Жаҳон | 20:26 / 13.04.2024
6827
2 дақиқада ўқилади

АҚШ собиқ элчиси Куба фойдасига 40 йил жосуслик қилгани учун 15 йилга қамалди

Адлия вазирлиги буни АҚШ ҳукуматига нисбатан энг катта кўламли ва узоқ давом этган жосусликлардан бири деб атади.

Мануэл Роша Фото: AP

Боливиядаги АҚШ собиқ элчиси Виктор Мануэл Роша Куба фойдасига йиллар давомида жосуслик қилгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Роша Куба ҳукумати манфаатларини илгари суриш учун ишлаганликда айбланди.

2000 йилдан 2002 йилгача ушбу лавозимда ишлаган 73 ёшли элчи ноқонуний хорижий агент сифатида фаолият юритганлик учун иккита айбловни, жумладан, тергов билан келишув доирасида Куба разведкаси билан ўзаро алоқаларини тан олди. Бироқ, АҚШ расмийларининг айтишича, улар Рошанинг Куба билан ҳамкорлиги кўламини ҳеч қачон тўлиқ билмаслиги мумкин.

Иш материалларига кўра, Роша ўзи учун махфий маълумотларга эга бўлиш ва АҚШ ташқи сиёсатига таъсир ўтказиш имкониятини берадиган лавозимларни қидирган. Шундай қилиб, Роша 1981 йилдан 2002 йилгача Давлат департаментида ишлаган, шу жумладан 1994 йилдан 1995 йилгача Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида.

Собиқ элчи яширинча Кубанинг ҳукмрон Коммунистик партиясини қўллаб-қувватлаган ва қирқ йилдан ортиқ вақт давомида Вашингтонга қарши разведка маълумотларини йиғишга ёрдам берган, деди прокурорлар. Адлия вазирлиги буни АҚШ ҳукуматига нисбатан энг катта кўламли ва узоқ давом этган жосусликлардан бири деб атади.

Роша 2022 ва 2023 йилларда ФҚБ ҳимоя остидаги махфий агенти билан учрашувларда ўзини фош этмаслик қобилияти билан мақтанган ва шу тарзда ошкор бўлган.

Мавзуга оид