Жаҳон | 21:10 / 05.04.2024
20510
6 дақиқада ўқилади

Ростов яқинидаги аэродромга дронлар ҳужум қилди. Украина бир қанча самолёт йўқ қилинганини айтмоқда

BBC украин хизматининг Украина кучишлатар тузилмалардаги манбалари Украина хавфсизлик хизмати томонидан Ростов областидаги Морозовск ҳарбий аэродромига ҳужум оқибатида олтита ҳарбий самолёт йўқ қилингани, яна саккизтаси «жиддий шикастлангани»ни маълум қилган. Россия мудофаа вазирлиги фақат Ростов областида украинларнинг 44 та дрони уриб туширилгани ҳақида хабар берган.

GETTY IMAGES/ MAXAR TECHNOLOGIES

Манбаларга кўра, аэродромда Су-27 қирувчилари ҳамда сўнгги вақтларда фронт чизиғи яқинида фаоллашган Су-34 бомбардимончилари жойлаштирилганди.

Морозовскда дронлар орқали амалга оширилган ҳужум ҳақидаги илк маълумотлар жумага ўтар кечаси пайдо бўлганди.

Москва вақти билан тунги соат иккилар чамаси Ростов области губернатори Василий Голубев қисқача хабар қолдирди: «Морозовск районида ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаси учувчисиз учар аппаратларнинг ёпирилма ҳужумини қайтармоқда».

Бунгача Россия нашрлари, жумладан пропагандачи «Readовка» ҳужум нишони Морозовскдаги аэродром бўлганини хабар қилганди.

Кейинроқ Голубев дронлар электр нимстанциясига урилгани ҳамда унга «арзимас даражада» зарар етказгани, айни пайтда жабрланганлар йўқлигини айтиб чиқди.

Губернатор куннинг иккинчи ярмида телеграмдаги каналида қолдирган яна бир постида жумага ўтар кечаси «Морозовск районида, аэродром яқинида» дронлардан бири қулаши оқибатида портлаш содир бўлгани, бунинг натижасида саккиз киши жароҳатланганини ёзди. «Дрон қулаган жойда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея ёзган Голубев.

Тунда Саратов областида Россиянинг йирик бомбардимончи самолётлари жойлаштирилган Энгелс шаҳрига ҳам украин дронлари ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқалганди. «Энгелсда эрта тонгда учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинди.  Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар қулаши оқибатида жабрланганлар ҳамда инфратузилмалар вайрон бўлиши қайд этилмаган», — дея ёзди телеграмда Саратов области губернатори Роман Бусаргин.

Унинг бундай формулировкасидан йўқ қилинган дронлар сони қанча бўлгани ҳақида аниқ хулоса чиқариб бўлмайди. Маҳаллий пабликлар кўплаб портлашлар ҳақида хабар тарқатган, аммо ҳаводаги нишон ракета билан уриб туширилса, уни тутиб қолиш учун камида иккита ракета учирилади.

Энгелс аввалдан Ту-95 ва Ту-22 русумли оғир бомбардимончи самолётлар учун база сифатида машҳур, бу самолётлар Украинанинг ички ҳудудларига узоқ масофадан, одатда Каспий ҳудудидан қанотли ракеталар учириш учун фойдаланилади.

Уруш давомида мазкур аэродром бир неча бор украинлар томонидан ҳужумга учраганди.

РФ мудофаа вазирлиги тунда қанча дрон қаерларда уриб туширилгани бўйича ўз маълумотини эълон қилган, унга кўра Саратов областида битта, Ростов областида — 44 та дрон уриб туширилган. Шунингдек, Краснодар ўлкаси узра олтита, Курск ва Белгород областларида биттадан дрон тўхтатилгани маълум қилинган.

Таҳлил: натижаларини аниқ баҳолаш қийин бўлган энг кенг кўламли зарбалардан бири

Павел Аксенов, BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси

Россия ҳудудларидаги бир қанча нишонлар бўйлаб ёпирилма ҳужум амалга оширилган — Россиядаги манбаларга кўра, унда ўнлаб дронлар иштирок этган.

Энг кучли зарба Ростов областидаги Морозовск аэродромига йўналтирилган. Rybar телеграм-канали ёзишича, жами 44 та аппарат уриб туширилган — 26 таси «Панцир-С1» зенит-ракета комплекси орқали, 18 таси — ўқотар қуроллар билан.

Бу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз.

Ўз навбатида, Украинадаги манбалар Ростовдаги аэродромга зарбалар натижасид камида олтита самолёт йўқ қилингани, саккизтаси эса «жиддий даражада шикастлангани»ни айтишган.

Зарба вақтида Морозовскда олингани айтилган видеокадрлар орқали зарба натижалари ҳақида аниқ хулоса қилиб бўлмайди.

Зарба натижалари ҳақидаги маълумотларни аэродромнинг 5 апрел куни сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари эълон қилинганида тасдиқлаш мумкин бўлади.

OSINT-тадқиқотчиси MT Anderson твиттердаги саҳифасида 4 апрел куни тахминан тушдан кейинги соат учда радиолокация сунъий йўлдоши орқали олинган суратларни жойлаштирган.

Уларда Су-27 оиласига мансуб самолётларни кўриш мумкин — радиолокация тасвирлари у қадар тиниқ эмаслиги туфайли бу самолётлар русумига аниқлик киритиб бўлмайди.

Бу оила Су-34 фронт бомбардимончилари ҳамда Су-35 қирувчиларини ўз ичига олади. Уларнинг иккиси ҳам Google Maps харитасида аэродромнинг 2023 йил 10 июлида олинган тасвирларида акс этган.

Ҳужум кўлами тўғрисида Россия манбалари томонидан келтирилган баҳоларга кўра, украин ҳарбийларида худди Россия армияси томонидан амалга ошириладиган кўламдаги ёпирилма зарбаларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлган.

Бир объектга қирқдан ортиқ дрон орқали уюштириладиган ҳужумни қайтариш жуда қийин — бунинг учун захирада кўп миқдорда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўлиши талаб этилади.

Агар бу дронлар бир вақтнинг ўзида зарба берса ёки қисқа вақт оралиғида учиб келса, бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини мушкул аҳволга солиб қўяди.

Украина билан урушда Россия Су-34, Су-35, шунингдек Су-30 қирувчи самолётларидан (у ҳам шу оилага мансуб) фойдаланмоқда.

Россия армияси Су-34 бомбардимончиларидан универсал режалаштириш ва йўналтириш модулида бошқариладиган авиабомбалар билан зарба беришда фойдаланади.

Бу уларга бомбаларни нишондан бир неча ўн километр узоқликдан туриб, Украина қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳаракатланадиган масофага кирмасдан юбориш имконини беради.

Шарҳловчиларнинг баҳоларига кўра, бу бомбалардан фойдаланиш сўнгги ойларда Россия армиясига фронтнинг бир қанча участкаларида илгарилашни таъминлаган.

Мавзуга оид