Жаҳон | 13:23 / 10.04.2024
7682
5 дақиқада ўқилади

Хитой ва Россия ғарб таъсирига қарши туриш учун алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди

Пекинда Россия ва Хитой ташқи ишлар вазирлари учрашди. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, Евросиё хавфсизлигини мустаҳкамлаш режалари муҳокама қилинди.

Фото: AP

Хитой дунё миқёсида Россия билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида, деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Пекинда 9 апрел, сешанба куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокаралар якунлари бўйича. «Биз бир-биримизни кучли қўллаб-қувватлаймиз ва кўп томонлама ҳамкорлигимизни оширамиз», — дея Ван Ининг сўзларини келтиради Россия ахборот агентликлари.

Лавров, ўз навбатида, Россия Федерацияси ва Хитой ўртасидаги муносабатлар «мисли кўрилмаган юқори даражага» кўтарилгани ва жадал ривожланишда давом этаётганини таъкидлади. «Бизнинг стратегик ҳамкорлигимиз ҳурмат, тенг ҳуқуқлик, ишончли мулоқот, мамлакатларимизнинг туб манфаатларига дахлдор масалалар бўйича ўзаро ёрдам кўрсатиш тамойиллари асосида қурилган», — деди Лавров.

Ташқи ишлар вазирлари учрашуви Лавровнинг Хитойга икки кунлик ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Москва ва Пекин 2022 йил февралида Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумидан бироз олдин «чекловларсиз» стратегик ҳамкорлик тўғрисида эълон қилди.

Евросиё хавфсизлиги бўйича мулоқот бошлаш режалаштирилмоқда

Россия ва Хитой АҚШ ва ғарб таъсирига қарши туриш учун Евросиёда хавфсизлик бўйича ҳамкорликни кучайтиришни ҳам режалаштирмоқда. Лавровнинг сўзларига кўра, бу вазифани Россия президенти Владимир Путин қўйган ва мамлакатлар «бу масала бўйича бошқа ҳамфикрларни жалб қилган ҳолда мулоқотни бошлашга» келишиб олган.

Ван И Шимолий Атлантика алянсини ўз фаолиятини Осиё-Тинч океани минтақасига кенгайтирмасликка чақирди. Москва ва Пекин «гегемонлик ва куч сиёсати»га қарши чиқади ва «инклюзив иқтисодий глобаллашув»ни қўллаб-қувватлайди, шунингдек, «жаҳон тартибига путур етказувчи ва глобал ривожланиш тенденциясига зид» бир томонлама санкцияларга қарши», деди у. 

Ташқи ишлар вазирлари - Хитой ва Россия раҳбарлари ҳақида 

Хитой вазири Путинни март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади ва Пекин унинг раҳбарлигида «Россиянинг барқарор ривожланиши ва тикланишини қатъий қўллаб-қувватлашини» таъкидлади. 

Лавров ХХР раиси Си Жинпинг биринчилардан бўлиб Путинга Россия Федерацияси президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллаганини эслатди. «Биз хитойлик дўстларимизга россияликларнинг Конституцияга мувофиқ суверен ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаётгани ва таъминлагани учун миннатдормиз», деди у. 

Пекинга ташрифи давомида Лавров сешанба куни Си Жинпинг томонидан қабул қилинди. «Биз ушбу йиллар давомида ва биринчи навбатда, сизнинг раҳбарлигингизда сўнгги ўн йилликда эришган муваффақиятларга юксак баҳо берамиз», деди Россия вазири ушбу учрашувда. 

Шунингдек, у Путин ва Си Жинпинг мос равишда 2024 йил июн ва октябр ойларида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва BRICS саммитлари доирасида учрашишни режалаштираётганини айтди. «Доимий сиёсий мулоқотни давом эттириш учун, албатта, бошқа имкониятлар ҳам бўлади», - деди Лавров. 

Ғарб Хитой ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни танқид қиляпти 

Хитойга Украинадаги урушни тугатиш учун Россияга таъсиридан фойдаланиши учун ғарб давлатларининг босими ортиб бормоқда. Қўшма Штатлар Пекинни Россияга билвосита ёрдам кўрсатмаслик тўғрисида бир неча бор огоҳлантирган. Шу тариқа, март ойи бошида Брюсселда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен журналистларга «Хитой Россиянинг мудофаа саноати базасини қўллаб-қувватлаш учун материаллар беришда давом этмоқда», деди. 

8 апрел, душанба куни Хитойга ташрифи чоғида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Россиянинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлаётган ҳар қандай Хитой компаниялари учун «жиддий оқибатлар» ҳақида огоҳлантирди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Вашингтон ўз саноатини ҳимоя қилиш учун Хитойдан тоза энергия импортига тарифлар жорий этишини истисно этмади. 

Мавзуга оид