Ўзбекистон | 15:33 / 12.04.2024
10638
8 дақиқада ўқилади

Мактабларда давомат пасайиши нима билан боғлиқ? – МҲТИ таҳлилларини эълон қилди

Таҳлиллар Ўзбекистонда болаларнинг мактабга боришига уларнинг бетоб бўлиб қолиши, ота-онасига ёрдам бериши, репетиторга бориши каби ҳолатлар тўсқинлик қилганини кўрсатди. Вазиятни ўнглашда педагоглар малакасини ошириш, мактаб инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ота-оналарнинг фарзанд таълимидаги иштирокини ошириш кераклиги муҳим тавсиялардан бири сифатида кўрсатилмоқда. 

Фото: Денис Абрамов

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида давомат билан боғлиқ ҳолатни ўрганди ҳамда ўз таҳлилларини эълон қилди

Дарс қолдириш таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади 

Дастлаб институт яқинда эълон қилинган PISA (Programme for International Student Assessment), яъни ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур натижаларига эътибор қаратган. Унга кўра, дарсларга узоқ муддат қатнашмаслик таълим сифатига салбий таъсир қилади. 

Мисол учун, узоқ вақт давомида дарс қолдирган бошланғич синф ўқувчилари дарсларда мунтазам қатнашган тенгдошларига нисбатан математикадан ўртача 35 балл, ўрта синфдагилар (5-9-синфлар) 41 балл ва юқори синфдагилар (10-11-синфлар) 59 балл паст натижа кўрсатган. 

Қайд этилишича, таҳлил натижалари юқори синфларда давоматнинг паст бўлиши ўқувчиларнинг билим даражаси пасайишига кўпроқ таъсир қилишини исботлаган. 

Мактабларда давоматнинг пасайиш тенденцияси кетяптими? 

e-maktab маълумотларига кўра, 2022 йилда мактаблардаги ўртача давомат 83,6 фоизни ташкил этган, 2023 йилга келиб, 82,5 фоизга тушган. Қайд этилишича, давоматнинг энг паст кўрсаткичлари юқори синф, яъни 10-11-синф ўқувчилари орасида кузатилган, 78,4 фоизни ташкил этган. 

Институт уларнинг ОТМга кириш учун қўшимча дарсларга қатнаши бунинг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. МҲТИ ўтказган сўров натижаларига кўра, 16-17 ёшли фарзанди бўлган ота-оналарнинг 87 фоизи фарзанди қўшимча дарсларга қатнашини билдирган. 

Ҳудудлар бўйича давоматнинг энг паст кўрсаткичлари 57,8 фоиз билан Тошкент шаҳри, 76,9 фоиз билан Жиззах, 75,8 фоиз билан Тошкент ва 79,8 фоиз билан Фарғона вилоятларида кузатилмоқда. Энг юқори кўрсаткичлар эса 89,1 фоиз билан Бухоро, 88,3 фоиз билан Сурхондарё ва 88,2 фоиз билан Қашқадарё вилоятларида бўлган. 

Предметлар кесимида давомат масаласи кўтарилса, бошланғич синф ўқувчилари орасида энг паст кўрсаткичлар ўзбек тили ва математика фанларига тўғри келади. Ўрта синф ўқувчилари орасида ўзбек тили, информатика, адабиёт ва инглиз тили фанлари, юқори синф ўқувчилари орасида ўзбек тили, информатика, алгебра ва инглиз тили фанларида давоматнинг энг паст рақамлари қайд этилган. 

Болалар нима сабаб дарс қолдиряпти? 

Мамлакатнинг 14 та ҳудудида 2 минг нафар ота-оналар иштирокида ўтган сўровномада ўқувчиларнинг дарс қолдиришидаги асосий сабаблар айтиб ўтилган. Унга кўра, респондентларнинг 75,4 фоизи бетоб бўлиб қолиш, 8,9 фоизи ота-онасига ишларда ёрдам бериши, 3,1 фоизи ота-онаси ишга чиқиши кераклиги, 6 ёшгача бўлган болаларга қарайдиган бошқа одам йўқлиги, 1,7 фоизи хусусий ўқитувчи/репетитор билан ўқиши, 1,1 фоизи мактабга бориши учун қўшимча харажатларга маблағ етишмаслиги важлари туфайли фарзанди дарс қолдиришини маълум қилган. Сўровда қатнашган ота-оналарнинг 8,5 фоизи эса фарзанди нима сабабдан дарс қолдирганини билмаслигини билдирган. 

Ота-оналарнинг 76,9 фоизи фарзанди сўнгги бир ой давомида умуман дарс қолдирмаганини билдирган, 15,6 фоизи эса 1-2 кун, 7,4 фоизи 3-4 кун дарс қолдирганини айтган. 

PISA маълумотларига кўра, Ўзбекистонда дарсларни кетма-кет уч ой қолдирган ўқувчилар улуши 18,5 фоизни ташкил этган, PISAʼда иштирок этган мамлакатлар орасидаги ўртача кўрсаткич 10,3 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўғил болалар орасида кўпроқ қизларга нисбатан. 

Бунинг асосий сабаблари сифатида эса бетоб бўлиб қолиш (56,5 фоиз), оила аъзосига ғамхўрлик қилиш (22,7 фоиз), оилавий ишларда ёрдам бериш (17,6 фоиз), мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмаслик (17,4 фоиз), зерикиш (17,4 фоиз), уйга пул олиб келиш учун иш топиш кераклиги (13,2 фоиз), транспорт муаммоси туфайли мактабга бора олмаслик (10,7 фоиз) ва ҳомиладор бўлиб қолиш (7,1 фоиз) кўрсатилган. 

Халқаро тадқиқотларда кўриниб қолган “кўзбўямачилик” 

МҲТИнинг таъкидлашича, ўқувчилар орасида аъло баҳоларга ўқийдиганлар улуши 52,3 фоизни, тўртга ўқийдиганлар 36,4 фоизни, уч баҳога ўқийдиганлар 10,3 фоизни ташкил этади. 

Ҳудудлар кесимида аъло баҳоларга ўқийдиганларнинг юқори улуши Андижон (59,4 фоиз) ва Навоий (57,4 фоиз) вилоятларида кузатилган. Энг паст баҳоларга ўқийдиган ўқувчилар улуши эса Тошкент шаҳри (15,4 фоиз), Фарғона (12,8 фоиз), Сирдарё (12,5 фоиз) ва Хоразм (12,4 фоиз) вилоятларида қайд этилган. 

Институт ўқувчиларнинг ўзлаштириши қийин бўлаётган предметлари математика, технология, ўқиш, чет тили, табиий фанлар ва тасвирий санъат эканини, энг осонлари эса мусиқа, жисмоний тарбия, чизмачилик бўлганини қўшимча қилади. 

e-maktab маълумотларига кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик ўқувчиларнинг 88,7 фоизи аъло ва яхши баҳоларга ўқийди, лекин Халқаро баҳолаш тестлари натижаси бунинг аксини кўрсатган. 2021 йилда ўтказилган халқаро PIRLS тестида маҳаллий ўқувчилар дунёдаги ўртача 500 кўрсаткичидан паст натижа, 437 олган. 

2022 йилда мактабларда 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA тестлари натижасига кўра, ўқувчиларимиз 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида энг охиридан битта олдинги ўринни, 80-ўринни эгаллаган. 

Давоматнинг пастлиги таълим сифати билан боғлиқ 

МҲТИ умумтаълим мактабларида давоматни яхшилаш учун бир қанча тавсияларни таклиф этган.

Унга кўра: 

1.Болалар саломатлигига эътиборни кучайтириш, фарзандини доимий равишда профилактик кўрикдан ўтказувчи ота-оналар учун махсус рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш лозим. Мексикада “Progressa” давлат дастури доирасида фарзандларини доимий равишда тиббий профилактик кўрикдан ўтказган кам таъминланган ота-оналар учун нақд пул кўринишида нафақа берилган. 

2.Юқори синф ўқувчилари орасида (10-11-синф) йил давомида дарсларни қолдирмаган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун махсус жамғарма дастурини жорий этиш керак. Дастур доирасида дарсларни қолдирмаган ўқувчиларга муайян миқдорда стипендия тўланади ва ушбу маблағлар ўқувчининг банкдаги ҳисобрақамида сақланади. Тўпланган маблағларни олий ўқув юртлари шартномаларини тўлашга, уй-жой сотиб олишга ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашга сарфлаш мумкин бўлади. Бу ўз навбатида ўқишни ташлаб меҳнат бозорига чиқиб кетиш ва эрта ҳомиладорликнинг олдини олишга хизмат қилади. 

3.Фарзанди беш кун ва ундан кўп вақт давомида сабабсиз дарсларни қолдирган ўқувчиларнинг ота-оналарини жаримага тортиш тизимини жорий этиш. Жарима миқдорини БҲМнинг ярми миқдорида белгилаш тавсия этилади. Тўпланган маблағ мактабларни таъмирлаш ва инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади. Буюк Британияда фарзандини сабабсиз беш кун давомида мактабга юбормаган ота-оналар 80 фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилади. 

4. Юқори синф ўқувчилари орасида ўқув юкламасини пасайтириш йўлларини кўриб чиқиш керак. 

5. Вирус мавсумларида болаларни вирусга қарши эмлашни кенгайтириш керак. 

6. Мактабларда таълим сифатини ошириш зарур. Бунинг учун эса педагог ходимлар малакасини ошириш, мактаб инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ота-оналарнинг фарзанд таълимидаги иштирокини ошириш кераклиги қайд этилади. Бу борада ота-оналар мажлисида сабабсиз иштирок этмаганларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳам тавсия қилинган. 

Қўшимча қилинишича, PISAʼда иштирок этган ўқитувчиларнинг бор-йўғи 24,6 фоизи халқаро ва унга тенглаштирилган маҳаллий сертификатга эга. Ўзбекистон PISAʼда иштирок этган давлатлар орасида бу кўрсаткич бўйича охиридан битта олдинги ўринни эгаллаган. 

Шунингдек, 2022 йилда 294,1 минг нафар ўқитувчини аттестациядан ўтказиш жараёнида уларнинг 7 фоизи , яъни 20 минг 300 нафари ўқитувчилик лавозимига лойиқ эмаслиги аниқланган. 

Қолаверса, МҲТИ умумтаълим мактабларининг 35,8 фоизида ошхона ёки буфет, 5 фоизида кутубхона, 21 фоизида спорт зали йўқлигини, бор-йўғи 30 фоизи канализацияга эгалигини эслатган.

Мавзуга оид