Жаҳон | 14:13 / 08.04.2024
4212
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда маҳаллалар фаолиятининг ягона механизми жорий этилмоқда

Тошкент шаҳрида маҳаллалар фаолиятининг ягона механизми жорий этилади. Уларнинг инфратузилмаси ва ташқи кўриниши ягона стандартга келтирилади, шаффоф мониторинг тизими яратилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов бошчилигида шаҳар секторлари бошлиқлари, ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилотларнинг масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Бектемир туманининг Олтинтопган, Миробод туманининг Янги Қўйлиқ, Яшнобод туманининг Жарбоши ва Боғбон, Мирзо Улуғбек туманининг Алишеробод маҳаллаларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолатини ўрганиб чиқди.

Маҳаллалар ҳудудида жалб қилувчи нуқта, озиқ-овқатлар ва сут маҳсулотлари бозорчаси, болалар учун ўйингоҳлар, оталар чойхонаси, воркаут майдончаси, соғлом турмуш тарзи учун велойўлаклар ва югуриш йўлаклари каби қулайликлар бўлиши, йўлларнинг равон ва хавфсизлиги  таъминланиши, ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг профилактикаси изчил ташкил этилиши зарурлиги айтилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тизимли ёрдам ташкил қилиниб, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш зарурати, шу жиҳатдан, аҳолининг тадбиркорлигини ривожлантиришда банкларнинг ўрни катта эканлиги айтилди. Ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг сони ва рўйхатдан ўтганлигини назоратга олиш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида кўчабоши, уйбоши, йўлакбоши каби ходимларни жалб қилиш, ишини самарали ташкил қилган ходимларни рағбатлантиришда KPI тизимини жорий қилиш кераклиги айтиб ўтилди.

Маҳаллаларда мавжуд ноқонуний қурилмаларни бартараф этиб, уларни аҳоли учун фойдали, самарали масканларга айлантириш, кузатув камераларини ўрнатиш орқали ҳудудларда хавфсизлик даражасини ошириш муҳимлиги муҳокама қилинди.

Амалга оширилган ташрифлар натижаларига кўра тегишли масъул ташкилотлар ва уларнинг раҳбарларига зарур топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Мавзуга оид