Жаҳон | 13:35 / 11.04.2024
19768
12 дақиқада ўқилади

«80 йилликдаги энг йирик офат». Қозоғистонда ҳам тошқинлар минглаб уйларни сув остида қолдирмоқда

Ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари ташқи дунёдан узилиб қолган. Сирим областида куйдирги билан касалланган қорамолларнинг қабристонлари очилиб кетган. Яқин вақтлар ичида Россиядан катта миқдорда сув кириб келиши кутилмоқда.

Фото: AFP

Кенг кўламли сув тошқинлари оқибатида Қозоғистонда 70 га яқин аҳоли яшаш пунктлари ташқи дунёдан узилган, 86 мингдан ортиқ қозоғистонликлар ҳалокат ҳудудларидан эвакуация қилинган. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев буни Қозоғистонда сўнгги 80 йилликдаги энг йирик табиий офат деб атаган.

Қозоғистоннинг 17 областидан 10 тасида сув тошқинлари муносабати билан маҳаллий миқёсда фавқулодда вазият режими амал қилмоқда. ФВВ маълумотига кўра, фалокат ҳудудидан 86 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойларга кўчирилган, шундан 29 минг нафари – болалар.

Атирау области сув тошқинларидан энг кўп жабр кўрган регионлар қаторида. Атираунинг Кулсара шаҳрида яшовчи Сауле (исми ўзгартирилган) BBC мухбири билан суҳбатда шаҳар аҳолиси ўз кучлари билан эвакуация бўлаётгани ва аҳоли яшаш манзилини тошқиндан мустақил ҳимоя қилаётганини айтган.

«Ҳаракатга келтирилган барча техникалар ўзимизники ва ижарага олинган. Сув шаҳарга кира бошлаганида, акимлик одамлари (мэрия ходимлари) халқ орасида эмасди. Одамлар акиматга (мэрия) ҳам боришди ва эшикларни тақиллатишди, у ерда ҳеч ким йўқ эди», — деган Сауле.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар расмийлари тошқинга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаган, масалан, шаҳарни мустаҳкамлаш учун махсус техникалар ажратмаган ва қўшни Ақтўбе областидан сув оқиб келган каналларни тозаламаган.

«Бунгача 20 кун олдин, Россияга сув ўтказилганида ва Ақтўбеда тошқин бошланганида, қандайдир чоралар кўришимиз учун бизни огоҳлантиришганди.

Аммо, биз кўрдикки, акимат томонидан алоҳида тайёргарлик бўлмаган. Каналлар чиқиндига тўлган, айримлари эса умуман ёпиқ бўлган. Маҳаллий тадбиркорлар сувни ўз хўжаликларига йўналтириш учун бу каналларни тўсишган», — дея фикрларини билдирган Кулсарада яшовчилардан бири.

Шаҳарликлар ўзлари келишган ҳолда шаҳарни ҳимоялаш учун тўсиқларни мустаҳкамлашга киришишган.

«Эвакуацияга қадар соҳилда сув сатҳи кўтарилаётганини кўрдик. Аммо биз сув шаҳарга кирмайди ва барчаси акимат назорати остида деб ўйлагандик», — дея ҳикоя қилади Сауле.

Сув тошқини кўлами ва иккинчи тўлқин

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, қатор регионларда сув тошқинлари пик нуқтадан ўтган. Бугунги кунда Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Қўстанай, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон ва Павлодар областларида 3400 дан ортиқ уй сув остида қолган.

Бундан ташқари, 69 та аҳоли яшаш манзиллари ташқи дунёдан узилиб қолган. Қозоғистон шимолида жойлашган шаҳар ва қишлоқлар сув босиш хавфи остида қолмоқда.

10 апрел куни Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов яқин вақтлар ичида сув тошқинларининг иккинчи тўлқини кутилаётганини маълум қилди — Россиядан Атирау ва Уралск шаҳарларига кўп миқдорда сув келмоқда.

«Жайиқ (Урал) дарёсида мураккаб вазият сақланиб қолмоқда. Бугун Жайиқ дарёсида сув сатҳи 7,2 метрни ташкил этган ва ҳар куни кўтарилмоқда. Хавфли даража – 8,5 метр. Хавфли сув сатҳини ушлаб туришга имкон берувчи ҳимоя тўғонлари ўрнатилди. Ҳозирда асосий вазифа – Уралск ва Атирауни ҳимоя қилиш», — дея қайд этган Бектенов.

Бош вазир шаҳар муҳофазаси учун акиматлар ходимлари, ФВВ, мудофаа вазирлиги ва миллий гвардия жалб этилгани, шунингдек кўнгиллилар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилган.

Покровка аҳоли яшаш пунктидаги эвакуация. Фото: AFP

Кулсарада эвакуация қандай кечмоқда?

Сауленинг эслашича, шаҳарнинг айрим районлари том маънода ярим соат ичида сув остида қолган, шаҳарнинг бошқа қисмини сув босишига яна бир неча соат вақт кетган.

Кулсара — Атирау областининг 60 минг киши яшайдиган шаҳри. Мазкур аҳоли яшаш манзили минтақанинг сув тошқинидан энг кўп жабр кўрган қисмидир. Шаҳарнинг қарийб учдан бир қисми сув остида қолган. Кулсарадан 30 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган.

Аёллар, болалар ва пенсионерлар шаҳарни тарк этган, эркаклар, талабалар ва мактаб ўқувчилари эса «ишлаш ва шаҳарни сувдан ҳимоялаш учун» қолишди, дея қайд этади Сауле.

«Эвакуация 5 апрел куни тунда бошланди. Кундузи аллақачон ажиотаж ва хаос бошланганди. Эрталабки соат 8 дан бутун шаҳар бўйлаб сиреналар ва [хавф тўғрисида] огоҳлантиришлар янграй бошлади. Одамлар бензин қуйишга ва озиқ-овқат ғамлашга шошилишди, чунки Атирау ва Кулсара ўртасидаги йўлларни сув босган, бензин етказиб бериш тўхтаганди», — дея хотирлайди у.

Соат тахминан 12 да Кулсара аҳолисидан уч соат мобайнида шаҳарни тарк этиш талаб этилади. Бу муддат тугаши билан шаҳарда электр ва газ ўчирилиши маълум қилинади.

Сауленинг қайд этишича, полициячилар уйма-уй юришган ва одамларни шаҳардан тезроқ кетишга шошилтиришган — айниқса биринчи навбатда сув босиши кутилаётган районлар аҳолисини.

Кулсарадан чиқишда бир неча колоннадаги автомобиллар навбати ҳосил бўлган, айрим машиналар эса қумли йўллар бўйлаб ҳаракатланишга тушган.

«Трассада машиналар оқими кўпайиб, колонналар олти-еттитага етди. Трассада авариялар ҳам бўлди. Эвакуация чоғида тартибни назорат қилиш учун полициячилар қўйилганди, аммо улар машиналарнинг бундай оқимини назорат қила олмасди. Одамларни бошқариб бўлмасди, улар бир-бирини қувиб ўтар, ҳамма бир-бирига жуда яқин ҳаракатланар, ҳамма имкон қадар тезроқ чиқиб кетишга уринарди», — дейди Сауле.

Унинг сўзларига кўра, эркакларнинг кўпчилиги тўсиқлар тайёрлаш ва сув сатҳини кузатиб туриш учун шаҳарда қолган. Улар оила аъзоларига оператив маълумотларни узатиб туришган.

«Биз чатлардан маълумот қабул қилардик. Эркакларимиз сув сатҳи бироз пасайгани, аммо оқим сақланиб турганини айтишарди. Улар ҳозирча қайтмасликни сўрашди, чунки қозоқлар қабристонини сув босган, кеча бир жасадни топишган. Шаҳарни бадбўй ҳид қамраб олган, шамол йўқ бўлса ҳам бу ҳид олисдаги районларга етиб борган. Шаҳарда канализация, қабристонни сув ювиб кетган. Ва қанчадан қанча қорамоллар оқиб кетган!» — дея ҳикоя қилади аёл.

Сув куйдирги билан касалланган жониворлар кўмилган қабристонга етиб борган

Қозоғистонда баҳорги тошқинлар нафақат аҳоли яшаш манзилларини сув остида қолдирмоқда, балки катта миқдордаги сув Ғарбий Қозоғистон областида куйдирги (сибир язваси) билан касалланган қорамоллар кўмилган жойларга қадар етиб борган.

14 та қабр ва қорамоллар кўмилган саккизта қабристон сув остида қолган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу ҳудудларда эпизоотик вазият барқарорлигича қолаётганини билдирган.

«Куйдиргидан нобуд бўлган жониворлар ёқиш орқали йўқ қилинади, кули эса атрофида дезинфекция воситалари жойлаштирилган бетон саркофаг яратилган ҳолда кўмилади», — деган қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Ўлжас Тлебалдин матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, жониворларнинг қолдиқлари кўмилган жойлар герметик (ҳаво ўтказмайдиган) қилинган. Мутахассис сув босган объектларнинг барчаси сув чекинганидан кейин қайта кўриб чиқилишини айтган.

Сирим области ветеринария-санитария хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Нурқайир Қусайновнинг айтишича, куйдирги қўзғатувчиси тупроқда омон қолиши мумкин, шунинг учун энди чорва молларга юқиш хавфи мавжуд.  У қабристонлари сув босган ҳудудлардаги барча ҳайвонлар куйдиргига қарши эмланишини билдирган.

Россиядан келаётган сув

Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов
Фото: PRIMEMINISTER.KZ

Қозоғистон расмийларининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Россиядан келаётган катта миқдордаги сув Урал дарёси бўйлаб 3-5 кун ичида Қозоғистон чегарасига қадар етиб келиши мумкин.

«Биз учун ҳозирда асосий хавф Урал дарёсидан. Ҳозир унинг Россиядаги қисми тошмоқда, шу туфайли биз бу сувни Қозоғистонда кутяпмиз. Биз вақтдан ютиб, керакли ишларни қилмоқдамиз, илмий-тадқиқот марказлари ҳисоб-китоб ишларини амалга оширмоқда», — деган гидрологик мониторинг бошқармаси бошлиғи Бауржан Жекижанов.

8 апрел куни сув ресурслари ва ирригация вазирлиги вакили Молдир Абдуалиева Россиянинг Оренбург областидаги Ириклинский сув омборидан чиқарилган «катта сув» 20 кун ичида келиши кутилаётганини айтган.

«Сўнгги 80 йилликдаги энг йирик табиий офат»

6 апрел куни мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонликларга мурожаат қилганди. Давлат раҳбари баҳорги тошқинлар кўлами қор кучли даражада эриши билан боғлиқлигини айтган.

«Балки бу ўз кўлами ва оқибатлари бўйича сўнгги 80 йилдан ортиқ вақтдаги энг йирик офатдир», — деган у.

Тўқаев ҳукуматга аҳолига ёрдам кўрсатиш учун давлат моддий захираларини ишга солишга кўрсатма берган.

«Вазият қийин, аммо умидсизликка тушмаслик керак. Биз бу ҳолатни тўғирлаймиз, асосийси инсон қурбонларининг олдини олиш. Айтмоқчиманки, сизлардан бирортангиз ҳам давлат эътиборидан четда қолмайди. Барчангизга моддий ва бошқа ёрдам кўрсатилади. Сизнинг барча моддий йўқотишларингиз қопланади», — деган президент.

Қозоғистондаги тошқинлар сабаби

Фото: PRIMEMINISTER.KZ

Сув хўжалиги муаммолари илмий-ахборот марказининг Қозоғистон бўлими эксперти Қуралой Яхияева кенг кўламли сув тошқинларини қишдаги юқори ҳарорат ва ёмғирлар билан изоҳлайди.

«2010 йилдаёқ сув бўйича экспертлар ва экологлар глобал иқлим ўзгариши жараёни бошланаётгани тўғрисида бонг урганди. Ҳаво ўзгариши билан бир қаторда дренаж йўллари қурилишида, каналлар ва ариқларни тозалашда, шаҳарлар ва посёлкаларнинг бош режасини тузишда маҳаллий релеф ҳисобга олинмагани, сувни муҳофаза қилиш зоналари ва полосаларга риоя қилинмагани ҳам тошқинларга сабаб бўлмоқда», — деган эксперт BBC учун интервюсида.

Бундай кўламдаги табиий офатнинг олдини олиш учун Сув кодексига ўзгартириш киритиш ва бу нормаларга риоя қилиш керак бўлади. 2003 йилда кодексга сув ресурслари зарарига ўзгартиришлар киритилган, деб ҳисоблайди Яхияева.

«Сув фонди ва иншоотлари ерлари маҳаллий округлар балансига — акиматларга ўтказилган. Бундай вазият такрорланмаслиги учун барча иншоотлар ва ерларни сув хўжалигига қайтариш, област ва район миқёсида сув хўжалиги ташкилотларини моддий-техник база ҳамда яхши иш ҳақи ва ишлаш шароитларига эга кадрлар билан кучайтириш даркор», — дейди Яхияева.

Тўртта жиноий иш

Бош прокуратура сув тошқинлари юзасидан Ақтўбе, Алмати ва Атирау областларида тўртта ҳолат бўйича терговга қадар суриштирув ишларини бошлагани маълум бўлди.

Прокуратура органлари аҳоли яшаш пунктларини сув босиши, йўллар, кўприклар, гидротехнка иншоотлари ва бошқа объектлар вайрон бўлиши сабабларини ўрганмоқда.

Хусусан, прокурорлар бюджет воситаларининг сарфланиши, сув тошқинларининг олдини олиш бўйича режалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганини текширади.

«Ҳуқуқ-тартибот режимини таъминлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар фаолияти жойлардаги прокурорлар томонидан мувофиқлаштирилади», — дейилган бош прокуратура хабарида.

Мавзуга оид