Жаҳон | 14:42 / 12.04.2024
8621
7 дақиқада ўқилади

Ғазода издан чиққан таълим, шаштидан қайтаётган Эрон ва Харкивдаги эвакуация — кун дайжести

Дунёда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан анъанавий тарзда таништириб боришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

БМТ болалар фонди — UNICEF маълумотларига кўра, Исроил Фаластиннинг таълим тизимини издан чиқарган.

Фаластинлик болалар Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида чодирлардан ясалган синфларда таълим олишмоқда. Бу ерда Исроилнинг шафқатсиз ҳужумларидан ғазоликларнинг тенг ярми жон сақламоқда.

Уруш бошланганидан сўнг мактабларнинг кўпчилиги Исроил авиазарбаларидан яширинган аҳоли учун бомбалардан паналаш жойига айланган. UNICEF маълумотларига кўра, Ғазодаги мактабларнинг ҳар 10 тасидан 8 таси вайрон қилинган.

Ғазодаги 620 мингдан зиёд мактаб ёшидаги болалар таълим ололмаяпти. Исроилнинг Ғазога нисбатан ҳарбий агрессияси Фаластин таълим тизимини буткул издан чиқарган.

Исроил агрессияси қурбонлари сони 33 минг 545 нафарга етган, деб хабар беради Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги. Ярадор бўлганлар сони 76 минг нафардан ошган.

Сўнгги сутка ичида амалга оширилган оммавий қирғинлар оқибатида ҳалок бўлганлар 63 кишини, ярадорлар 45 кишини ташкил этган. Ғазода очлик ҳам ҳукм сурмоқда. Очликдан ўлганлар сони 34 кишига етган. 

Эроннинг Исроилга зарбаси

АҚШдаги ҳарбий мулозимлар ва уларнинг иттифоқчилари Эроннинг Исроилга зарбаси муқаррар содир бўладиган воқеа деб ҳисоблашмоқда. Зарбалар «Ҳизбуллоҳ» каби проексилар воситасида эмас, тўғридан тўғри ракета зарбаси кўринишида бўлиши мумкин.

Бу эса минтақавий уруш таҳдидини кучайтиради.

Эроннинг Дамашқдаги консулхонасига ракета зарбаси берилгач, Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоминаий Исроилдан ўч олинишини эълон қилгач, АҚШ президенти Жо Байден Исроилни қўллашга ваъда берди.

«Улар бизнинг консуллигимиз ҳудудига ҳужум қилгани мамлакатимиз, ҳудудимизга ҳужум қилганини англатади. Бадкирдор режим албатта жазоланиши керак ва у жазоланади ҳам», — деган эди Хоминаий.

Агар Эрон тўғридан тўғри зарба берса, Исроил албатта жавоб қайтаради. «Агар Эрон ўз ҳудудидан зарба берадиган бўлса, Исроил Эронга зарба бериш билан жавоб қайтаради», — деган Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац.

Эрон эса Исроилга зарба бериш бўйича дастлабки режасидан қайтган ёки уни бир неча ойга кечиктирган кўринади. Бунга сабаб Байденнинг огоҳлантиришлари бўлиши мумкин, деб ёзади яҳудийларнинг Yedioth Ahronoth нашри.

АҚШ Саудия Арабистони, БАА ва Қатар каби араб иттифоқчилари сиймосида Эронга нома жўнатиб, агар Исроилга Эрон ҳудудидан зарба амалга оширилса, Эрондаги барча ҳарбий ва энергетика объектлари қонуний нишонга айланиши тўғрисида огоҳлантириш жўнатган.

Эрон Исроилга жавоб зарбасини бериш фикридан қайтиш шартини маълум қилди. Бунинг учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроил расмийларининг ҳаракатларини қоралаши керак экан.

«Агар БМТ Хавфсизлик Кенгаши «сионистик режим»нинг Дамашқдаги дипломатик биноларимизга нисбатан берилган тажовузкор зарбасини қоралаганида ва кейинчалик айбдорларни жавобгарликка тортганида эди, Эрон томонидан бу сохта режимни жазолаш заруратининг олдини олиш мумкин эди», дейилади Эрон дипломатик миссияси баёнотида. 

Украинадаги уруш

Россия ҳарбий ҳаракатлар давомида талафот кўрган армиясининг сонини нафақат тиклай олган, ҳаттоки уни кўпайтирган. Чақириқ ёшини кўтариб, шартнома асосида хизмат қилувчиларни жалб қилиб, Россия ҳокимияти Украинага янги ҳужум бошлашни режалаштираётган бўлиши мумкин.

Ғарб ҳарбийларининг баҳолашларига кўра, Россиянинг Украинадаги йўқотишлари 300 минг ўлган ва ярадорлардан ошади. «Медиазона» ва «Би-би-си рус хизмати» 49 мингта ҳалок бўлганларни номма-ном аниқлаган.

Шунга қарамасдан, Россия қуролли кучлари сонини биз ўйлаганимиздан тезроқ тиклай олган, деган АҚШнинг Европадаги қуролли кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволи. Унинг сўзларига кўра, Россия армияси айни пайтда Украинага бостириб кирилган вақтга нисбатан 15 фоизга кўпроқ.

Ўтган давр ичида Россия армияси тезда хатолардан сабоқ чиқариш, тактик ва технологик жиҳатдан мослашишни ўрганган ва икки йил муқаддам Украинага бостириб кирган армиядан тубдан фарқ қилади.

11 апрел куни Россия ҳарбийлари Украинанинг бешта ҳудудига ҳужум қилишди. Киев, Харкив, Запорижжя, Одесса ва Лвив областларидаги энергия таъминоти объектлари ракета ҳужумига дучор бўлган.

Айни пайтда Харкив области жуда оғир вазиятда қолган. Бу ерда 200 мингдан зиёд аҳоли электр таъминотидан узилган.

Киев областида Трипил иссиқлик электр станцияси — пойтахтга яқин ҳудуддаги энг йирик электр станциясига зарба берилган. У Киев, Черкасск ва Житомир областларини ток билан таъминлар эди. Ушбу иссиқлик электр станциясига тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган ва унинг вайрон қилиниши блэкаут таҳдидини келтириб чиқарган.

Украина Олий Радаси ҳарбий сафарбарлик тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди. Унда 36 ойлик ҳарбий хизматдан сўнг хизматдан озод қилиш тўғрисидаги норма чиқариб ташланган.

Қонун лойиҳаси кўра, муддатли ҳарбий хизмат ўрнига базавий хизмат жорий этилади. Тинчлик даврида бу 5 ойни, уруш даврида 4 ойни ташкил этади. 24 ёшдан кичик украиналикларга хизматни ўташ йили ва даврини танлаш имконияти берилади. 

Фронт чизиғидаги эвакуациялар

Украинанинг Харкив областида ёш болали оилаларни мажбурий эвакуацияси эълон қилинди.

Фронт чизиғига яқин жойлашган 47 та аҳоли пунктида ёш болали оилалар мажбурий тарзда эвакуация қилинади, деган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Унинг сўзларига кўра, бу қарор ҳозирча Харкив шаҳрига тааллуқли эмас, фақат «Харкив, Богодухов ва Изюм районларининг Россия билан чегарага яқин аҳоли пунктларини қамраб олади».

Синегубовга кўра, эвакуацияга тушган ҳудудларда 182 нафар бола яшайди. Маҳаллий ҳокимият эвакуация йўналиши ва кўчирилганлар вақтинча яшайдиган жойларни аниқлаштириб қўйишган.

Россиянинг Шебекино шаҳрини ҳам 90 фоиз аҳоли тарк этиб бўлган. Белгород областининг Шебекино шаҳри украинлар томонидан ўққа тутила бошлагач, бу ерни тарк этган аҳоли ҳамон нормал ҳаётга қайтмаган.

Forbes нашрининг гувоҳларга таяниб ёзишича, ҳужумлар нафақат тўхтамаган, шунчаки оддий ҳолга айланиб қолган.

Ёзда Шебекино аҳолиси эвакуация қилингач, шаҳардаги 40 минг аҳолидан 2,7 минг нафари қолган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, вазият оғир бўлса-да, одамлар секин-аста шаҳарга қайтишмоқда. Чунки бошқа жойда ижарага уй олиб яшаш учун одамларда пул йўқ. Шебекинодаги турар жойларини сотишнинг эса имкони йўқ. 

Саудларнинг сунъий идрокка инвестицияси

Саудия Арабистони сунъий идрокни ривожлантириш учун 40 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда.

Бу йўлда қиролликда йирик жамғарма ташкил этилмоқда. Ушбу жамғарманинг тузилиши Саудия Арабистонини сунъий идрокка энг йирик инвестиция қилган давлатга ва кучли таъсирга эга геосиёсий ўйинчига айлантиради.

Маблағлар активи 900 млрд доллар бўлган суверен фаровонлик фондидан ажратилиши назарда тутилган.

Мавзуга оид