Ўзбекистон | 23:06 / 03.04.2024
9354
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ва Гулзор маҳалласида бўлди

Давлат раҳбари мактабда ва маҳаллада яратилган шароитлар билан танишди. Сумалак сайлида иштирок этди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрел куни Тошкент шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабини кўздан кечирди. 

Мактаб ўтган йили республика бюджети маблағлари ҳисобидан бунёд этилган. 250 ўқувчига мўлжалланган. Жорий ўқув йилида 1-синфга 145 нафар ўғил-қиз қабул қилинган. Бу ерда ёшлар 12 йўналиш бўйича мактабдан ташқари таълим олади. Ўқувчилар ижодий имтиҳонлар асосида саралаб олинади. Элликка яқин ўқув ва компьютер хоналари, тадбирлар залида шинам шароитлар яратилган. Кутубхонада 5 минг 500 дан ортиқ ўқув адабиёти ва ноталар жамланган. 

Президент санъат маънавий бой авлодни тарбиялашга хизмат қилишини, бунга меҳрни болаликдан бошлаб шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда умумий таълим тизими билан мусиқа таълими дастурларини уйғунлаштириш муҳимлиги айтилди. Санъат мактаблари билан олийгоҳлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларининг ҳамкорлиги тизимини кучайтириш вазифаси қўйилди. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 3 апрел куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Гулбозор маҳалласида бўлди. 

Гулбозор Тошкентнинг тарихий қисмида, Чорсу бозори ёнида жойлашган. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий туристлар кўп келади. Таъкидланишича, шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилди. Кўча ва уйларда пойтахтнинг қадимги кўринишини сақлаб қолган ҳолда қўшимча шароитлар яратилди. 

Хусусан, барча коммуникация тармоқлари ер остидан ўтказилди. Кўча бошида тарихий дарвоза қайта тикланди. Ўймакор устунли катта айвон, унга яқин жойда ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари ташкил қилинди. «Нон тарихи» ва «Қадимги Тошкентга саёҳат» номли кўргазмалар очилди. Уч юлдузли меҳмонхона ҳам бунёд этилмоқда. 

Қайд қилинишича, бу кўча Шайхонтоҳур туманида ташкил этилаётган «туризм ҳалқаси»нинг бир қисми бўлади. 

Маҳалла аҳли давлат раҳбарига ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ерда 2 минг 670 нафар аҳоли яшайди. Савдо, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш ривожлангани натижасида маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланган. «Хавфсиз ҳудуд» тизими жорий этилган. 

Президент миллий кийимлар ва амалий санъат маҳсулотларини кўздан кечирди, уларни тайёрлаётган ҳунарманд хотин-қизлар билан суҳбатлашди. 

Давлат раҳбари маҳалладаги сумалак сайлида иштирок этди. Онахонлар тинч-осойишта юртга байрамлар ярашишини, бунинг учун Яратганга беҳисоб шукур қилишини айтишди. Шавкат Мирзиёев уларни муборак Рамазон кунлари билан табриклаб, эзгу тилаклар изҳор этди. Халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуолар қилинди. 

Мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»ни давом эттириб, соҳада бандликни ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

– Замонавий мажмуалар ҳамма жойда бор. Биз хорижий сайёҳларни буюк тарихимиз билан кўпроқ жалб этишимиз мумкин. Шунинг учун бу ер кечаю кундуз фаолият юритадиган туристик марказга айланиши керак. Бундай этнографик масканларни кўпайтириш, миллий қадриятларимизни намойиш этиш, турли фестиваллар ўтказиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид