Жаҳон | 08:18 / 11.04.2024
7296
8 дақиқада ўқилади

Байден Нетаняҳу хато қиляпти деб ҳисоблайди, сулҳ бўйича музокаралар давом этмоқда

АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазода урушни давом эттириш орқали хатога йўл қўймоқда.

Фото: REUTERS

«Ўйлайманки, у қилаётган иш — хато. Мен унинг ёндашувига қўшилмайман», — деган Байден Американинг испан тилли канали Univision учун интервюсида.

«Мен исроилликларни ўт очишни тўхтатишга ва кейинги олти-саккиз ҳафта мобайнида мамлакатга барча озиқ-овқат ва дори-дармонлар олиб кирилишига йўл қўйишга чақираман», — дея давом этган президент.

Ўтган ҳафтада Байден АҚШ урушда бундан кейин ҳам қўлловни давом эттириши Исроил кўпроқ озиқ-овқат ва дори-дармон ўтказишига боғлиқ эканидан огоҳлантирганди.

Президент шунингдек ҲАМАС танаффусга розилик бериши ҳамда гаровда қолганларни озод этиши кераклигини айтганди.

Исроил Ғазога ёрдам олиб кирилишига ёки унинг тақсимланишига тўсқинлик қилаётганини рад этиб, БМТ агентлигини лаёқатсизликда айблайди.

Якшанба куни исроиллик ҳарбийлар тўрт ойлик жанглардан кейин Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги фаол амалиётларда иштирок этган қуруқлик қўшинлари олиб кетилишини маълум қилганди. У ерда фақат секторни иккига ажратиб турувчи йўлакни қўриқлаш учун битта бригада қолдирилган.

Исроил яқин вақтлар ичида Миср билан чегара яқинидаги Рафаҳ шаҳрига юриш бошлашни режалаштираётганди, секторда уруш бошлангач шимол ва марказий ҳудудлардан келган миллиондан ортиқ фаластинлик шу ердан бошпана топган. Ҳозирча қўшинлар Хон Юнусдан олиб чиқилиши бу режага қанчалик таъсир кўрсатиши маълум эмас.

АҚШда Ғазодаги урушни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлар, айниқса Демократик партия сиёсатчилари ва сайловчиларининг салмоқли қисми томонидан тобора баландроқ овозларда янграмоқда, бу эса Байденнинг ноябр ойидаги сайловларидаги электорал коалицияси бирдамлигига рахна солмоқда.

Сўнгги ҳафталарда президент Нетаняҳуга нисбатан риторикасини кескинлаштирган, аммо АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдами тўхтовсиз давом этмоқда.

Музокаралар муваффақият келтирадими?

Исроил ва ҲАМАСнинг воситачилар орқали музокаралари бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда, аммо томонлар келишувга эриша олмаган. Музокараларнинг бу сафар Қоҳирада ўтказилган навбатдаги босқичида МРБ директори ва тажрибали дипломат Уилям Бёрнс ҳам ҳозир бўлди.

ҲАМАС ўт очишни бутунлай тўхтатиш, Исроил қўшинларини тўлиқ олиб кетиш ва уйларини тарк этган фаластинликларни секторнинг шимолий қисмига чекловларсиз қайтариш бўйича дастлабки талабларига содиқ қолмоқда.

Бинямин Нетаняҳу Исроил курашни ҲАМАС буткул яксон этилиб, улар томонидан ушлаб турилган исроилликлар озод этилмагунича курашни давом эттиришини айтган.

«Америкаликлар Исроилга, шунингдек ҲАМАСга сўзи ўтиши мумкин бўлган Миср ва Қатарга катта босим ўтказмоқда. Бу кўриниб турибди», — дейди 2011 йил исроиллик аскар Гилад Шалит озод этилиши бўйича ҲАМАС билан ўтказилган музокараларда ёрдам берган Гершон Баскин. — Музокараларда барча томонларнинг олий даражадаги иштирокини талаб этувчи МРБ раҳбари келиши Американинг босими кучайганидан далолатдир».

Аммо бу музокаралар тез орада мақсадга эришишини англатмайди.

Исроил расмий шахслари айрим ён беришларга тайёрлигини маълум қилмоқда: ҳафта бошида Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ҳозир сулҳ учун энг тўғри вақт эканини айтганди.

Аввалроқ Исроил Ғазо секторининг жанубий қисмидан деярли барча кучларини олиб чиққанини эълон қилганди – аммо бу уруш якунланганини англатмайди
Фото: REUTERS

Эришиладиган ҳар қандай келишувга кўра ҲАМАС қўлида бўлган гаровдагиларнинг бир қисмини Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга алмаштиришни ўз ичига олиши кутилмоқда. Ноябр ойидаги олдинги сулҳ ҳам шундай шарт бўйича амалга оширилганди, ўшанда бу келишув ҳарбий ҳаракатлар вақтинча тўхтатилишига сабаб бўлганди. Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, Ғазода 133 киши асирликда қолмоқда. Гаровдагилардан камида 30 нафари ҳалок бўлгани тасдиқланган.

АҚШнинг сўнгги таклифига кўра, олти ҳафталик сулҳнинг дастлабки босқичида ҲАМАС гаровдагиларнинг 40 нафарини, биринчи навбатда аёллар, жумладан ҳарбий аёллар, шунингдек 50 ёшдан катта эркаклар ҳамда оғир касалларни озод этиши керак.

Кейин Исроил камида 700 нафар фаластинликни, жумладан исроилликларни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 100 кишини қўйиб юбориши керак. Эҳтимолий келишувнинг бу қисми Исроилда турлича реакцияга сабаб бўлмоқда.

Аммо ҲАМАС музокарачиларга ўз қўлидагилар орасида юқорида саналган тоифаларга мос келадиган 40 киши йўқлигини билдирган. Бу эса ҳалок бўлган асирлар сони айтилаётганидан кўпроқлиги ёки уларнинг бир қисми бошқа гуруҳлар, масалан «Ислом жиҳоди» қўлида бўлиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Нетаняҳунинг Исроилнинг ўзида манёвр қилиш имкониятлари жамоатчилик ва сиёсатчилар босими туфайли чекланган. Гарчи исроилликларнинг кўпчилиги ҳамон урушни қўллаётган бўлса-да, уни гаровдагиларни озод этишга олиб келадиган келишувга рози бўлишга чақириқлар кўпроқ янграмоқда.

Гаровдагиларнинг оила аъзолари кенг кўламли норозилик акциялари ўтказиб, бош вазирни асирларни қайтаришдан кўра сиёсий мақомини сақлаб қолиш кўпроқ ташвишлантираётганини айтишмоқда. Намойишчилар ундан истеъфо талаб қилишмоқда.

Нетаняҳунинг ҳукмрон коалициясида келишмовчилик кучаймоқда: бу коалицияга ултраўнг ва ултрамиллатчи партиялар ҳам киради, улар эса ҲАМАСга ён беришга қарши ва урушни давом эттиришга ундамоқда.

Ўз навбатида, ҲАМАС сўнгги таклифга ҳозирча расман жавоб қайтармаган, аммо «фаластинликларга қарши тажовузга барҳам берувчи» келишувдан манфаатдор бўлса-да, таклиф унинг талабларига жавоб бермаслигини билдирган.

«Исроилнинг позициясини қабул қилиб бўлмайди», — дейилади гуруҳ баёнотида.

ҲАМАС Ғазодаги оғир гуманитар вазиятга қарамай, вақт ўз фойдасига ишлайди деб ҳисоблаётган бўлиши мумкин
Фото: EPA

Оқ уй бу жавобни «далда бермайдиган жавоб» деб атаган.

Катта эҳтимол билан, якуний қарорни ҲАМАСнинг Ғазодаги етакчиси Яҳё Синвар қабул қилади, у ерости туннелларида яширингани ва қўриқчилар ҳамда гаровдагилар билан ҳимоялангани айтилади. Аммо у билан боғланиш осон эмас ва бир қанча воситачилар иштирок этиши жараённи узайтиради.

Баскиннинг сўзларига кўра, гуруҳ Исроил қамоқхоналаридан айнан қайси фаластинликлар озод этилишини мустақил ҳал қилишни истамоқда ва улар бошқа мамлакатга депортация қилинишига рози эмас. Бу ҳам музокараларни мураккаблаштириши мумкин.

ҲАМАС шунингдек доимий сулҳ кафолатисиз Исроил гаровдагиларнинг барчаси озод этилганидан кейин гуруҳга ҳужум қилишда давом этади деб ҳисоблайди - Нетаняҳу уруш бошидаёқ гуруҳни буткул йўқ қилиш зарурати ҳақида гапирганди.

ҲАМАС раҳбарияти вақт уларнинг фойдасига ишламоқда ва Исроилга халқаро босим якунда уларни ён беришга мажбур қилади, деб ҳисоблаётган бўлиши мумкин.

Ғазодаги уруш ҲАМАСнинг 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилиши ва 1200 нафар атрофидаги одам ҳалок бўлишидан кейин бошланганди. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг анклавга юриши оқибатида 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, шундан кўп қисми — тинч аҳоли вакилларидир.

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, Ғазодаги аҳоли очлик ёқасида қолмоқда: Oxfam маълумотига кўра, январ ойидан буён 300 минг киши кунига ўртача 245 калория истеъмол қилмоқда — бу кунлик норманинг тахминан ўндан бир қисмидир.

Исроил ўз ҳарбий кампанияси вақтида геноцидга йўл қўйгани тўғрисидаги айбловларни рад этади ва ўзини мудофаа қилишга ҳақли эканини айтади.

Мавзуга оид