Жаҳон | 11:51 / 08.04.2024
4401
4 дақиқада ўқилади

Оренбург вилоятида федерал фавқулодда ҳолат режими жорий этилмоқда

Сув тошқинлари фонида Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курган вилояти фуқароларини эҳтимолий эвакуацияга тайёр бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Yegor Aleyev/IMAGO/ITAR-TASS

Оренбург вилоятида сув тошқини туфайли юзага келган оғир вазият фонида минтақада федерал фавқулодда вазият (ФВ) режими жорий этилди ва федерал даражадаги чоралар ўрнатилди. Бу ҳақда 7 апрел, якшанба куни табиий офат зонасига етиб келган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков маълум қилди.

Оренбургдаги вазият «энг ёмон сценарий бўйича» ривожланмоқда

4 апрелдан бошлаб сел билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли минтақада фавқулодда вазият режими жорий этилган. Маҳаллий ҳокимият Оренбург вилоятининг Орск шаҳридаги вазиятни оғир деб баҳоламоқда. 7 апрел куни эрталаб губернатор ва вилоят ҳукумати матбуот хизмати Оренбург вилоятидаги сув тошқини билан боғлиқ вазият «энг ёмон сценарий бўйича ривожланаётганини» маълум қилди.

«Вилоятда 87 та аҳоли пункти ва 13 та далаҳовли ҳамжамиятлари, 6 мингдан ортиқ турар жой бинолари, 9 минг шахсий томорқа ва 40 сув ўтказмайдиган кўприк сув остида қолмоқда. 4 мингдан ортиқ аҳоли, жумладан, 885 нафар болалар эвакуация қилинди», — деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Куренков. Орскда жабрланганларни қабул қилиш учун 13 та вақтинчалик жойлаштириш маркази ишга туширилди.

«Умуман олганда, Оренбург вилоятида сув тошқини жараёнлари ҳали ҳам секинлашмаган», дейилади вилоят ҳукуматининг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. 

Baza Telegram-канали хабарига кўра, Орск шаҳрида фавқулодда ҳолат туфайли тўрт киши ҳалок бўлган: маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, «икки нафари юрак хуружидан, бир киши табиий сабаблардан вафот этган, яна бири ўз жонига қасд қилган». 

Орскда режалаштирилган тиббий ёрдам вақтинча кўрсатилмайди

Орскдаги барча мактаблар масофавий таълимга ўтказилди. Орск нефтни қайта ишлаш заводи «экологик хавфларнинг олдини олиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш учун» фаолиятини тўхтатди. 

Бундан ташқари, Орскдаги шифохоналар режали тиббий ёрдам кўрсатишни тўхтатди, деб хабар берди вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги. Агар керак бўлса, беморлар Новотроицк ва Оренбургга юборилади, дея тушунтирди бўлим. Сув тошқини зонасидан ташқарида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун Орскда қолган иккита шифохона етарли миқдордаги ўриндиқлар билан таъминланган, деди вилоят касалхонаси раҳбари Татяна Савинова.

Курган вилоятида сув тошқини хавфи 

Оренбург вилоятидаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида Александр Куренков, шунингдек, «Табол ҳавзасидаги Курган вилоятида сув тошқини билан боғлиқ ноқулай вазият кутилаётгани»ни айтди. Вазирнинг таъкидлашича, шу муносабат билан 7 апрел куни у ерга Урал қидирув-қутқарув отряди ва Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув марказидан қўшимча куч ва воситалар юборилган. 

«Фуқаролар ҳар қандай ҳолатда ҳам тайёр бўлиши керак: зарур ҳужжатлар, пуллар, дори-дармонларни тайёрлаб қўйиши лозим, токи эвакуация зарурати туғилса, вақтни беҳуда ўтказмаслик шарт», — дейилади вазирликнинг Telegram-каналида. 

Мавзуга оид