Украинанинг 6 вилоятида электр таъминотида режали узилишлар жорий этилмоқда
Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига қилган ҳужумлари натижасида зарур ишлаб чиқариш қуввати етишмаяпти, дея маълум қилди «Укрэнерго» компанияси.
Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумлари кучайиши муносабати билан олти вилоятда электр токини режали ўчириш жорий этилмоқда. 4 апрел, пайшанба куни «Укрэнерго» давлат компанияси зарур ишлаб чиқариш қуввати йўқлиги сабабли Днипропетровск, Донецк, Запорижжя, Кировоград, Полтава ва Суми вилоятларида соат 18:20 дан 22:00 гача электр энергияси истеъмолини чеклаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирларни эълон қилди.
Ҳудудларда электр энергиясининг мавжуд ҳажмларини истеъмолчилар навбатлари ўртасида тенг тақсимлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Харкив вилоятида, шунингдек, Кривой Рог шаҳридаги саноат истеъмолчилари учун энергия таъминоти чекловлари амал қилади.
«Россия зарбаларининг оқибатлари»
«Бу Россиянинг Украина электр станцияларига қилган сўнгги йирик ҳужумлари натижасидир. Шунингдек, кечқурун совуқ ҳаво туфайли мамлакатда истеъмол ортиб бормоқда», - дея маълум қилди компания.
Сўнгги ҳафталарда РФ Украинанинг энергетика инфратузилмасига бир қатор йирик ҳужумларни амалга оширди. Хусусан, 22 мартга ўтар кечаси ҳужумлар натижасида энг йирик ДТЭК компанияси ишлаб чиқариш қувватининг ярмини йўқотди, Запорижжядаги ДнипроГЭС ҳам зарар кўрди. 25 мартга ўтар кечаси Россия Украина жанубидаги иккита нимстанцияга зарба берди, натижада Одессанинг бир қисми ва Одесса вилояти билан алоқа узилиб қолди. 29 мартга ўтар кечаси Россия зарбалари туфайли Украинанинг бир қанча вилоятларида электр станциялари зарар кўрди. Харкив расмийларининг айтишича, шаҳардаги деярли бутун энергетика инфратузилмаси вайрон бўлган.
Мавзуга оид
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00