Жамият | 08:27 / 03.04.2024
2963
2 дақиқада ўқилади

SMS орқали сохта ҳавола жўнатиб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди

Муқаддам судланган фуқаро такроран жиноятга қўл урди.

Фарғона вилояти Сўх туманида яшовчи 27 ёшли Н.Р. ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган банк картасидан 2 720 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сўх туманида яшовчи, муқаддам ЖКнинг 168-моддаси билан судланган 24 ёшли Э.М. содир этгани аниқланди.

Унга кўра, Э.М. жабрланувчи Н.Р.га SMS-хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритиб, унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва 2 720 000 сўм пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б,г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Э.М.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми "б,г" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид