Қозоғистондаги сув тошқинлари сўнгги 80 йилдаги энг йирик табиий офатга айланди — Тўқаев
Сув тошқинлари туфайли мамлакатнинг 10 та вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Қозоғистонда март ойида бошланган йирик сув тошқинлари республикадаги сўнгги 80 йилдаги энг йирик табиий офатга айланди, деди мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев. У шанба куни телевидение орқали халққа мурожаат қилди.
«Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Балки бу ўз кўлами ва оқибатлари бўйича сўнгги 80 йилдан ортиқ вақтдаги энг йирик офатдир», деб давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради Оқўрда.
Тўқаевнинг қўшимча қилишича, сув тошқинлари туфайли мамлакатнинг 10 та вилоятида: Абай, Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, шунингдек, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитау вилоятларида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
«Вазият қийин, аммо умидсизликка тушмаслик керак. Биз бу ҳолатни тўғирлаймиз, асосийси инсон қурбонларининг олдини олиш. Айтмоқчиманки, сизлардан бирортангиз ҳам давлат эътиборидан четда қолмайди. Барчангизга моддий ва бошқа ёрдам кўрсатилади. Сизнинг барча моддий йўқотишларингиз қопланади», деди Тўқаев жабрланувчиларга мурожаат қилиб.
Президент сўзларига кўра, унинг танқиди ва кўрсатмаларидан сўнг, ҳукумат сув тошқини оқибатларини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирган. Мамлакатда бош вазир бошчилигида штаб тузилган. Расмийлар тошқиндан зарар кўрган ҳудудларга бориб, вазиятни ўрганмоқда.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024