Жаҳон | 07:50 / 08.04.2024
12761
4 дақиқада ўқилади

WP: Трамп Украинани Қрим ва Донбассни Россияга беришга мажбурламоқчи

Агар Оқ уйга қайтса, Доналд Трамп Киевни Қрим ва Донбассни Россияга беришга мажбурлаш орқали Украинадаги урушни тўхтатишни режалаштирмоқда, дея хабар беради The Washington Post манбалари. 

Фото: Alyssa Pointer/Reuters

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп шахсий суҳбатларида Украина ҳукуматини Россияга ҳудудий ёнбосишга мажбурлаш орқали урушни тугатиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда 7 апрел, якшанба куни Трампнинг режаларидан хабардор манбаларга таяниб, The Washington Post (WP) ёзди

Бу масалани Оқ уйнинг собиқ раҳбари ёки унинг маслаҳатчилари билан муҳокама қилган нашр суҳбатдошларига кўра, таклиф Киевга Қрим ва Россияга қўшиб олинган Донбассни бериши учун босим ўтказишдан иборат. Бундай ёндашув Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш ва Россия агрессиясига қаршилик кўрсатишга урғу берган АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден сиёсатига тубдан зиддир, дея қайд этади WP.

Трамп шахсий суҳбатда Россия ҳам, Украина ҳам мавжуд вазиятдан «ўз юзини сақлаб қолишни, чиқиш йўлини исташига» ишонишини ва Украинанинг баъзи ҳудудлари аҳолиси Россия бир қисми бўлишга қарши эмаслигини айтди, деди газетага собиқ президент билан суҳбатлашган шахс. 

Трамп тарафдорлари уни қайта ишонтиришга ҳаракат қилмоқда 

Трампнинг айрим тарафдорлари уни бу ёндашувдан воз кечишга ишонтиришга ҳаракат қилди, чунки Украина бир қисми устидан Россия назоратини тан олиш Россия президенти Владимир Путин таъсир доирасини кенгайтиради, деб ёзади The Washington Post. 

Республикачи сенатор Линдси Грэмнинг сўзларига кўра, у «100 фоиз вақтини Трамп билан Украина ҳақида гаплашишга сарфлайди». Грэм фикрича, Путин «товон тўлаши керак, у ғалаба қозона олмайди». Унга кўра, фақат Украинанинг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилиши урушга чек қўйиши мумкин, бироқ Трамп бу ҳақда «кам гапиради». 

Америка собиқ раҳбари сайловолди штаби газетанинг ушбу мақола ҳақидаги саволларига бевосита жавоб беришдан бош тортди. «Трампнинг президентлик режасига оид ҳар қандай тахминлар нима бўлаётгани ёки нима бўлиши ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган номаълум ва маълумотга эга бўлмаган манбалардан келади», деди сайлов кампанияси вакили Кэролайн Ливитт. - Президент Трамп қотилликни тўхтатиш ҳақида гапираётган ягона одам».
 
Трамп Украинада 24 соат ичида тинчлик ўрнатишга ваъда берди 

2024 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партиясининг асосий номзоди бўлган Трамп аввалроқ, агар сайланса, президентликка киришишдан олдин ҳам «24 соат ичида» Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишуви бўйича музокара олиб бориши мумкинлиги ҳақида бир неча бор мақтанган эди. Бироқ, у буни қандай қилишни режалаштирганини очиқ айтишдан бош тортди. 

Украина ҳукумати Россияга ҳудудий имтиёзлар беришни истисно қилмоқда ва Оқ уй собиқ раҳбарига мамлакатга ташриф буюришни, шу жумладан фронт чизиғига боришни таклиф этди. Президент Володимир Зеленский Трампни муаммони 24 соат ичида ҳал қилиб бўлмаслигига ишонтириш учун 24 дақиқа етарли эканлигини айтди. У Америка собиқ президентига «аввал ўйлаб, кейин гапиришни» маслаҳат берди. 

Киев музокараларни бошлаш шарти сифатида 1991 йилги чегараларни тиклашни талаб қилмоқда. 

Мавзуга оид