрга киритилган фуқароларнинг сайловларда иштирок этишини тақиқловчи қонун лойиҳасини парламент муҳокамасига киритди. Бу ҳақда РБК агентлиги ўз ихтиёридаги ҳужжат асосида маълум қилди

Агентлик сайтида қайд этилишича, муаллифлар «чет эл агентлари» деб эълон қилинган Россия фуқароларини ҳам федерал ва минтақавий ҳокимият, ҳам маҳаллий ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, россиялик сиёсатчилар РФ фуқароларининг ушбу «тоифаси»ни давлат органлари, давлат ва коммунал хизматлар лавозимларига тайинлашни ҳамда улар сайлов комиссияларига аъзо бўлишини тақиқлашни режалаштирмоқда. 

Миронов журналистларга айтишича, ўз таклифини «кўпчилик чет эл агентлари ҳозирда хорижда яшаётгани, Россияга қарши позицияни эгаллаб тургани ва Украина Қуролли кучларини молиявий томондан қўллаб-қувватлаётгани» билан асослаган. 

Давлат думаси аввалроқ «чет эл агентлари» учун рекламани тақиқловчи қонунни қабул қилди

Феврал ойи охирида Давлат думаси «чет эл агентлари» учун рекламани тақиқловчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, ташкилотларга Россия расмийлари томонидан «чет эл агенти»деб тан олинган ҳар қандай шахсни реклама қилиш ва уларнинг ресурсларида ўзини реклама қилиш тақиқланади. Тақиқни бузганлик учун жисмоний шахслар учун 50 минг рублгача, юридик шахслар учун 500 минг рублгача жарима солинади. 

11 март куни РФ президенти Владимир Путин Россия фуқаролари ва компанияларига «чет эл агентлари» ресурсларида – уларнинг сайтлари, ижтимоий тармоқлари, блоглари ва бошқа платформаларида реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонунни имзолади. Ҳужжат, шунингдек, ОАВ ва интернетда «чет эл агентлари»нинг ўз ресурсларини реклама қилишни тақиқлайди.

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқ рўйхатига киритилган. Жисмоний шахслар – «чет эл агентлари» реестри 2022 йил апрел ойи бошида ишга туширилган бўлиб, у ННТлар – «чет эл агентлари», ОАВ – «чет эл агентлари» ва рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар – «чет эл агентлари» рўйхати билан бир қаторда тўртинчи рўйхат бўлди.

2022 йил декабр ойидан бошлаб қонун Россия расмийларига кўра, «чет элдан ёрдам оладиган» ва «хорижий таъсир остида» бўлганларни «чет эл агентлари» деб эълон қилиш имконини беради.

Мавзуга оид