Жаҳон | 14:32 / 06.04.2024
3673
3 дақиқада ўқилади

Сеул Украинага 2,3 млрд долларлик ёрдам пакети ажратяпти

Жанубий Корея ТИВ раҳбари Брюсселда НАТО ҳамкор давлатлари ўртасида Киевга ўрта ва узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш, Россия ҳамда КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг Корея яримороли хавфсизлигига таъсирини муҳокама қилди.

Фото: Reuters

Сеул бу йилдан бошлаб Киевга 2,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида ўрта ва узоқ муддатли ёрдам пакетини тақдим этади, шунингдек, НАТОнинг Украинага ёрдам кўрсатиш траст жамғармаси орқали ярадор украиналик аскарларни реабилитация қилиш учун 12 миллион доллар таклиф қилади. Жанубий Кореянинг «Рёнхап» ахборот агентлиги 5 апрел куни кечқурун хабар беришича, бу ҳақда бир кун аввал Брюсселда Ҳинд-Тинч океани минтақаси бўйича НАТО ҳамкор-давлатлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда мамлакат ташқи ишлар вазири Чо Тхэ Юл маълум қилган

Ушбу учрашувнинг яна бир мавзуси Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги давом этаётган ҳарбий ҳамкорлик бўлди, деб хабар қилди Жанубий Корея ТИВ матбуот хизмати.

Чо сўзларига кўра, «Шимолий Кореянинг Россияни қурол билан қўллаб-қувватлаши нафақат Европа, балки Корея яримороли ва Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлигига ҳам таъсир қилади», деб ёзади «Рёнхап». Агентлик томонидан келтирилган Жанубий Корея дипломатияси раҳбари сўзларига кўра, Москванинг Пхенянга ҳарбий технологиялар ва қайта ишланган нефт етказиб бериши глобал ядровий қуролларни тарқатмаслик режимига таҳдид солмоқда.

БМТда РФнинг КХДРга қарши санкцияларга вето қўйгани танқид қилинди

Жумладан, Чо Россия март ойи охирида Шимолий Кореяга ядровий ва ракета дастурлари билан боғлиқ бўлган БМТ санкция мониторинги гуруҳи мандатини узайтиришга вето қўйганини танқид қилди. Жанубий Корея вазири бу қадамни «жиноятчини қўлга олишнинг олдини олиш мақсадида кузатув камерасини йўқ қилиш» билан қиёслайди, дейилади Сеулдаги ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Март ойи охирида Жанубий Корея ва АҚШ БМТ санкцияларини бузувчи ҳолат - КХДРга нефт етказиб беришни тўсиб қўйиш имкониятларини муҳокама қилаётгани ва бу мақсадда янги ишчи гуруҳ тузилгани маълум бўлди. «Нефт Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета ишлаб чиқариши ва ҳарбий қудрати учун муҳим манбадир», - дея таъкидланади Жанубий Корея ТИВнинг ушбу мавзу бўйича баёнотида. Сеул ва Вашингтон Россия нефтининг КХДРга етказилиши эҳтимолидан хавотирда.

Мавзуга оид