Тошкентда боғча тарбиячиси бола билан қўпол муносабатда бўлиб, қўлини кўкартириб қўйди
Ҳодиса Юнусобод туманидаги 414-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. Хонага ўрнатилган кузатув камераси ёзиб олган тасвирларда тарбиячи гуруҳдаги қизалоқлардан бирига қўпол муносабатда бўлиб, қўлини силтаб, бақиргани кўринади. Боланинг яқинлари воқеадан хабар топгач тарбиячи ишдан бўшатилган.
Kun.uz’га тақдим қилинган видеоёзувга кўра, ҳолат 27 март санасида содир бўлган. Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг 414-сонли давлат боғчасида тарбиячи қизалоқлардан бирига бақириб, у билан қўпол муносабатда бўлган. Хархаша қилган болага қараб, жим бўлишини, бўлмаса урушини айтган. Педагог боланинг қўлини силташи оқибатида баданини кўкартириб қўйган, буни таҳририятга юборилган расмда кўриш мумкин.
“Мен камеранинг фақат 1 кун 3 соатлик ёзувини кўрдим. Шу 3 соат ичида болам йиғлаётгани учун 3 марта қўпол муомала қилган, уни оғзига зўрлаб шиша “бутилка”ни тиқиб қўйган, “жим бўл, бўлмаса ўлдираман” деган. Болам "урманг" деб бақирган.
Болаларга нисбатан яхши сўз йўқ, фақат бақиришгани, бошига уришганини кўрдим. Уйда баланд овозда гапиришни бошласам, қулоқларини ёпиб олади. Ўзимни айблагандим, маълум бўлдики, боламнинг руҳиятини шу одам бузган экан. Фарзандим ҳали 4 ёшга ҳам кирмади, лекин жуда кеч гапира бошлаяпти”,– дейди жабрланувчининг онаси.
Таъкидланишича, ҳолат бошқа болалар билан ҳам доимий такрорланиб келади. Педагог ҳолатни онага изоҳларкан, сўнгги пайтларда асаблари бузилиб кетганини, оилавий муаммолари борлигини айтган. Онанинг муассаса раҳбариятига мурожаатидан сўнг, у ишдан олинган.
Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирган. Унга кўра, Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолатни ўрганиши давомида тарбиячи ҳақиқатан ҳам болага нисбатан ниҳоятда қўпол, педагог учун хос бўлмаган муносабатда бўлганлиги аниқланган.
Мазкур мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан бундай номақбул ҳолатларга йўл қўймаслиги зарурати таъкидланиб, 29-март куни тарбиячи С.И. га нисбатан интизомий чора кўрилган ва тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ҳозирда ҳолат Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.
Мавзуга оид
20:43 / 28.06.2024
Бухородаги боғчада болалардан бирининг отаси бошқа болага жароҳат етказди
15:26 / 22.06.2024
Жиззахдаги боғчада болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячига жиноят иши қўзғатилди
16:06 / 07.06.2024
"Саратон ва бошқа жиддий касалликлар боғчадаги сифатсиз таомланишдан келиб чиқмоқда" - мутахассис билан суҳбат
17:30 / 25.05.2024