Жаҳон | 10:35 / 06.04.2024
40262
13 дақиқада ўқилади

“Путиннинг самолёти” – Ил-96 самолёти тарихи

СССР тарқаб кетгач Россия авиасаноати оғир вазиятга тушиб қолади. Фуқаро авиацияси учун самолётлар ишлаб чиқариш тўхтаб қолади. 1990-йиллар охирида Европа Иттифоқи ўз осмонида совет самолётлари парвозини тақиқлагач, авиасаноат батамом инқирозга учрайди. Россияликлар айрим самолётларни янгилай олишади холос. Улар орасида ҳукумат вакиллари ва Россия президентини олиб юрадиган Ил-96 самолёти бор эди.

Фото: lenta.ru

Бугун совет даврида лойиҳалаштирилган ва тайёрланган самолётларнинг аксарияти ишлаб чиқарилмайди. Бунинг сабаблари жуда кўп. СССР парчалангач иттифоқдош республикаларда жойлашган корхоналар ўртасида алоқалар узилади.

СССРда 1960-70 йилларда ишлаб чиқарилган самолётлар узоқ йиллар давомида янгиланмайди. Оқибатда 1990-йилларга келиб улар халқаро талабларга жавоб бермай қўяди.

Айниқса, совет самолётларига ўрнатилган двигателлар ишончсиз, шунингдек, уларнинг шовқини жуда баланд эди. Ўша пайтларда Ғарбда тайёрланган шовқини паст ва сифатли двигателлар Европадаги Airbus консорцуми ва АҚШнинг Boeing компаниясидан ортмасди.

Ана шундай шароитда Россия СССР даврида ишлаб чиқарилган самолётларнинг аксариятини мукаммаллаштира олмади. Фақат бир неча турдаги самолётларнинг янгиланган моделларини тайёрлай олишди холос.

Улар орасида асосан ҳукумат вакиллари ва Россия президентига хизмат қилган Ил-96 самолёти ҳам бор.

Ил-96 лойиҳаси тарихи

1970-йилларда СССРдан узоқ масофаларга парвоз қилишда фақат Ил-62 самолётидан фойдаланишарди. Бу самолётга 168-186 нафар йўловчи сиғарди ва у кескин ошган эҳтиёжларни қондира олмай қолади.

Шундан сўнг советлар кенг фюзелажли Ил-86 самолётини ишлаб чиқаришади. Бироқ бу самолёт Ил-62га ўхшаб узоқ масофаларга уча олмасди. Шу сабабли бу самолёт унча оммалашмайди ва ундан бор-йўғи 100 дона атрофида тайёрлашади холос.

1970-йиллар ўрталарида Илюшин конструкторлик бюроси муҳандислари Ил-86 базасида ёқилғи сиғими тўлдирилганда 9 минг километргача парвоз қила оладиган янги самолёт лойиҳаси устида иш бошлайди.

Лойиҳа аввалига шартли равишда Ил-86Д деб номланади. Кейинроқ Ил-96 деб ўзгартирилади. Ил-86 дан фарқли равишда Ил-96 да қанотлар ўлчами катталашди. Двигател қуввати оширилади.

Самолётнинг синов парвози 1988 йил 28 сентябрда Москвадаги аэродромда ўтказилади. Уни таниқли учувчи Станислав Близнюк бошчилигидаги экипаж бошқаради ва парвоз 40 дақиқа давом этади.

Кейинги синов парвозида Ил-96 Москва – Петропавловск-Камчатка йўналишида тўхтамасдан 14 800 км масофани учиб ўтади. Парвоз 18 соат давом этади.

1992 йилда Ил-96 Москвадан АҚШнинг Портленд шаҳрига яна Якутск ва Тошкентга ҳам синов парвозларини амалга оширади. Самолёт Якутскда -50 даража совуқда, Тошкентда +40 даража иссиқда синовдан ўтказилади. Ўша йили учувчилар унга яроқлилик сертификатини беради.

Самолётдан фойдаланиш 1993 йилда бошланади. Ўша йили 14 июл куни Аэрофлотга тегишли Ил-96 самолёти Москва – Ню-Йорк – Москва йўналишида биринчи тижорий парвозни амалга оширади.

Шундан сўнг яна бир нечта Ил-96 фойдаланишга топширилади ва улар дунёнинг турли шаҳарларига парвоз қила бошлайди.

1993 йилда Ил-96-300 бироз такомиллаштирилади, фюзелаж бироз узайтирилади ва бу модел Ил-96М\Т номи билан ишлаб чиқарилади. 1997 йилда Ил-96-400 модели тайёрланади.

Ил-96 самолётлари асосан Воронеждаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланган.

Ил-96-300 нинг техник хусусиятлари

  • Узунлиги – 55,3 метр (Ил-96-400 64 метр);
  • Қанотлар узунлиги – 57,6 метр (Ил-96-400 60,1 метр);
  • Салоннинг эни – 5,7 метр;
  • Йўловчилар сиғими – 300 киши (Ил-96-400 да 435 киши);
  • Максимал тезлиги – соатига 900 км;
  • Ёқилғи сиғими тўлдирилганда парвоз қилиш масофаси (тўла юк билан) – 9 000 км (бўш ҳолда 15 000 кмгача);
  • Парвоз қилиш баландлиги – максимал 12 000 км;
  • Экипаж сони – 3 киши;
  • Двигателлар сони – 4 та.

Фуқаро авиациясидан фойдаланилган Ил-96 самолётларида йўловчилар учун гардероб, шунингдек, 7 та ҳожатхона қилинган. Қишки мавсумда бир нечта ўриндиқ олиб ташланиб, қўшимча гардероб қилинган.

Ил-96 салони \ dzen.ru

Ил-96 нинг турли моделлари

Ил-96-300. Ил-96 самолётларининг дастлабки модели шундай аталган. Ил-96 нинг турли русумларидан умумий ҳисобда 30 та ишлаб чиқарилган ва улардан 20 таси Ил-96-300 самолёти ҳисобланади. 2009 йилда Ил-96-300 ишлаб чиқаришдан олиб ташланиши айтилган эди.

Ил-96-300ПУ\ПУ(М1). Бу самолёт Ил-96-300 базасида Россия президенти учун махсус ишлаб чиқарилган русум ҳисобланади. Ундан жами бешта тайёрланган.

Ил-96-300ПУ самолётининг биринчиси 1995 йил Борис Елцин учун тайёрланган. Путин учун тайёрланган иккинчиси илк бор ҳавога 2003 йилда кўтарилган. Учинчиси 2012 йилда, тўртинчиси 2013 йилда, бешинчиси 2015 йилда илк бор парвоз қилган.

Путин фойдаланадиган Ил-96-300ПУ \ Фото: lenta.ru

Ҳозирги пайтда Путин учун Ил-96-300ПУ самолётидан яна иккита буюртма берилган. Уларнинг қачон тайёр бўлиши аниқ эмас.

Ил-96-400. Бу самолёт Ил-96 самолётининг такомиллаштирилган русуми ҳисобланади. У Ил-96-300 га қараганда 10 метрга узунроқ, қаноти ҳам бироз катта. Унга 435 нафар йўловчи жойлаша олади.

Ил-96-400Т. Бу самолёт Ил-96-400 самолётининг ўзи. Фақат у йўловчи эмас, юк ташиш учун мослаштирилган. Ил-96-400Т нинг дастлабкиси 1997 йилда тайёрланган. 2007 йилда ундан яна битта ишлаб чиқарилади.

Дастлабки иккита Ил-96-400Т самолётларидан узоқ вақт “Атлант-Союз” хусусий авиакомпанияси фойдаланади (кейинчалик у номини “Москва авиакомпанияси” деб ўзгартирган).

Авиакомпания яна иккита шундай русумдаги самолётларни буюртма беради. Бироқ молиявий муаммолар туфайли харид қила олмайди. Ишлаб чиқарувчи уларни Мудофаа вазирлигига сотади.

Ил-96-400ТЗ. 2015 йилда Россия Мудофаа вазирлиги ишлаб чиқарувчидан Ил-96-400ТЗ деб номланган яна иккита самолётни буюртма билан олади. Улар бошқа самолётларга ҳавода ёқилғи қуйишга мослаштирилган эди.

Ёқилғи қуйишга мосланган Ил-96

Шунингдек, юк ортиб юришга мўлжалланган Ил-96Т транспорт самолёти, 1990-йиллар ўрталарида хорижликлар билан ҳамкорликда тайёрланган Ил-96МО, Ил-96-400М каби самолётлардан бир донадан тайёрланган.

Сўнгги йилларда россиялик авиасозлар юк ташишга мўлжалланган Ил-96-500 ва Ил-96-550 русумли йўловчи самолётини тайёрлаш устида иш олиб боришган. Бироқ уларнинг қачон фойдаланишга топширилиши аниқ эмас. Ил-96-550 самолёти аввалги русумлардан ҳам йирикроқ бўлиши ва унга 550-600 нафар йўловчи сиғиши мумкинлиги айтилган холос.

Путиннинг самолётлари

Совет даврида СССР раҳбарлари Никита Хрушчёв ва Леонид Брежнев Ил-18 ва Ту-114 самолётларида парвоз қилган. Кейинчалик Ил-62 ишлаб чиқарилгач Брежнев, Юрий Андропов, Константин Черненко ва Михаил Горбачёв шу самолётда парвоз қилган.

СССР парчаланиб кетгач, Россияга Борис Елцин президент бўлади ва у навбати билан бир нечта самолётлардан фойдаланади. Жумладан, Елцин Ил-62, Ту-154, Ту-134 ва Ту-114 самолётларида парвоз қилган.

Россия президентлари шу пайтгача жами бешта Ил-96 самолётларидан фойдаланган. Шундан тўрттаси Путин учун тайёрланган. Дастлабкиси Ил-96-300ПУ самолётидан 1996 йилда Елцин фойдалана бошлаган.

2000 йилда Россияга Путин раҳбар бўлгач, 2003 йилда унга бошқа Ил-96 тайёрлаб берилади. 2008 йилда президентлик Дмитрий Медведевга ўтгач, у Россия президенти фойдаланадиган авиапаркни яна иккита Ил-96 билан тўлдиришини айтади.

Путин фойдаланадиган Ил-96-300ПУ \ Фото: stock.adobe.com

2012 йилда учинчи, 2014 йилда тўртинчи Ил-96 самолёти Россия президенти авиапаркига топширилади. 2015 йилда Путинга бешинчи Ил-96 самолётини тақдим этишади.

2015 йилда Россия президенти учун яна иккита Ил-96 самолётлари буюртма берилади. Улар 2017 ва 2018 йилларда фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ Путин ва унинг жамоаси бу самолётларни қабул қилиб олгани ҳақида маълумот топилмади.

Сўнгги маълумотларга кўра, шу пайтгача ишлаб чиқарилган 30 та Ил-96 дан 14 таси парвоз қилишда давом этмоқда. Уларнинг 11 тасидан россияликлар, 3 тасидан кубаликлар фойдаланишмоқда.

11 та Ил-96 фойдаланувдан чиқарилган ва улар турли жойларда сақланмоқда. Улар орасида Кубага сотилган яна битта Ил-96 ҳам бор.

Кубага сотилган Ил-96 \ Фото: arms-expo.ru

Учта Ил-96 металлоломга топширилган. Яна учта самолёт ишлаб чиқариш босқичида. Ҳозирча уларнинг қачон фойдаланишга топширилиши аниқ эмас.

Турли йилларда Ил-96 самолётларини ишлаб чиқариб, Хитой, Сурия, Зимбабве ва Эрон авиакомпанияларига сотилиши ҳақида хабарлар чиққан. Бироқ кейинчалик турли сабабларга кўра бу ишлар амалга ошмаган.

Ил-96 самолётларининг нархи оддий русумда 100 миллион долларга нархланади. Уларга қўшимча жиҳозлар ўрнатилса, нархи бундан ҳам баландроқ бўлади. Масалан, Путин фойдаланадиган Ил-96 қарийб 150 млн долларга баҳоланади.

Путин фойдаланадиган самолётлар “Россия” махсус учувчи отряди корхонаси ҳисобида туради. Уларга ФХХ махсус назорати остида техник хизмат кўрсатилади.

2021 йилда Путиннинг самолётини бошқарган ва унда экипаж командири бўлган Владимир Попов президентни олиб юрадиган Ил-96 ҳақида гапириб берганди.

Унинг айтишича, Путинни олиб юрадиган Ил-96 ларда хавфсизлик юқори даражада таъминланган. Самолётлар радиолокацион, радиотехник, оптик-электрон ва визуал назорат билан таъминланган.

Путин фойдаландиган Ил-96-300ПУ самолётининг ички кўриниши

Шунингдек, собиқ учувчи Ил-96 ларда барча ускуналар фавқулодда вазиятлар учун иккитадан, ҳатто баъзи ускуналар ундан ҳам кўп ўрнатиб чиқилганини айтган. Яъни бири ишламай қолса, иккинчисидан фойдаланилади.

Президентни олиб юрадиган Ил-96 да тўртта двигател бор. Уларнинг иккитаси ишдан чиқса ҳам, қолган иккитаси керакли баландликка кўтарила олади ва белгиланган тезликда парвозни давом эттиради. Агар самолёт белгиланган баландликда ва тезликда учаётган бўлса, учта двигател ишдан чиққан тақдирда ҳам, қолган биттаси яна 800 км масофани учиб ўта олади ва қўнади”, дейди Попов.

Ил-96 самолётлари билан содир бўлган нохуш ҳодисалар

Биринчи ҳодиса. 2004 йил 5 октябр куни Россия оммавий ахборот воситалари Путинни олиб юрадиган Ил-96 билан содир бўлган авария ҳақида ёзиб чиқади. Унга кўра, ўша йили 29 сенябр куни Португалия пойтахти Лиссабон шаҳридаги халқаро аэропортдан ҳавога кўтарилаётган Ил-96 қушлар галасига дуч келади.

Оқибатда қушлар самолёт двигателига шикаст етказади ва Ил-96 ҳавога кўтарила олмайди. Шундан сўнг унинг парвози бекор қилинади. Ўшанда Путин самолётда бўлмаган дейилади.

Аслида бу ҳодиса ҳақида ҳеч ким билмаслиги ҳам мумкин эди. Ўшанда самолётлар парвозини фото ва видеога олувчи португалиялик спотер Мигел Клаудио айнан Ил-96 билан содир бўлган ҳодисани кузатган ва суратга олганди. Унинг хабаридан сўнг Путиннинг самолёти Лиссабон аэропортидан парвоз қилаётганда фавқулодда ҳолга тушгани ҳақида барча хабардор бўлади.

Путинни кутиб олиш маросими \ Фото: twitter.com

Иккинчи ҳодиса. 2005 йил 2 август куни давлат ташрифи билан Финландияга борган Путин орқага қайтиш учун Турку шаҳри аэропортида турган Ил-96 га чиқади. Бироқ техник муаммолар туфайли самолёт парвоз қила олмайди.

Шундан сўнг Россиядан захирада турган Ил-62 чақирилади ва шу самолёт Путинни Россияга олиб қайтади. Кейинчалик Ил-96 нинг тормоз тизими ишдан чиққани ва бу муаммо бошқа Ил-96 ларда ҳам борлиги ойдинлашади.

Шундан сўнг Россияда Ил-96 самолётлари парвози бир муддат тақиқланади. Финландиядаги самолётни Россияга қайтариб олиб келиш учун Россияда Ил-96 нинг тормоз тизими тайёрланади. Сўнг эҳтиёт қисмлар Финландияга олиб борилиб, самолёт тузатилади ва Россияга олиб келинади. Бошқа Ил-96 ларнинг тормоз тизими ҳам жуда катта маблағ ҳисобига алмаштириб чиқилади.

Путин учун тайёрланган янги Ил-96-300ПУ самолёти \ Фото: airliners.net

Учинчи ҳодиса. 2014 йил 3 июн куни Москвадаги Шереметево аэропортида техник ҳудудда турган Ил-96 ёниб кетади. Текширувларда ёнғин учувчилар кабинасидан бошлангани аниқланади.

Ҳодиса оқибатида нархи қарийб 150 млн доллар турадиган Ил-96 бутунлай яроқсиз ҳолга келади. Уни металлни қайта ишловчи корхонага бериб юборишади.

2023 йилда Россияда Ил-96-400М янги русумдаги самолёт синови муваффақиятли ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу самолётда 370 йўловчи ўрни бўлиши айтилди. Ҳозирча Ил-96-400М фойдаланишга топширилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид