ДХХ Қирғизистон ва Тожикистондан олиб келинган 11 кг гиёҳвандлик воситасини мусодара қилди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Қирғизистон ва Тожикистондан олиб келинган жами 11,2 кг гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Чортоқ-Наманган йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Чортоқ туманида яшовчи, муқаддам судланган шахснинг ёнида 2 кг 47 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 4 кг 942 гр “гашиш” моддаси олинди.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами 6 кг 989 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик моддалар муқаддам қирғизистонлик наркокурерлар томонидан Чортоқ туманига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилгани маълум бўлди.
Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Янгиқўрғон туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ўзининг бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли автомашинада 1 кг 842 гр “гашиш” моддасини Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарога 14 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситасини қирғизистонлик наркокурер муқаддам Янгиқўрғон туманидаги хуфия жойга қолдириб кетганлиги маълум бўлди.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи 3 нафар фуқаро Тожикистондан олиб келинган 936 гр “опий” моддасини харидорга бериб, ундан келишилган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган ургутлик шахс ҳам ушланди.
Мазкур шахсларнинг 2 нафари муқаддам содир этган жиноятлари учун судланган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қувасой шаҳрида яшовчи шахс муқаддам тожикистонлик жиноий шериги томонидан Қувасой шаҳридаги хуфия жойга қолдириб кетилган 950 гр “гашиш” моддасини олиб, уни ҳамшаҳарига пулини кейинчалик бериш шарти билан 6 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик савдосига Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам алоқадор экани аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.
Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Тожикистондан олиб келинган 492 гр “гашиш” моддасини 75 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид
07:49 / 16.12.2024
6 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини сақлаётган шахслар аниқланди
16:18 / 10.12.2024
Суриядаги урушда қатнашиб, вазиятни ёритаётган ўзбекистонлик шахс қидирувда экани маълум қилинди
16:04 / 29.11.2024
3 ёшли боланинг қотили 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди
12:38 / 25.11.2024