Ўзбекистон | 20:45 / 03.04.2024
14698
2 дақиқада ўқилади

ИИВ интернет орқали келаётган террорчилик чақириқлари юзасидан мурожаат билан чиқди

Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқлар орқали пул эвазига жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушаётганини маълум қилди. Фуқаролар бундай хабарни олган тақдирда уни бошқаларга улашмаслиги, хабар юборган аккаунтни блоклаб, дарҳол “102”га мурожаат қилиши лозим.

Foto: AP

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги интернет орқали террорчилик ҳуружлари ҳақида чақириқлар тарқалаётганини маълум қилиб, бу борада аҳолига мурожаат билан чиқди.

“Ҳурматли фуқаролар! Охирги вақтларда дунёнинг турли мамлакатларида содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг, республикамиз ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда.

Бу каби провокацион хабарлар асосан Telegram мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бериб, ушбу ҳаракатларга рад жавобини эътиборга олмайдилар.

Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек, болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар.

Ҳурматли фуқаролар! Агарда Сизга бу каби хабарлар келиб тушса, ваҳимага тушманг ва уларни очиқ чатлар, танишларингиз ва дўстларингизга юбормай, дарҳол “102” рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беринг. Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг.

Ёдингизда тутинг, фирибгарлар жамоатчилик орасида ваҳима уйғотиш учун бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда! Республика ҳуқуқ-тартибот органлари эса хавфсизликка бўлган ҳар қандай таҳдидларни бартараф қилиш борасида ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўрмоқда”, – дейилади вазирлик мурожаатида.

Мавзуга оид