Бербок бундестагни Украинага ёрдамни кучайтиришга чақирди
Германияни бирлаштириш чоғида қўшни давлатлар қўллаб-қувватлаганидек, энди Германия Украинага ва Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларига ёрдам бериши керак, дейди Анналена Бербок. У Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш ҳажмини оширишга интилмоқда.
Россиянинг сиёсати таҳдиди остида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок хавфсизлик, жумладан, Украинани қўллаб-қувватлаш учун қўшимча бюджет маблағларини ажратишга чақирди. 10 апрел, чоршанба куни бундестагда Бербок: «Биз мутлақо жиддий ҳолатдамиз» деди.
«Европа хавфсизлиги - бизнинг хавфсизлигимиз», деди у ҳамда агар «Россиянинг Украинадаги ҳарбий кампаниясини тўхтатиб бўлмаса», у Полша ва Болтиқбўйи мамлакатлари остонасида пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирди. «Агар Украина ўзини ҳимоя қилишни тўхтатса, бу уруш эмас, Украинанинг мавжудлиги тугайди. Уруш эса бошқа давлатларга ҳужумлар билан давом этади», - деди Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.
«Тревога сигнали янграганда, 45 гача сананг»
Бербок депутатлар олдидаги нутқида Харкивдаги ўз тажрибасига тўхталиб ўтди: «Мен у ерда ўзим ҳам бўлганман, улар менга: сигнал чалинганда, 45 га қадар сананг. Агар тирик қолсангиз, ҳаммаси жойида бўлади, дейишди. Агар биз у ерда қўшимча ҳаво мудофаасини таъминлашни давом эттирмасак, одамлар учун «хавфсизлик чоралари» шундай бўлиб қолади».
Шу муносабат билан Бербок Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кўпроқ тақдим этишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Германия энди уларни ўз захирасидан етказиб бера олмагани учун бутун дунё бўйлаб тегишли имкониятлар қидирилмоқда.
Украинага Россияга қарши курашда ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида гапирар экан, немис вазири ҳозирги вазиятни Германияни бирлаштириш жараёнидаги халқаро кўмак билан қиёслади. Унинг сўзларига кўра, гап «нафақат Украинани қўллаб-қувватлаш ҳақида», балки Европада омон қолиш кафолатлари ҳақида, «бизга керак бўлганда - Германияни бирлаштириш пайтида ёнимизда бўлган Шарқий Европа қўшниларимизни қўллаб-қувватлаш ҳақида» кетяпти. Энди, Бербокка кўра, Германия ҳаракат қилиши керак.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024