Россия ва Қозоғистонда сув тошқинлари туфайли 100 минг киши эвакуация қилиняпти
Reuters маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Урал ва Сибирдаги ҳудудларида, шунингдек, Қозоғистонда кузатилган сув тошқинлари сўнгги 70 йилдаги энг кучлиси бўлди. Тошқин Оренбурггача етиб келди, Орскда эса сув сатҳи пасаймоқда.
Россиянинг Урал ва Сибирдаги кучли сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларида, шунингдек, Қозоғистоннинг тўққизта вилоятида жами 100 мингга яқин одам эвакуация қилинмоқда, деб хабар берди Reuters 9 апрел, сешанба куни. Агентлик маълумотларига кўра, сув тошқини сўнгги 70 йилдаги энг кучлиси бўлди.
Россия Федерациясида сув тошқини Курган ва Тюмен вилоятларига таҳдид солмоқда. Курган вилоятида Тобол дарёсида сувнинг тез кўтарилиши кузатилмоқда, тўрт мингтагача уй сув тошқини зонасида бўлиши мумкин; Рогидромет прогнозларига кўра, Курган шаҳрида сув тошқини чўққиси 11-14 апрелда кутилмоқда. Тюмен вилоятида сув Ишим дарёсига кетяпти.
Қозоғистонда сув тошқинлари Ақтўбе, Қўстанай, Ғарбий Қозоғистон, Ақмола, Қарағанда, Атирау, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари ҳамда Улитов вилоятида қайд этилган. Қозоғистоннинг биргина Россия Федерацияси билан чегарадош бир қанча вилоятларида 80 мингга яқин одам эвакуация қилинган.
Оренбургдаги сув сатҳи хавфли даражадан ошиб кетди
Орскдаги тўғон ёрилганидан кейин сув тошқини Урал дарёсидан 280 километр пастда жойлашган Оренбургга етиб келди. У ердаги сув сатҳи 931 сантиметрга етди, бу хавфли кўрсаткичдан ортиқ, деб ёзди Оренбург вилояти губернатори Денис Паслер ўзининг Telegram-каналида. Россиянинг «Интерфакс» агентлиги губернатор матбуот хизматига таяниб аниқлик киритишича, маҳаллий вақт билан соат 22:00 ҳолатига кўра, сув сатҳи хавфли чегарадан 1 смга ошган.
Паслернинг сўзларига кўра, «Урал ва Сакмара бўйлаб барча бинолар сув тошқини зонасига тушиши мумкин». Губернатор сув тошқини хавфи бўлган ҳудудларда яшовчиларни «уйларини тарк этишга ва сув тошқини чўққисини хавфсиз жойда кутишга» чақирди. Оренбург ва Оренбург вилоятида эвакуация қилинганлар учун вақтинчалик жойлаштириш марказлари ташкил этилган, деди Паслер. Аввалроқ сел сувлари М-2 «Урал» федерал автомагистралига яқинлашгани, у бўйлаб ҳаракатланиш ҳали тўхтатилмагани хабар қилинганди.
Орск расмийлари сув сатҳининг пасайиши ҳақида хабар берди
Шу куни Орск мэри Василий Козупица ўзининг Telegram-каналида «Урал сатҳи бир суткада 39 смга тушиб, 928 смни ташкил этгани» ҳақида хабар берди. Аввалроқ бу кўрсаткич 956 смга етгани маълум қилинган эди. Шаҳарда 260 та кўча ва 6 929 та турар жой бинолари сув остида қолмоқда, 45 та уйдан сув чекинди, деди ҳоким.
Козупицанинг сўзларига кўра, Орскда 15 та вақтинчалик турар жой марказлари жойлаштирилган, уларда 1485 киши истиқомат қиляпти, жумладан 242 нафар болалар. «Интерфакс» хабарига кўра, Орскдаги сув босган уйлардан жами 2493 киши, хусусан, 797 бола эвакуация қилинган.
Россия ФВВ кутилаётган сув тошқини ҳақида бир ой олдин билганди
The Moscow Times таҳририят ихтиёридаги ҳужжатга таяниб ёзганидек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир ой олдин яқинлашиб келаётган кучли сув тошқини ҳақида маълумотга эга бўлган ҳолда, Оренбург вилоятидаги сув тошқинининг олдини олмаган. Бироқ, сув тошқини етказган зарарни камайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмади, натижада 2 апрел куни Орскдан Урал бўйлаб 60 км юқорида жойлашган Ириклин сув омборидан сувнинг кескин чиқиши бошланди, унинг оқимига тўғон бардош бера олмади, дейилади нашр қилинган материалда.
5 апрел куни Орскда тўғон ёрилди, шундан сўнг бутун Оренбург вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Орскдаги тўғоннинг ёрилиши натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлди.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024