Жаҳон | 22:37 / 08.04.2024
9082
2 дақиқада ўқилади

АҚШ агар Россияга ёрдам берса, Хитой банкларига санкциялар билан таҳдид қилди

АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар таҳдиди ҳақидаги баёноти кутилмаганда ва ғайриоддий тарзда очиқ-ойдин янгради. 

Фото: Getty Images

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Хитой банкларига агар Россияга Украинадаги урушда моддий ёрдам кўрсатса, «жиддий оқибатлар» ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Bloomberg ёзди. 

«Россия мудофаа саноатига ҳарбий ёки икки мақсадли маҳсулотлар етказиб бериш имконини берувчи йирик транзакцияларни амалга оширадиган ҳар қандай банклар АҚШ санкциялари хавфига дучор бўлади», деди у Пекинга тўрт кунлик ташрифидан сўнг. 

АҚШ Молия вазирлигининг халқаро миқёсда фаолият юритаётган банкларга қарши асосий қуроли уларни Америка долларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаб қўйишдир. 

Bloomberg нашрининг таъкидлашича, АҚШ молия вазирлиги раҳбарининг санкциялар таҳдиди ҳақидаги баёноти кутилмаганда ва ғайриоддий тарзда очиқ-ойдин бўлди. Бу сўзлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Хитойга учиб кетган куни янгради. 

2023 йил декабр ойида АҚШ президенти Жо Байден санкцияга учраган россияликлар билан операцияларни амалга оширишга ёрдам берганлиги ёки Россия ҳарбий саноати билан боғлиқ операцияларни осонлаштиргани учун хорижий банкларга қарши санкциялар қўллаш ваколатини берувчи фармонни имзолади. Эҳтимолий чекловлар қаторида ҳужжат АҚШ банкларидаги вакиллик ҳисобларини тақиқлаш ва ҳатто хорижий молия институтлари мулкини бутунлай блоклаб қўйишни назарда тутади. 

2024 йил январида Bloomberg Хитой давлат банклари россиялик мижозлар учун хизмат шартларини кучайтириши мумкинлигини ёзган эди. Жумладан, камида иккита банк санкцияларга дучор бўлган мижозлар билан муносабатларни узишни режалаштираётгани ва Россия ҳарбий секторига молиявий хизматлар кўрсатишни тўхтатиши таъкидланган эди.

Мавзуга оид