Жаҳон | 12:53 / 11.04.2024
6158
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Украинанинг ракетасозликдаги муваффақиятлари ҳақида маълумот берди

Украинада серияли ишлаб чиқариш бошланди ва янги турдаги ракеталар ишлаб чиқилмоқда, деди Володимир Зеленский. Шунингдек, у тинчлик саммитини ташкил этгани учун Швейцарияга миннатдорчилик билдирди.

Фото: Украина президенти офиси

Украина Россиядан ҳимояланиш учун ракеталар ишлаб чиқаришда муваффақиятга эришди, деди президент Володимир Зеленский 10 апрел, чоршанба куни кечқурун ватандошларига йўллаган анъанавий видеомурожаатида. «Серияли ишлаб чиқариш, янги ракета моделлари. Тафсилотлар очиқ эмас, аммо бизнинг мудофаа саноати керакли натижаларга эга», - дея таъкидлади Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир асосийси, «армия бу натижаларни амалга ошириши» ва ҳарбийлар уларни жанг майдонидаги муваффақиятларга айлантира олиши. Украина президенти Россиянинг Украина шаҳарларига ҳаводан ҳужумлари ва қўшинлари қуруқликда секин олдинга силжишига қарши курашни давом эттиришга чақириб, Киев ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтираётганини таъкидлади.

Швейцарияда Украина бўйича тинчлик саммити

Шу билан бирга, Володимир Зеленский Швейцария президенти Виола Амҳердга 15-16 июн кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Украина бўйича тинчлик саммитини ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди ва у ерда «урушни адолатли тугатиш» лойиҳасини тақдим этишга ваъда берди. Бир кун олдин у Ню-Йоркдаги Reuters NEXT конференциясида видео-алоқа орқали бошқа давлатларнинг тинчлик ташаббусларига очиқ эканини, бироқ Россия билан муросага келиш имкониятини рад этганини айтди.

Аввалроқ Берн Швейцарияда Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш бўйича олий даражадаги тинчлик саммити бўлиб ўтиши ва у Россиянинг тинчлик жараёнидаги иштироки бўйича аниқ йўл харитасини яратишга қаратилганини маълум қилган эди. Москва вакиллари ушбу саммитда бўлмайди, чунки Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, «улар ҳеч нарсага тўсқинлик қилмаслиги керак». Ўз навбатида, Россиянинг Швейцариядаги элчихонаси Россия томони «ҳатто таклифнома олган тақдирда ҳам» буни қабул қилмаслигини билдирди. Шу билан бирга, Украина Хитой раҳбари Си Жинпингни ушбу учрашувга таклиф қилгани маълум. 

Шу пайтгача Киев тинчлик музокараларини бошлашнинг дастлабки шарти сифатида Россия қўшинларини Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқишни талаб қилиб келган. Шу билан бирга, Москва Украинанинг ҳеч бўлмаганда эгаллаб олинган ҳудудларини сақлаб қолишга даъво қилмоқда, деб эслатади dpa агентлиги. 

Швейцариядаги глобал тинчлик саммити 2023 йилда Дания, Саудия Арабистони ва Малтада, шунингдек, 2024 йил 14 январда Давосда бўлиб ўтган Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича тўртта конференцияга ўхшаш форматда ўтказилади. 

Мавзуга оид